Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, сенатор Ўктам Барноев 20 сентябрь куни вафот этган эди. Президент Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни таъзияли хонадонга ташриф буюрди, Қуръон тиловат қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев марҳумнинг онаси, рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилади. Президент марҳумнинг оиласи, фарзандлари доимий эътиборда бўлишини таъкидлаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Ўктам Барноевнинг оила аъзолари давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, халқимизга осойишталик, сиҳат-саломатлик тилаб дуо қилдилар», — дейилади Президент матбуот хизмати ахборотида.

Фото: Президент матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев 20 сентябрь куни вафот этганди. Маълумотларга кўра, Барноев Германияда вафот этган — у хорижий мамлакатга даволаниш учун олиб кетилган бўлган. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Барноевнинг ўлимини Тошкент шаҳридаги коронавирус қурбонлари рўйхатига қўшди. Бош вазир ўринбосарининг коронавирусга чалингани июль ойи охирида маълум бўлган эди.