Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 1 сентябрь ҳолатига кўра, 34,6 миллиард долларни, халқаро захиралар — 33,8 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан тақдим этилган маълумотларда келтирилган.

Фото: «Uztag.uz»

Spot’нинг ёзишича, мамлакат захираси олдингидек жуда кучсиз диверсификация қилинган — деярли барчаси олтин (18,8 миллиард доллар) ва хорижий валюта (15,4 миллиард доллар) кўринишида сақланмоқда. Мазкур муаммони АҚШ ғазначилиги облигацияларини харид қилиш орқали ечиш режалаштирилмоқда.

Республиканинг олтин-валюта захираси май ойидан буён илк бор қисқарди — қарийб 2 миллиард долларга. Ўзбекистон ўз олтинларини пандемия вақтида фаол сотмоқда — январь—август ойлари ҳисобига бўйича салкам 6 миллиард долларлик олтин сотилган, бу бутун 2019 йил давомида сотилган кўрсаткичлардан кўп. Шу сабабли олтин бутун экспортнинг 50 фоизини ташкил этмоқда. Бундан ташқари, олтин нархи пасайишни давом этмоқда ва бир унцияси 1921 долларга етган. Август ойининг бошида бир унцияси (1 унция 28,35 граммга тенг) олтин нархи тарихий рекорд даражада кўтарилиб, 2000 доллардан ошган эди. Ўшанда капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров олтин-валюта захирасини сотиб, маблағларни мамлакат иқтисодиётини қутқаришга ва ишсизлар сони ортишининг олдини олишга йўналтириш мумкинлигини айтган.

Беш йилдан буён Ўзбекистонда олтин экспорти ўсиб келмоқда. Масалан, олтин экспорти 2015 йилда 823,9 миллион долларни, 2016 йилда 738,2 миллион долларни, 2017 йилда 1,6 миллиард долларни, 2018 йилда эса 3,4 миллиард долларни ташкил этган.

Аввалроқ Ўзбекистон жаҳон бозорида олтин нархининг ошишидан фойда кўргани, олтин захираси мамлакатга пандемия вақтида «жон сақлаш»га имкон бераётгани тўғрисида хабар берилганди.