Ўзбекистонда 20 сентябрь соат 23:00 дан 21 сентябрь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 619 та ҳолат қайд этилди. Кетма-кет тўртинчи кун касалланганлар сони 600 нафардан юқори бўлмоқда. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 52259 нафарга етди. Коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 1,18 фоизи 21 сентябрга тўғри келди.

ССВ ҳисоби бўйича 438, «Дарё» ҳисоби бўйича 457 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 619 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 314 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 131 нафар;
  • Наманган вилоятида — 115 нафар;
  • Андижон вилоятида — 20 нафар;
  • Жиззах вилоятида — 12 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 8 нафар;
  • Бухоро вилоятида — 8 нафар;
  • Навоий вилоятида — 7 нафар;
  • Фарғона вилоятида — 4 нафар.

Кун давомида 9 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. 28 август куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кунига ўртача 370 нафар янги бемор аниқланиши карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда назорат кўрсаткичи бўлишини қайд этганди. Президент ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди. Охирги 14 кунда кунлик касалланиш ҳолатлари назорат кўрсаткичидан баланд бўлмоқда.

Тошкент шаҳрида 314 кишида коронавирус аниқланди. Тошкентда сентябрь ойида энг кам касаллик аниқланган кунда 109 та (3 сентябрь), энг кўп касаллик аниқланган кунда 510 та (11 сентябрь) янги ҳолат рўйхатга олинди. Сентябрнинг 21 кунида Тошкентда касалланганлар сони 6157 нафарга кўпайди. Ҳозирда Тошкентда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 31709 нафарга етди. Пойтахтдаги барча касалланиш ҳолатларининг 19,4 фоизи сентябрга тўғри келди.

Тошкент вилоятида 10 сентябрь куни 186 кишида COVID-19 аниқланганидан сўнг кунлик касалланиш ҳолатлари пасайиб келаётганди: 11 сентябрда 182, 12 сентябрда 162, 13 сентябрда 143, 14 сентябрда 130, 15 сентябрда 128, 16 сентябрда 126, 17 сентябрда 125, 18 сентябрда 123, 19 сентябрда 122 ва 20 сентябрда 121 кишида коронавирус қайд этилди. 10 кунлик пасайишдан сўнг 21 сентябрга келиб касалланганлар сони кўпайишни бошлади ва 131 кишида COVID-19 аниқланди. Сентябрнинг ўзида Тошкент вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 2556 нафарга кўпайиб, умумий касалланганлар сони 9761 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 18,6 фоизига тенгдир.

Наманган вилоятида 115 кишида коронавирус қайд этилди. Бу вилоят учун антирекорд ҳисобланади. Аввалги антирекорд 17 сентябрда ўрнатилган ва ўша куни 94 кишида COVID-19 аниқланганди. Сентябрь ойининг 17 кунида Наманганда янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Бу кунларда Наманган вилоятида коронавирусга чалинганлар сони 551 кишига кўпайди. Бу Жиззах, Фарғона, Қорақалпоғистон ва Навоийда қайд этилган ҳолатлардан ҳам кўп деганидир. Вилоятда касалланганлар сони 1460 нафарга етди. Наманган вилояти коронавирусга чалинганлар сони бўйича Андижондан ҳам ўтиб кетди. Наманган вилояти 14 сентябрда Қашқадарёни, 16 сентябрда Бухорони ортда қолдирганди.

Андижон вилоятида 20 кишида COVID-19 қайд этилди. Вилоятда 3 сентябрдан буён узлуксиз равишда касалланиш ҳолатлари қайд этилмоқда. Ушбу 19 кун ичида вилоятда коронавирусга чалинганлар сони 236 нафарга кўпайди. Бу Жиззах вилоятида бутун эпидемия мавсумида қайд этилган касалланиш ҳолатларидан ҳам кўп деганидир. Андижонда касалланганларнинг умумий сони 1446 нафарга етди. Андижон вилояти коронавирусга чалинганлар сони бўйича 5-ўринга тушиб қолди.

