Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Барно Абдусаматова Андижонда 11-фарзандни дунёга келтирган аёл ҳақида «Шифобахшуз» Telegram каналига изоҳ берди.

Фото: «Дарё»

Эслатиб ўтамиз, 7 сентябрь куни Андижон шаҳридаги «Янги ҳаёт» маҳалласида истиқомат қилувчи Шукуржон ва Насибахон Қодироҳуновлар хонадонида 11-фарзанд дунёга келган эди. Туғруқ ҳеч қандай жарроҳлик амалиётисиз ўтган. Онанинг ҳам, боланинг ҳам соғлигидан шикоят бўлмаган.

Шифокор Барно Абдусаматованинг таъкидлашича, туғруқнинг оралиқ масофасини сақлаш ҳар бир аёлнинг индивидуал организмига боғлиқ.

«Тиббиёт ходимлари болалар сонини чегараламаган. Биз фақат онани ўйлаган ҳолда, организмида кечаётган касалликларга қараб, тавсия беришимиз мумкин. ‘Шунча туғилсин’, деган талаб қонунда йўқ. Биз бераётган тавсиялар туғруқ сони билан бевосита боғлиқ эмас. Балки кейинчалик она организмида болага ўтувчи оқсиллар, витаминлар, иммуноглобулинлар ва ҳимоя реакцияларини қайдаражада етказиб бериши билан ҳам боғлиқ», – деди мутахассис.

Абдусаматова андижонлик аёлнинг ҳеч қандай жарроҳлик амалиётисиз 11-фарзандни дунёга келтиришига изоҳ берар экан, «Агар онанинг организми соғлом, бақувват бўлган ва физиологик ҳомиладорликни ўтказган бўлса бола патологиясиз туғилган бола ҳисобланади», – деди у.

Маълумот учун, Андижон шаҳар ҳокими ушбу оила аъзоларини янги туғилган чақалоқ билан табриклаб, оила эҳтиёжи учун зарур бўлган буюмлар: кир ювиш машинаси, телевизор, иситиш печи, болалар аравачаси ва ётоғи, турли ўйинчоқлар ҳамда бошқа зарур анжомларни совға қилган эди.