Ўзбекистонда такси хизматларини кўрсатиш фаолияти учун лицензия сақланиб қолиши, аммо уни автоматик тарзда олиш имконияти яратилиши мумкин. Бу ҳақда ҳукуматдаги манбасига таяниб, «Kun.uz» нашри хабар берди.

Фото: «Дарё»

Кутилаётган ўзгаришга кўра, такси ҳайдовчилари солиқ органлари веб-сайти орқали рўйхатдан ўтиб, лицензияни автоматик тарзда қўлга киритиши мумкин бўлади. Шунингдек, ҳайдовчилар ўз-ўзини меҳнат билан банд қилган шахслар тоифасига киритилади.

«Айни пайтда турли версиялар устида иш олиб бориляпти: ҳайдовчилар мижозларга хизмат кўрсатувчи агрегаторларга уланиши шарти билан ўз-ўзини банд қилган шахс сифатида тан олиниши мумкин. Негаки мижозлар ҳайдовчи ҳақида маълумотга эга бўлиши, содир этилиши мумкин бўлган нохушликларнинг олдини олиш керак. Бу ҳолатда ҳайдовчилар мунтазам тиббий кўрикдан ўтиши лозим.

Бундан ташқари, солиқ органлари веб-сайти орқали рўйхатдан ўтиб, лицензияни ўша заҳоти автоматик тарзда олиши мумкин бўлади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, масаланинг молиявий ечимлари бўйича якуний тўхтамга келинмаган. Давлат солиқ қўмитаси, Транспорт ҳамда Молия вазирликлари бу борада ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Аввалроқ Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов таксичиларни ҳам ўз-ўзини банд қилганлар рўйхатига қўшиш бўйича иш кетаётгани ва бу бўйича 1-2 ойда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилишини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 19 май куни ўтказилган йиғилишда ўзини ўзи банд қилаётган, касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида янги тизим жорий этилиши белгиланган эди. Йиғилишда Президент томонидан такси ҳайдовчилари ҳам даромад солиғидан озод этилиши қайд этиб ўтилганди. Бироқ июнь бошларидан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари кўпайган, лекин улар орасида Президент айтган таксичилар йўқ эди.