Жиззах вилоятида 12 кишида коронавирус қайд этилди. Сентябрнинг 4 кунида вилоятда янги беморлар рўйхатга олинди. Бу кунларда касалланганлар сони 46 нафарга кўпайиб, 201 нафарга етди. Жиззах коронавирусга чалинганлар сони 200 нафардан ошган энг охирги вилоят бўлди.

Қорақалпоғистон Республикасида 8 кишида коронавирус аниқланди. Республикада охирги 34 кун ичида 18 марта янги касалланиш ҳолатлари рўйхатга олинган бўлса, бу кунларда бирон марта янги беморлар сони 8 нафардан ошмади. Қорақалпоғистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 497 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича касалликка чалинганларнинг 0,95 фоизига тенг деганидир.

Бухоро вилоятида 8 кишида коронавирус қайд этилди. ССВ маълумотлари бўйича, сентябрь ойида вилоятда касалликка чалинганлар сони 87 нафарга кўпайди. Аммо 13 сентябрь куни ўтказилган брифингда Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоева вилоятда 239 нафар ўқитувчи ва мактаб ходими коронавирусга чалинганини маълум қилганди. Вилоят ҳокими ўринбосари Мирали Ҳамроев эса бу хабарни рад этиб, мактаб ходимларининг тести бирламчи эканлиги, улардан қайта тест олинишини билдирганди. Ҳозирда Бухорода коронавирусга чалинганлар сони расман 1133 нафарни ташкил этмоқда.

Навоий вилоятида 7 кишида коронавирус аниқланди. ССВ жадвали бўйича вилоятда сентябрда коронавирусга чалинганлар сони атиги 31 кишига кўпайди ва 537 нафарга етди. Бу Ўзбекистон бўйича COVID-19 ташхиси қўйилганларнинг 1,03 фоизига тенг деганидир.

Фарғона вилоятида 4 кишида COVID-19 аниқланди. Сентябрь ойида вилоятда 14 кунда янги касалланганлар рўйхатга олинди. Ой давомида Фарғонада коронавирусга чалинганлар сони 51 кишига кўпайди. Фарғонадаги жами касалланганлар сони 379 нафарни ташкил этмоқда. Бу Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганларнинг 0,72 фоизига тенгдир.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшаган 65 ёшли З.Ч. исмли аёл вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 46 ёшли Ҳ.И. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкент шаҳрида яшаган 62 ёшли Х.Ш. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Тошкент шаҳрида яшаган 31 ёшли С.Б. исмли эркак вафот этган.

Бешинчи ўлим. ССВ 21 сентябрь 23:30 даги ахборотида COVID-19 оқибатида вафот этган бир киши ҳақида хабар берди. «1 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди», — дейилади ССВ ахборотида. Вазирлик вафот этган шахснинг на ёшига, на исм-шарифининг бош ҳарфига, на жинсига, на қайси ҳудуддан эканлигига аниқлик киритган. Бироқ кун якунлари бўйича эълон қилинган жадвалда Тошкент вилоятида вафот этган беморлар сони бир кун ичида 1 нафарга кўпайганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, ССВ 3 эркак ва 2 аёлнинг ўлими ҳақида хабар берган. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, Тошкент вилоятида яшовчи аёл киши коронавирус асоратлари оқибатида вафот этган.

Олтинчи ўлим. 5 сентябрь куни Хоразм вилоят 1-сон клиник шифохонаси шифокори Бахтиёр Қиличев 66 ёшида вафот этгани тўғрисида хабар берилганди. Унда беморнинг ўлимига коронавирус асоратлар сабаб бўлгани ҳақида ёзилган. 15 сентябрь куни Хоразм вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли карантин шифохонасидан олинган касаллик тарихи маълумотларига таяниб, марҳумда коронавирус инфекцияси тасдиқланмаганини маълум қилди.

