Коронавирус юқиши ҳолатлари ортиб бирор нуқтага етгач, яна қатъий карантин киритиладими-йўқми, дея тортишиб турган вақтимизда чекловлар ёппасига бекор қилина бошлади. Март ойида киритилган чекловлар бекор қилиниши ҳафтанинг энг асосий воқеаларидан бўлди.

Дайжестимизни «пулли» хабардан бошлаймиз. Швейцария Гулнора Каримовага тааллуқли бўлган ҳисоб-рақамлардаги маблағлардан 131 миллион долларга тенг активларни маълум шартлар билан Ўзбекистонга қайтаришга розилик берди. Швейцария ҳукумати баёнотида айтилишича, Ўзбекистон қайтарилган активларни аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, барқарор ривожланиш лойиҳаларига сарфлаши керак. Бундан ташқари, ушбу маблағлар харажати устидан шаффоф мониторинг ўрнатилиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, Гулнора Каримова ва у ташкил этган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни 2020 йил 18 март куни ниҳоясига етган бўлиб, у 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Олдин кўрилган жиноий ишлар, шунингдек, сўнгги жиноий иш доирасида етказилган зарар миқдори 3,8 триллион сўм ва 165 миллион долларни ташкил этганди.

* * *

Чактабарти фамилияси миллий ОАВларимизда тез-тез тилга олина бошлади, аммо гап киноактёр Митхун Чакраборти ҳақида эмас. Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ президенти Сума Чакрабарти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланадиган бўлди.

Сума Чакрабарти.

Фото: EBRD

2012—2020 йиллар давомида Европа тараққиёт ва тикланиш банки президенти этиб сайланган Чакрабарти асли ҳиндистонлик, ёши 61 да. Сума ўрта таълимни Лондон мактабида, бакалавр даражасини Оксфордда, магистратурани эса Сассекс университетида олган. У сал олдинроқ Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича штатдан ташқари маслаҳатчиси бўлган эди. Июль ойида Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг собиқ президенти Сума Чакрабартини «Дўстлик» ордени билан мукофотлаган эди.

* * *

Гарчи расмий хабарларга ишонувчилар сони «қизил китоб» сари одимлаётган бўлса-да, коронавирус юқтиришлар сонини эслатиб ўтамиз: бу ҳафтада юқтиришлар сони 400-450 нафар орасида бўлди. Афсуски, коронавируснинг энг ёш қурбонининг ҳам гувоҳи бўлдик. Бўстонлиқда яшовчи 11 яшар болани коронавирус олиб кетди. Шунингдек, бу ҳафта Фарғона вилояти ҳокимининг акаси, шифокор Аваз Ғаниев, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов, бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев коронавирусдан вафот этди. Шунингдек, Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахонов, Хонобод шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев, Пахтаобод тумани ҳокими Маҳмуджон Бозоров ва Олтинкўл тумани ҳокими Назиржон Ўринбоев айни пайтда пневмониядан даволанмоқда.

Ўзбекистондаги мактабларнинг тўртдан бир қисми очилди. Ўқитувчилар пайдар-пай тестдан ўтказилмоқда. Афсуски, юзлаб таълим ходимларида коронавирус аниқланяпти. Аммо уларнинг кўпи расмий статистикага киритилмаяпти (бу ҳақдаги батафсил мақоламизни ўқинг). Буёқда эса Президент «ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкин»лигидан огоҳлантиряпти. Дарҳақиқат, ғалати ҳолат.

Дарвоқе, ҳафтамизнинг энг муҳим воқеаларидан бири аксар карантин чекловлари бекор қилинди. 2020 йил 1 октябрдан мавжуд карантин ва санитария-гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда Ўзбекистон Республикасига авиация, темир йўл ва автойўл ўтказиш пунктлари орқали кириб-чиқишга рухсат берилади. Барча турдаги халқаро қатновлар (авиа, темир йўл, автобус қатновлари) сонини кўпайтириш бўйича топшириқ берилди. Ўзбекистонга келувчи шахсларни қабул қилишнинг янги тартиби жорий этилади. «Яшил» давлатлардан келган меҳмонлар тўғри Ўзбекистонга кириб келаверади. «Сариқ» ва «қизил» давлатлардан келганлар эса сўнгги 72 соат давомидаги коронавирусга ПЗР тести манфий натижалари тўғрисида маълумотнома тақдим этган ҳолда Ўзбекистон ҳудудига киритилади. Шунингдек, халқаро туризмга қўйилган чекловлар ҳам октябрдан бекор бўлади.

