Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Google Images

Қарор лойиҳасида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилиши кўзда тутилган.

Қуйидагилар:

  • 2021 йил 1 июлдан 2022 йил якунигача бўлган муддатда Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси тизимини тажриба-синов тариқасида жорий этиш концепцияси;
  • 2021 йил 1 июлдан 2022 йил якунигача бўлган муддатда Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси тизимини тажриба-синов тариқасида жорий этиш концепциясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси;
  • Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси тўғрисидаги вақтинчалик низом;
  • Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи аппаратининг вақтинчалик тузилмаси;
  • Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Кузатув кенгашининг таркиби тасдиқланади

Масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига концепция ва уни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасининг лозим даражада бажарилишини таъминлаш юзасидан шахсий масъулият юкланади.

Жамғарманинг ижро этувчи директорига:

  • зарур ҳолларда, Жамғарма ижро этувчи аппаратининг вақтинчалик тузилмасига бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ўзгартиришлар киритиш;
  • Жамғарманинг ижро этувчи аппарати ходимларига Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ходимларини рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан эгаллаб турган асосий лавозимлари бўйича лавозим маошларига устама ва бошқа рағбатлантириш тўловларини белгилаш ҳуқуқи берилади.

Жамғарманинг Кузатув кенгаши (Б.А.Мусаев):

  • 2020 йил 1 декабрга қадар давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмини аниқлаш методологияси ишлаб чиқилишини;
  • 2021 йил 1 мартга қадар давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмига киритилган тиббий хизматлар учун тўловларни жон бошига молиялаштириш, «даволанган ҳолат» ва бажарилган ишлар натижалари бўйича амалга ошириш механизми ишлаб чиқилишини;
  • 2021 йил 1 июнга қадар давлат тиббий суғуртасининг ягона ахборот тизими ҳамда маълумотлар базаси яратилиши ва тажриба-синов тариқасида жорий этиш учун тўлиқ ишга туширилишини;
  • 2021 йил 15 июнга қадар давлат тиббий суғуртаси тизими доирасида тиббий хизматлар стратегик харидларини амалга ошириш методологияси ва механизми ишлаб чиқилишини;
  • 2021 йил 30 июнга қадар давлат тиббий суғуртаси тизимида фаолият кўрсатадиган давлат ва хусусий тиббиёт ташкилотлари билан тегишли шартномалар тузилишини таъминлайди

Давлат тиббий суғуртаси тизимини ташкил этиш доирасида кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмини белгилаш, кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини баҳолаш ҳамда унинг тасдиқланган стандартларга мувофиқлигини мониторинг ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилади.

Ўзбекистон Молия вазирлиги Жамғарма фаолиятини ташкил этиш учун зарур маблағларни асослантирилган ҳисоб-китоблар бўйича 2020 йилда – Ўзбекистон Давлат бюджети параметрларида Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун назарда тутилган маблағларнинг чекланган миқдорлари доирасида ажратади ва 2021 йилдан бошлаб – давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмларидан келиб чиқиб, ҳар йили тегишли йил учун бюджет параметрларида назарда тутади.

Тошкент шаҳар ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимликлари бир ой муддатда Жамғармага тегишинча Тошкент ва Гулистон шаҳарларида текин фойдаланиш ҳуқуқи билан бино ажратилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Жамғармани зарур алоқа воситалари, шу жумладан ҳукумат алоқаси билан белгиланган тартибда таъминлайди.