Ўзбекистонда 21 сентябрь соат 23:30 дан 22 сентябрь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 598 та ҳолат қайд этилди. Беш кун ичида биринчи марта касалланганлар сони 600 нафардан камайди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 52857 нафарга етди. Коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 1,13 фоизи 22 сентябрга тўғри келди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудларда қанчадан одам касаллангани, уларнинг қанчаси даволангани-ю, қанчаси вафот этгани ҳақидаги рақамлардан иборат жадвални 22 сентябрда эълон қилмади. ССВ апрель ойидан бошлаб коронавирусга чалинган беморларнинг қайд этилиши ва соғайганлиги билан боғлиқ жадвални бериб келаётганди. Апрель ва май ойининг айрим кунларида жадвал берилмаган, бироқ 12 майдан бери жадвал мунтазам равишда эълон қилинаётганди.

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 598 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 297 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 129 нафар;
  • Наманган вилоятида — 98 нафар;
  • Андижон вилоятида — 16 нафар;
  • Жиззах вилоятида — 12 нафар;
  • Сурхондарё вилоятида — 11 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 10 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 9 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 9 нафар;
  • Хоразм вилоятида — 7 нафар.

Кун давомида 10 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. 28 август куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кунига ўртача 370 нафар янги бемор аниқланиши карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда назорат кўрсаткичи бўлишини қайд этганди. Президент ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди. Охирги 15 кунда кунлик касалланиш ҳолатлари назорат кўрсаткичидан баланд бўлмоқда.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ кун давомида 4 кишининг вафот этгани ҳақида ахборот берди. Улардан бир нафари эркак, бир нафари аёл экани маълум. Қолган икки нафарининг жинси номаълум. Тўрт нафар вафот этган шахснинг қаерда яшагани, қаерда даволангани, ёши ҳақидаги маълумотлар ҳам берилмади.

21 сентябрь куни ҳам 1 нафар бемор ҳақида маълумот тўлиқ берилмаганди. Аммо кун охирида эълон қилинган жадвалдан вафот этган ушбу бемор Тошкент вилоятида яшовчи аёллиги маълум бўлиб қолганди. Энди эса ССВ жадвални эълон қилмагани учун 22 сентябрда вафот этгани ёзилган 4 кишининг қайси ҳудуддан экани ҳам номаълум бўлиб қолди. Вафот этганларнинг ўзи 4 нафарми ёки ундан кўп — буниси ҳам аниқ эмас.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 442 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач вафот этганлар сони 461 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ томонидан коронавирус қурбони бўлгани «тан олинмаганлар»:

Шунингдек, бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев Германияда вафот этган бўлса-да, Соғлиқни сақлаш вазирлиги уни Тошкент шаҳрида вафот этганлар рўйхатига қўшди. Ўктам Барноев Ўзбекистонда вафот этмагани учун «Дарё» уни коронавирус қурбонлари сафига киритмасликка қарор қилди.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди. Қашқадарёда яна бир тиббиёт ходими, хусусий клиника бош шифокори Тўрақул Холиқов 65 ёшида вафот этди. «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган хусусий клиника масъулларининг таъкидлашича, Тўрақул Холиқов сўнгги бир ой давомида коронавирус касаллигидан даволаниб келган. 16 сентябрь куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов 44 ёшда вафот этди. «Дарё» манбалари унинг коронавирусдан даволанаётган бўлганини маълум қилди.

Касалликдан даволаниш

22 сентябрь куни Ўзбекистоннинг 10 та ҳудудида 618 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Сентябрь ойида 10 марта кунлик соғайиш кўрсаткичи янги касалланиш ҳолатларидан ортиқ бўлди.

Янги тузалганларнинг

  • 323 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 131 нафари Тошкент вилоятида;
  • 84 нафари Наманган вилоятида;
  • 25 нафари Самарқанд вилоятида;
  • 16 нафари Андижон вилоятида;
  • 12 нафари Хоразм вилоятида;
  • 11 нафари Жиззах вилоятида;
  • 8 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 5 нафари Сурхондарё вилоятида;
  • 3 нафари Қорақалпоғистон Республикасида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига ССВ аниқлик киритмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган, ушбу йўналишда йўриқнома ва эслатмалар ҳам эълон қилинган.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.