Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева гриппга қарши вакцина олиш мумкин бўлмаган ҳолатлар ва COVID-19 оқибатида пневмонияга чалиниб тузалганларга уни олиш мумкинлиги борасида маълумот берган.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, қуйидаги касалликлар гуруҳига кирувчиларни гриппга қарши вакцина билан эмлаш мумкин эмас:

  •  ОИТС касаллигининг турли босқичлари: авж олган ёки сурункали ҳолатларида;
  • Вакцина таркибидаги адювант, яъни вакцина ишлаб чиқилган асосий восита ва қўшимчаларига нисбатан аллергик ҳолат;
  • Болаларда миянинг органик қисмида ўзгариш келтириб чиқарувчи неврологик касалликларнинг зўрайиб бориши даври;
  • Барча соматик касалликлар авж олиш даври (тана ҳарорати 38 даражадан кўтарилиши, диарея, ич кетиш, қусиш, тутқаноқлар, қон босими кўтарилиши ёки тушиши, кучли оғриқ синдромида ва ҳоказо) ўтиб кетганидан кейин шифокор кўригидан ўтиб, соғлом, деб ташхис қўйилганида, тиббиёт муассасасида шифокор-иммунолог, педиатр ёки терапевт назорати остида эмланиш керак.

Шунингдек, COVID-19 билан касалланиб тузалган беморларга гриппга қарши вакцина қилиш мумкинлиги айтилди. Бундай беморлар пневмонияни ўтказган бўлса-да, ҳозирги кунда саломатликлари яхши бўлса, шифокорга ёки эмлаш марказларига мурожаат қилиб ўз саломатликларини ўрганган ҳолда куз—қиш мавсумида гриппнинг келадиган штаммларидан маълум даражада ҳимояланиши мумкин. Вакцина гриппдан тўлиқ ҳимоя қилмаса ҳам, касалликнинг енгил кечишига ёрдам бериши таъкидланди.

Маълумот учун, гриппга қарши вакцина ушбу касалликнинг ҳар йили учраши мумкин бўлган штаммларига қарши ишлаб чиқилади ва йилда бир марта эмлаш ўтказилади. Вакцина инсон организмига кирганида айнан гриппнинг шу штаммларига қарши иммунитет ҳосил қилишга ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова гриппга қарши вакцина олиш даражасининг ортиши куз—қиш мавсумида аҳоли орасида нафас йўли касалликлари ва COVID-19 пандемияси пайтида соғлиқни сақлаш тизимига бўлаётган зўриқишни камайтиришини билдиргани, Ўзбекистонда 1 миллиондан ортиқ контингент гриппга қарши бепул эмланиши, грипп ва пневмонияга қарши эмлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳукуматга тақдим этилгани, сентябрь ойидан эмлаш ишлари бошланиши ҳақида ҳам хабарлар берилган.