Ярим йил давомида устимиздан суюқлик сепган дезинфексион туннеллар энди тақиқланди. Унинг ўрнига корхона, ташкилот, муассаса, жамоат жойлари, бино ва иншоотларга кириш қисмида тери учун антисептик эритмалари бўлган санитайзер-диспансер қурилмалари ўрнатилади. Дезинфексион туннеллар самарасизми, унга сарфланган маблағ энди нима бўлади? Мутахассиснинг айтишича, дезинфексион туннеллар АҚШ, Россия, Франция сингари кўплаб давлатлар қаторида Ўзбекистонда ҳам узоқ муддат давомида қўлланиб келинди. Ҳозир ҳам баъзи давлатларда, хусусан, Италия, Сингапур, Малайзияда ҳам дезинфексион туннеллардан фойдаланишга рухсат берилган. Улардан фойдаланмаслик қарорига ЖССТ тавсияси асосида келинган.

Хўш, карантин чораларини такроран кучайтирилиши мумкинми? Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, республика бош санитария инспектори Нурмат Отабеков 18 сентябрь куни бунга асос бўладиган сабаб йўқ, деб айтди.

* * *

«Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» деган ёрлиқ ёпиштирилган мураккаб ускунани ясаганларга қарата «Яшавор, Василий», деб хитоб қилишга ҳам иккиланиб қолдик. Боиси бу ҳафта баҳсларга сабаб бўлган Great Kokand кислород концентраторларидир.

«Озодлик» радиоси тарқатган хабарга кўра, Қўқон эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқарилганлиги иддао қилинаётган концентраторлар асли Хитойдан келтирилиб, Great Kokand ёзуви ёпиштирилган холос. Уни асли Beijing Shenlu Medical Device Co. Ltd компанияси ясаб, мижоз хоҳишига кўра унинг ёрлиғини ҳам ёпиштириб беради.

Great Kokand.

Фото: Telegram

Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Қўқон ЭИЗ раҳбарияти бу хабарга эътироз билдирди. Уларнинг айтишича, «Грэйт Қўқон» МЧЖ кислород концентраторини Хитойдан тўлиқ сотиб олиб келмаган, балки MIC Medical Co. Ltd компанияси билан имзоланган шартномага кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган концентраторнинг 40 фоиз қисми (кислородни ажратувчи фильтрлар, сенсорли бошқарув тизими ва компрессор) Хитойдан импорт қилинаётгани, сўнгра «Қўқон» ЭИЗда йиғилмоқда. Концентраторнинг 60 фоиз қисми (корпуслар, турли ўлчамдаги электр узатиш кабеллари, ҳаво узатувчи шланглар, ўчириб ёқиш қурилмалари, сув қуйиш идиши ва турли ўлчамдаги болт ва шуруплар, қадоқлаш қутиси ва пена) эса кооперация усулида Ўзбекистонда ишлаб чиқариш корхоналаридан сотиб олиб йиғилмоқда.

* * *

Ўзбекистонда ўқув юртлари сони кўпаймоқда. Тошкентда электроника ва электротехника соҳасида мустақил ўқув юрти ташкил этилади. Кореянинг Илғор технологиялар институти (KAIST), Токио Илғор технологиялар институти (Япония), «Наньянг» технология университети (Сингапур), «Синьхуа» университети (Хитой) вакиллари билан музокаралар ўтказилади.

Шунингдек, Урганчда Малайзиянинг Binary университети филиали ташкил этилиши ҳақида икки кун муқаддам хабар қилинди. Филиал нодавлат олий таълим ташкилоти бўлиб, ўқиш инглиз, рус ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Филиалда бакалавриатнинг кундузги ва сиртқи таълим шакллари ҳамда магистратура бўйича кадрлар тайёрланади. Binary университети дипломи Малайзияда ҳам тан олинади.

Minerva World of Knowledge.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Бу ҳафта Тошкент шаҳрининг Сергели туманида Minerva World of Knowledge халқаро университетининг тамал тоши қўйилди. Асосий бино 2021 йилнинг сентябрь ойида қуриб битказилади ва кейинги беш йил давомида бошқа кампуслар, спорт мажмуаси, кутубхона ва талабалар турар жойлари бунёд этилади. 500 миллион долларлик ушбу лойиҳа Ҳиндистон билан ҳамкорликда бажарилмоқда.

«Дарё»да қолинг ва энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг. Карантин талабларига риоя қилинг.