Ўзбекистонда 2020 йил январь ойидан сентябрь ойигача 4294 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. ИИВ ЙҲХББ маълумотига кўра, ЙТҲлар сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 510 тага камайган (ўтган йил январь—сентябрь ойларида 4804 та ЙТҲ содир бўлган).

Фото: «Дарё»

2019 йилнинг январь—сентябрь ойларида оқибати ўлим билан тугаган 1398 та ЙТҲ юз берган бўлса, 2020 йилнинг ҳисобот даврида бу кўрсаткич 1293 тани ташкил қилди. 2020 йилда жароҳат олганлар сони эса — 3886 нафар.

ЙТҲларнинг 1919 таси пиёдалар, 728 таси болалар, 579 таси велосипедчилар, 77 таси мотоциклчилар, 146 таси такси ҳайдовчилари билан содир бўлган. 17,8 фоиз ҳолатда авариялар пиёдаларнинг кўчани нотўғри жойидан кесиб ўтиши оқибатида юз берган.

Фото: ЙҲХББ ахборот хизмати

Шунингдек, ЙТҲларнинг 15,5 фоизи белгиланган тезлик режимига риоя қилмаслик, 6,3 фоизи велосипедчиларнинг йўл қатнов қисмида ҳаракатланиши, 6,2 фоизи ҳайдовчи рулда ухлаб қолиши, 1,7 фоизи эса маст ҳолда рулга ўтириш оқибатида келиб чиққан.

Ўтган давр мобайнида йўл ҳаракати бўйича жами 3,9 миллиондан ортиқ қоидабузарликлар аниқланган. Уларнинг 2,1 миллиондан ортиғи қўпол қоидабузарликлар сирасига кирса, 565,5 минги хавфсизлик камарини тақмаслик ҳолати бўйича қайд этилган.

Фото: ЙҲХББ ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, август ўрталарида ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Ўзбекистонда 2020 йилнинг ўтган етти ойи давомида содир этилган жиноятларнинг ҳар учтадан биттаси фирибгарлик, ўғирлик ва йўл-транспорт ҳодисаси ҳисобига тўғри келаётгани тўғрисида маълум қилганди.