Россиянинг Нефть ва газ илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш институти раиси ўринбосари Д.Мишченко бошчилигида қатор иш берувчи компаниялар вакилларидан иборат делегациянинг 2020 йилнинг август ойида Ўзбекистонга ташрифи доирасида мамлакат фуқароларини йирик қурилиш объектларига ишга жалб қилиш, улар учун қулай шароитлар яратиш ва бошқа масалалар бўйича келишиб олинган эди.

Фото: ЎзА

ЎзАнинг хабарига кўра, ушбу келишувга мувофиқ, 20 сентябрь куни 346 нафар ўзбекистонлик Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали жўнаб кетди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизматидан хабар беришларича, уларнинг транспорт, овқатланиш, патент ва яшаш харажатлари, агарда ишчида касаллик аниқланса, унинг даволаниши иш берувчи компаниялар томонидан таъминланиши, шунингдек, ойлик иш ҳақи ўртача 40-60 минг рублни ташкил этиши белгиланган.

Юртдошларимиз 14 кунлик карантиндан сўнг белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда қурилиш объектларида иш бошлайди.

Маълум қилинишича, йил якунига қадар 5 мингга яқин Ўзбекистон фуқароларини мазкур завод қурилишга ишга жалб қилиниши режалаштирилган.

Аввалроқ ўзбекистонлик аёллар кўпроқ қайси давлатларга ишлаш учун кетаётгани маълум қилинганди.