Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2020 йилнинг январь—август ойлари якуни бўйича (ТСА) 24,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 3,5 миллиард АҚШ долларига ёки 12,7 фоизга камайди, дея хабар бермоқда Давлат статистика қўмитаси.

Қайд этилишича, Ўзбекистон жаҳоннинг 160 дан ортиқ мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. ТСАнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси Хитойда (16,4 фоиз), Россияда (14,6 фоиз), Қозоғистонда (7,2 фоиз), Кореяда (5,9 фоиз), Туркияда (5,0 фоиз), Қирғизистонда (2,3 фоиз) ва Германияда (2,0 фоиз) қайд этилган.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор-давлатлар орасидан бешта давлатда фаол ташқи савдо баланси кузатилган, хусусан, Афғонистон (461,8 миллион АҚШ доллари), Қирғизистон (394,5 миллион АҚШ доллари), Тожикистон (193,1 миллион АҚШ доллари) ва Эрон (39,6 миллион АҚШ доллари) шулар жумласидан. Қолган 16 та давлатлар билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда.

2020 йилнинг январь–август ойларида, ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши 29,9 фоизни ташкил этиб, ташқи савдо айланмасидаги 2018 йилга нисбатан улуши 8,7 фоизга камайган.

Бошқа хорижий давлатлар билан ТСА 2020 йилнинг январь–август ойларида 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 8,7 фоизга кўпайди ва жами ТСАдаги улуши 70,1 фоизни ташкил этди.

Аввалроқ Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистон 8 ойда қанча олтин сотгани ҳақида маълумот берганди.