Тошкент шаҳри Юнусобод туманида бир гуруҳ шахслар ўзаро жанжаллашиши оқибатида 2 киши вафот этди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура.

Қайд этилишича, 2020 йил 20 сентябрь куни соат 06:00 ларда Юнусобод тумани, Амир Темур кўчасида жойлашган тунги клубдан чиққан шахслар кўчада турган бошқа бир гуруҳ шахслар билан ўзаро жанжаллашган.

Жанжал вақтида фуқаро С.Х. ёнида бўлган пичоқ билан 4 нафар шахсга бир неча маротаба тан жароҳатлари етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Оқибатда 2 нафар шахс вафот этган, қолган 2 нафарининг ҳаёти сақлаб қолинган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан С.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а», «л» бандлари (безорилик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахсни ўлдириш), 25,97-моддаси 2-қисми «а», «л» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

С.Х. процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.