COVID-19 касаллигини ўтказган баъзи беморлар организмидаги қон таркибида 90 кунгача вирус айланиб юриши тасдиқланган. Айни даврда инсон вирус тарқатувчи бўлиб юриши ҳақидаги маълумотлар тўлиқ тасдиқланмаган. Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева АОКА ҳузуридаги штабда ташкил этилган брифингда маълум қилди.

Бу даврда инсон тарқатувчи сифатида бўлиб юриши ҳақида бир неча олимлар ёзмоқда, лекин айни маълумотлар тўлиқ тасдиқланмаган. Лекин касалликни ўрта оғир, оғир ва ўта оғир ўтказган беморлар бир ой ва ундан кўп муддат жараённи бошдан кечирмоқда, бу инсон организмига тушган вирус юкламаси, унга нисбатан организмнинг жавоб реакцияларига ҳам боғлиқ. Бугунги кунда вирусни тарқатувчанлиги, касалликнинг организмда келтириб чиқарувчи аломатлари, организмнинг жавоб реакцияси, касаллик асоратланиши ва реабилитация жараёни бўйича шифокор ва олимлар доимий равишда изланишлар олиб бормоқда. Бу эса яна бир бор, касалланган беморларни алоҳидаланиши, яқинлари, фарзандлари ва ота-оналари билан бориш-келишни камайтиришлари, умуман, уйдан ташқарига чиқишни чеклашлари кераклигини билдиради.

Севара Убайдуллаева, Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси

Аввалроқ Ўзбекистонда пандемия бошланганидан буён коронавирусга чалинганларнинг қайта касалланиши ҳолатлари кузатилмагани, коронавирусдан тузалган беморларда 3 ойгача антитаналар сақланиб қолиниши айтилган эди. Эслатиб ўтамиз, Санитария-эпидемиология назорати инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков вирусли касалликлар, айниқса, респиратор касалликлар билан оғриган одамларда ҳосил бўлган иммун тизими орттирилган иммунитет ҳисобига ушбу касаллик билан қайта касалланишга йўл қўймаслигини таъкидлаган.  Шунингдек, Махсус комиссия томонидан керакли шароитларга эга бўлган хусусий секторда фаолият кўрсатувчи лабораторияларга ҳам коронавирусни аниқловчи полимераз занжир реакцияси (ПЗР), иммунофермент таҳлил (ИФА) ва ИХЛА таҳлилларини ўтказиш ҳуқуқи берилгани қайд этилган.