Мана октябрнинг уч ҳафтасини ҳам ортда қолдирдик. Ўтган ҳафтада юз берган энг муҳим воқеалар дайжести билан танишишни бошлаймиз.

Тинчимаётган Тоғли Қорабоғ

Шу йилнинг 27 сентябрь куни бошланган Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғ вилоятидаги ҳарбий амалиётлар 10 октябрда келишилган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувга қарамай давом этмоқда. Сулҳ имзоланган куннинг ўзидаёқ бузилди ва бунда Арманистон ва Озарбайжон тарафи бир-бирини айблади. 11 октябрь куни расмий Боку Арманистон қуролли кучларини Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрини баллистик ракета ёрдамида бомбардимон қилганини маълум қилди. Озарбайжон бош прокуратураси Ганжа шаҳридаги отишмада ракета турар жой биносига бориб тушиши натижасида беш нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлгани, 28 нафар одам жароҳатланганини маълум қилди.

Фото: AFP

17 октябрь куни Арманистон ҳарбийлари Ганжа шаҳрига яна бир бор ракета зарбаси йўллади. Ганжа шаҳрига берилган ракета зарбалари оқибатида 12 киши ҳалок бўлди, 40 дан ортиқ одам жароҳат олди. Бу ҳақда Озарбайжон Бош прокуратурасига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Озарбайжон президенти администрациясининг ташқи сиёсий масалалар бўйича бўлими мудири Ҳикмат Гажиев ўзининг Twitter’даги саҳифасида ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар ўндан ортиқ эканини билдирди. Гажиевнинг ёзишича, Ганжа шаҳрига амалга оширилган зарба «Элбрус» (Сcуд) тезкор-тактик ракета комплекслари томонидан учирилди. Унинг сўзларига кўра, бу каби хулоса снаряд тушган жойдан топилган ракета қолдиқларидан сўнг чиқарилди.

Арманистон Мудофаа вазирлиги Бокунинг ушбу баёнотини рад этди: «Арманистон ҳудудидан ёки Арманистон қуролли кучлари томонидан Озарбайжон томонга ҳеч қандай ўт очиш амалга оширилмади», деб ёзади Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян.

Шунингдек, ўтган ҳафтада «Коммерсантъ», «WSJ» ва «Washington Post» каби нуфузли нашрлар Туркияни Озарбайжон ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этаётганига доир бир қатор иддаоларни илгари сурди. Жумладан, WСТ Тоғли Қорабоғга Туркияга алоқадор юзлаб суриялик жангарилар кўчириб ўтказилди, дея хабар тарқатди.

«Суриялик жангариларнинг юзлаб аъзолари Туркия билан иттифоқчиликда Озарбайжон ва Арманистон ўртасида Тоғли Қорабоғ туфайли бўлиб ўтаётган жангларга қўшилди, яна юзлаб нафари жўнашга тайёрланмоқда», дея маълум қилди нашрга Сурияда жангариларнинг кўчириб ўтказилишига алоқадор икки манба.

Фото: Reuters

The Washington Post нашри эса Тоғли Қорабоғдаги жанговар тўқнашувларда 52 нафар суриялик ёлланма жангчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Маълум бўлишича, октябрь бошида уларнинг жасадлари Сурия-Туркия чегара постида қариндошларига топширилган эди. Марҳумлар Сурияда Туркия томонидан қўллаб-қувватланувчи ҳарбий гуруҳлар томонидан Озарбайжон томонда туриб Арманистон билан жанг қилиш учун ёлланди.

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев эса France 24 телеканалига берган интервьюсида Боку томонидан Тоғли Қорабоғдаги низоларда ёлланма жангчилар қўлланилгани юзасидан ҳеч бир давлат далил келтира олмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон армияси ўз мақсадларига ўзи эриша олади. «Фикримча, агар ҳеч қандай далил-исбот бўлмаса, бу миш-мишлар ўтмишда қолиши керак. Бизда ёлланма жангчилар йўқ. Бу — бизнинг расмий баёнотимиз», деди Алиев.

«Коммерсантъ» нашри ўзининг ҳарбий-дипломатик манбасига таяниб хабар беришича, Тоғли Қорабоғда юзага келган можаронинг кескинлашуви Туркия томонидан қасддан режалаштирилди ва провокация қилинди. «Сўнгги бир неча ойда Анқара Бокуга ҳар томонлама сиёсий-дипломатик, разведка ва ҳарбий-техника борасида кўмаклашишни ваъда берган ҳолда ҳарбий ҳаракатларни амалга оширишга ундади», дейилади хабарда.

Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда.

Халқпарвар президент истеъфо берди

Қирғизистон Республикасида бўлиб ўтган парламент сайловлари ортидан юз берган норозилик намойишлари натижасида мамлакат президенти Сўронбай Жээнбеков истеъфога чиқди.

Жээнбеков ҳукумат таркиби алмашганига қарамай, зиддият ва тажовузкорлик сусаймаганини, агар вазият ёмонлашаверса, қурол ишлатишга мажбур бўладиган намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри тўқнашув содир бўлишидан қўрқишини таъкидлади.

