Ўзбекистонда 2020 йилнинг 14 сентябрь кунидан бошлаб мактаб ўқувчилари учун телевизион дарслар узатила бошланди. Теледарслар давомида ўқитувчиларнинг хатога йўл қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда. Халқ таълим вазирлиги ушбу ҳолатлар юзасидан муносабат билдирди.

АҚШ пойтахти Нью-Йорк дея кўрсатилмоқда

Кадр: Видеодан скриншот

«‘Онлайн-мактаб’ лойиҳаси доирасида ҳар куни 100 дан ортиқ (30–35 соат) дарс тасвирга олинмоқда. Мазкур дарсларда имкон қадар хатолик ўтмаслигига ҳаракат қилинмоқда.

Бироқ 16 сентябрь куни эфирга узатилган чет тили фани видеодарсида айрим хатоликларга йўл қўйилди. Энг аввало мазкур ҳолат учун барчадан узр сўрамоқчимиз.

Халқ таълими вазирлиги томонидан дарсларда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида чет тили ўқитувчиларининг таркиби қайта кўриб чиқилди, дарс муҳаррири алмаштирилди ҳамда дарсларда тажрибали ўқитувчилар жамоасини янада кенгайтириш мақсадида маҳоратли педагоглар учун танлов эълон қилинди.

Хитой пойтахти эса Пекин деб ёзилган аслида Beijing тарзида ёзилиши керак

Кадр: Видеодан скриншот

Кенг жамоатчилик ва ижтимоий тармоқ фаолларидан ‘Онлайн-мактаб’ лойиҳасида иштирок этаётган ўқитувчиларни камситмасликни сўрамоқчимиз. Ҳар биримиз хатоликка йўл қўйишимиз мумкин, иш бор жойда хатоликлар ҳам учраб туради. Лекин бу хатоликларнинг олдини олиш ва келгусида йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда.

Умид қиламизки, бу вазият барчани ўз вазифаларини бажаришда эътиборлироқ бўлишга ва ишга профессионал ёндашишга ундайди», – дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, вазирлик, ҳозирги шароитда ўз соғлиғини хавф остига қўйиб ҳам анъанавий, ҳам масофавий шаклда фаолият олиб бораётган ҳамда видеодарсларни тасвирга олиш жараёнларига жалб қилинган ўқитувчиларга миннатдорлик билдирган.

Аввалроқ Тошкентда 21 сентябрдан қайси мактаблар анъанавий тарзда фаолият бошлаши маълум қилинганди.