Ўзбекистон 8 ойда қиймати 5,8 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган олтин сотган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига 147,2 фоизни ташкил этиб, 1,8 миллиард АҚШ долларига кўп, дея хабар бермоқда Давлат статистика қўмитаси.

Фото: Fortune

Олтин экспорти 2020 йил январь–август ойларидаги жами экспорт улушининг 50 фоизини ташкил этмоқда.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон жаҳоннинг 160 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда.

Ўтган саккиз ой мобайнида республиканинг ташқи савдо айланмаси 24,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 миллиард АҚШ долларига камайган.

Ташқи савдо айланмасида экспорт 11,6 миллиард АҚШ доллари, импорт ҳажми 12,9 миллиард АҚШ долларига тенг бўлиб, ташқи савдо айланмаси салдоси -1,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

Аввал Ўзбекистон 2020 йилнинг июль ойида олтин сотиш бўйича дунёда етакчига айлангани хабар қилинганди.