Фото: «Gazeta.uz»

«Gazeta.uz» нашри билан суҳбатлашган марҳумнинг рафиқаси Санобар Жуманиёзова (терапевт) ва унинг ҳамкасблари ушбу баёнотга қўшилмаган. Улар лаборатория таҳлиллари ва текширувларга асосланиб, Қиличевнинг ўлимига айнан коронавирус асоратлар сабаб бўлганини тасдиқламоқда.

Еттинчи ўлим. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг Биринчи бўлим масъул ходими Шуҳрат Расулов вафот этди. Бу ҳақда вазирлик томонидан маълум қилинди.

Шуҳрат Расулов, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг Биринчи бўлим масъул ходими

Фото: Халқ таълими вазирлиги

«Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги жамоаси Биринчи бўлим масъул ходими Шуҳрат Воҳитович Расуловнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзоларига, яқинларига ва дўстларига таъзия изҳор қилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Вазирлик 1962 йилда туғилган 58 ёшли Шуҳрат Расулов сўнгги вақтларда коронавирус инфекциясидан шифохонада даволанаётганини маълум қилган, бироқ кейинроқ хабардан мазкур жумлани ўчириб ташлаган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 438 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач вафот этганлар сони 457 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ томонидан коронавирус қурбони бўлгани «тан олинмаганлар»:

Шунингдек, бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев Германияда вафот этган бўлса-да, Соғлиқни сақлаш вазирлиги уни Тошкент шаҳрида вафот этганлар рўйхатига қўшди. Ўктам Барноев Ўзбекистонда вафот этмагани учун «Дарё» уни коронавирус қурбонлари сафига киритмасликка қарор қилди.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди. Қашқадарёда яна бир тиббиёт ходими, хусусий клиника бош шифокори Тўрақул Холиқов 65 ёшида вафот этди. «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган хусусий клиника масъулларининг таъкидлашича, Тўрақул Холиқов сўнгги бир ой давомида коронавирус касаллигидан даволаниб келган. 16 сентябрь куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов 44 ёшда вафот этди. «Дарё» манбалари унинг коронавирусдан даволанаётган бўлганини маълум қилди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 3215 нафар бемордан 536 нафари оғир, 283 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони бир кун олдин 802 нафарни ташкил этаётганди, энди эса 819 нафарга етди. Бу сўнгги 36 кун ичидаги энг юқори кўрсаткич. Ҳозирда даволанишни давом эттираётганларнинг 25,4 фоизининг аҳволи оғир бўлиб турибди. Бошқача айтганда, даволанишни давом эттираётган ҳар тўртинчи бемор оғир аҳволда.

Касалликдан даволаниш

21 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 8 та ҳудудида 674 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Бу сўнгги 24 кун ичида энг кўп бемор соғайган кун бўлди. Шунингдек, сентябрь ойида тўққизинчи марта кунлик соғайиш кўрсаткичи янги касалланиш ҳолатларидан ортиқ бўлди.

Янги тузалганларнинг

  • 396 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 130 нафари Тошкент вилоятида;
  • 85 нафари Наманган вилоятида;
  • 30 нафари Жиззах вилоятида;
  • 18 нафари Андижон вилоятида;
  • 7 нафари Бухоро вилоятида;
  • 4 нафари Қорақалпоғистон Республикасида;
  • 4 нафари Фарғона вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 52 259 нафар бемордан 48 606 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 93 фоизни ташкил этмоқда5—9 сентябрь кунлари даволаниш кўрсаткичи пандемия даврида илк марта 94 фоизга чиққанди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 3215 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. Кетма-кет учинчи кун даволанишни давом эттираётганлар сони камаймоқда. Аммо 7 сентябрда даволанаётган беморлар сони 2027 нафаргача тушганди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 2037 нафар. Фарғонада 12, Жиззахда 18, Навоийда 23, Қорақалпоғистонда 26, Сурхондарёда 29, Бухорода 37, Хоразмда 40, Сирдарёда 44, Қашқадарёда 58, Андижонда 110, Самарқандда 139, Наманганда 158 ва Тошкент вилоятида 484 нафар бемор қолди.