Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева АОКА ҳузуридаги штабда ташкил этилган брифингда коронавирус инфекцияси билан жамоат ҳожатхоналари ёки лифтда ҳам зарарланиш мумкинми, деган саволга аниқлик киритиб ўтган.

Бугунги кунда карантин чоралари юмшатилгач, аҳоли кўп тўпланадиган жойларда коронавирус билан касалланиш хавфи ортади. Имкон қадар аҳоли тўпланган жойга бормасликка, бегоналар билан мулоқот қилмасликка ҳаракат қилинг. Ҳожатхона ёки лифтларда 3-4 кишидан ортиқ одам борлигини кўрсангиз, уларнинг сони камайгунча ижтимоий масофа сақланг. Агар имкониятингиз бўлса ва саломатлигингиз кўтарса, кўп одам тўпланган лифтда эмас, балки зинадан фойдаланинг. Вирус турли юзалар ва ҳаво айланмасида 2-3 соатдан 8-12 соатгача турли ҳароратларда сақланиб қолиши аллақачон тасдиқланган.

Бундан ташқари, доимий тозалаш ишлари олиб бориш, барча юзаларга дезинфекцияловчи эритмалар билан ишлов бериш, айниқса, жамоат ҳожатхоналари эшик тутқичлари ёки лифтларни дезинфекциялаш талаб этилади. Шунингдек, жамоат ҳожатхоналари ёки лифт хизматларидан фойдаланганда ҳар бир фуқаро кириш ва чиқишдан олдин қўлларини совун билан яхшилаб ювиши ёки антисептик воситалари билан ишлов бериши шарт. Ниқобни мунтазам тақиб юриш, жамоат жойларига киришда бир марталик қўлқоп кийиш ва чиқаётганда ечиш лозим. Фойдаланилган қўлқоп ахлат қутисига ташланиши керак.

Севара Убайдуллаева, Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 19 сентябрь соат 23:00 дан 20 сентябрь соат 23:00 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 648 та ҳолат қайд этилди. Бу сўнгги 10 кун ичидаги энг юқори кўрсаткич. Кетма-кет учинчи кун касалланганлар сони 600 нафардан юқори бўлмоқда. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 51640 нафарга етди. Коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 1,25 фоизи 20 сентябрга тўғри келди.