Фото: Sputnik

«Мен ҳокимиятга интилмайман. Қирғизистон тарихида ўз халқига ўқ отган ва қон тўккан президент сифатида қолишни истамайман. Шу сабабли, истеъфога чиқишга қарор қилдим. Ҳеч қандай ҳокимият мамлакатимиз бир бутунлиги ва жамиятдаги тотувликдан устун эмас», деган у.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон президенти Сўронбай Жээнбеков 9 октябрь куни мамлакатдаги вазиятни ҳуқуқий майдонга қайтаришни исташини ва бунинг учун барча «зарур қарорларни» имзолашга тайёр эканини айтганди. «Жорий вазият яна қонуний ўзанига қайтиши, барча давлат тузилмалари ва ҳукумат қонуний мақомга эга бўлиши ва мамлакат тўғри йўлга тушиб олиши билан президент лавозимидан кетишга тайёрман», деганди Жээнбеков.

14 октябрь куни Сўронбай Жээнбеков мамлакатнинг янги бош вазири Садир Жапаров билан учрашувда ҳозирги пайтда истеъфога чиқишга ҳаққи йўқлигини маълум қилганди.

Сўронбай Жээнбеков 15 октябрь куни эрталаб Қирғизистон президентлиги лавозимидан истеъфога чиқишини маълум қилгач, Канат Исаев автоматик равишда Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи лавозимини эгаллаганди. Аммо ярим кун ўтгач, у ўз лавозимини тарк этишини эълон қилди. Аввалроқ Канат Исаев давлат раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимидан воз кечадими ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб беришдан қочган эди. Бироқ спикернинг қайд этишича, у бу лавозимни эгаллаш учун «маънан ҳақли эмас, чунки олтинчи чақириқнинг ваколат муддати тугамоқда».

Эндиликда, давлат раҳбари вазифасини бажарувчи лавозими амалдаги бош вазир Садир Жапаров зиммасига ўтди.

Тожикистонда президент сайлови

Шу йилнинг 11 октябрь куни қўшни Тожикистон Республикасида навбатдаги президент сайлови бўлиб ўтди. Унда амалдаги президент Эмомали Раҳмон  90,92 фоиз овоз тўплаб, ғолибликни қўлга киритди. Республика Марказий сайлов комиссияси раиси Бахтиёр Худоёрзоданинг айтишича, овоз беришда сайловчиларнинг 85,39 фоизи қатнашди.

Фото: «РИА Новости»

Президент лавозими учун беш номзод кураш олиб борди, уларнинг барчаси сиёсий кучлар етакчиларидир, булар — амалдаги президент Эмомали Раҳмон (ҳукмрон Халқ-демократик партияси), депутат Мирож Абдуллоев (Коммунистик партия), депутат Рустам Латифзода (Аграр партия), депутат Рустам Раҳматзода (Иқтисодий ислоҳотлар партияси) ва депутат Абдуҳалим Ғаффорзода (Социалистик партия).

1992 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган (совет давридан кейинги мамлакатлардаги энг узоқ давом этаётган муддат) Раҳмон учун бу бешинчи сайловлардир. Сайловларнинг боришини ЕХҲТ, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси, МДҲ Ижроқўми, ШҲТ, шунингдек, Россия ва Ўзбекистондан борган 122 нафар халқаро кузатувчилар назорат қилди. Қоидабузарликлар аниқланмади.

Эмомали Раҳмоннинг президентлик қасамёдини қабул қилиш маросими 30 октябрда бўлиб ўтади. Инаугурация маросими дастлаб ҳукуматнинг шаҳардаги резиденцияси Кўҳи Сомон саройида, кейинчалик эса Миллат саройи биносида ўтади. Эмомали Раҳмон Кўҳи Самонда ҳукумат вакиллари, парламент аъзолари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида конституция, Тожикистон халқи учун қасамёд қилади, Миллат саройида эса унга президентлик рамзлари – штандарт ва гувоҳнома тақдим қилинади.

Юқори мартабали хориж делегациялари инаугурация маросимига таклиф қилинмади. Маросимдан сўнг пойтахтдаги марказий майдонда Душанбе ҳарбий гарнизони ва ҳарбий қисмларнинг аскарлари иштирокида парад ўтказилади.

Коронаинфо

Коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар бу ҳафта ҳам ўсишда давом этди. Ҳафта давомида бу ҳақида муфассал маълумотлар берилгани боис, биз энг сўнгги рақамларга диққатни қаратамиз.

Фото: Google Photos

Шундай қилиб, 18 октябрь ҳолатига кўра, бутун дунёда касалликка чалинганларнинг умумий сони 40 миллиондан ошиқни ташки қилмоқда. Касаллик оқибатида эса 1,1 миллион киши вафот этган бўлса, 30 миллиондан ортиқ бемор тузалиб кетди. Айни пайтда 9 миллиондан ортиқ бемор шифохоналарда даволанмоқда.

Мамлакатлар кесимида оладиган бўлсак, АҚШ касалликка чалиниш ҳолати бўйича дунёда етакчилик қилмоқда. Бу мамлакатда 8,3 миллион киши касалликни юқтириб олди. Шулардан, 224 минг бемор вафот этган бўлса, 5,4 миллион киши тузалиб кетди. АҚШдан кейинги ўринда Ҳиндистон давлати бормоқда. Ҳиндистонда 7,5 миллиондан ортиқ киши касалликни юқтириб олган бўлса, 6,6 миллиондан ортиқ киши тузалди.

Учинчи ўринда эса Бразилия давлати бормоқда. Бразилияда касалликни юқтирганларнинг умумий сони 5,2 миллионни ташкил қилди. Шулардан 4,6 миллион киши аллақачон тузалиб кетди. Бизда ҳозирча шу. Бошланган ҳафта яхши хабарларга тўла бўлсин.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади.