Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Турсунов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Маълум қилинишича, унинг ўрнига февралдан буён Қўқон ИИО ФМБ бошлиғи лавозимида ишлаб келган — Ички ишлар вазирининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича собиқ ўринбосари Муҳиддин Жўраев тайинланган. У 2016—2018 йилларда Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи, 2014—2016 йиллар давомида Мирзо Улуғбек туман ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Фото: ИИВ

Улуғбек Турсунов (1967 йилда туғилган) 2017 йилнинг апрелидан буён Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. У Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. Ички ишлар органларидаги фаолиятини 1989 йилда Тошкент шаҳар ИИББ тергов бўлимининг кичик инспектори сифатида бошлаган. Фаолияти давомида ИИВ тергов бўлими бошлиғи ўринбосари ва бўлим бошлиғи, Яшнобод тумани ИИБ бошлиғи ва ИИВ инспекция гуруҳининг бош инспектори лавозимларида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, мартапрель, июнь ва сентябрь ойи бошларида ҳам ички ишлар тизимида бир қатор тайинлов амалга оширилган эди.