Ганнибал армиясининг мағлубияти билан якунланган Иккинчи Пун урушининг сўнгги ҳал қилувчи жанги бўлмиш Зама яқинидаги жанг милоддан аввалги 202 йилнинг айнан бугунги санаси – 19 октябрь куни бўлиб ўтган эди. «Дарё» иккала томондан урушга кирган жами 70 минг кишининг ҳаётини ўзгартириб юборган мазкур уруш ва унинг тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Google Photos

Зама жангининг содир бўлиш санаси тарихчилар ўртасида ҳозиргача мунозараларга сабаб бўлади: кимдир воқеани баҳорда содир бўлган деса, яна кимдир кузда дея қайд этади. Омон қолганлар берган гувоҳликлар орасида нафақат жанг куни, балки у содир бўлган йил мавсуми ҳақида ҳам аниқ маълумотлар йўқ.

Бизда урушнинг аниқ санасини аниқлаш учун Рим консули Дион Кассиуснинг византиялик тарихчи Зонар томонидан ёзилган ҳикояларида сақланиб қолган воқеа содир бўлган пайтда тўлиқ қуёш тутилиши рўй бергани ҳақидаги сўзлари бор холос.

«Ганнибал жанг қилишни хоҳламади, лекин тун бўйи лагер қуриш ва қудуқ қазиш билан машғул бўлди. Улар чарчоқ ва чанқоқ туфайли қийин аҳволда қолган бўлса-да, Ссипион уларни ўз хоҳишларига қарши жангга киришга мажбур қилди. Римликлар иштиёқ билан ва тартибли зарбалар берар эди. Ганнибал ва карфагенликлар эса қуёш тутилиши ва бошқа бир қанча омиллар сабаб эсанкираб қолди».

NASA’нинг ҳисоб-китобларига кўра, ўша йили Африкада содир бўлган ягона Қуёш тутилиши милоддан аввалги 202 йил 19 октябрга тўғри келди. Аммо ҳозирги Тунис ҳудудида унинг учдан бир қисмигина кузатилгани таъкидланади.

Уруш қандай содир бўлди?

Рим Карфагенга қарши курашиш учун ўзининг барча ҳарбий, сиёсий ва дипломатик кучларини бир ерга тўплади.  Республиканинг анъаналаридан фарқли ўлароқ, армия қамоқдан озод қилинган маҳбуслар ва давлат ҳисобидан озод қилинган қуллар билан тўлдирилди.  Рим қўшинлари қўмондони, консул Ссипион стратегик ташаббусни Карфаген армиясидан тортиб олиш учун Сенатга урушларни Африкага кўчиришни таклиф қилди.

Милоддан аввалги 204 йилда Ссипионнинг ўзининг 30 минг кишилик қўшини билан Утика яқинидаги Африка қирғоғига тушди. Бу ерда Карфагеннинг иттифоқчилари бўлган нумидияликлар римликларга қарши чиқди. Аммо Ссипион Нумидия етакчилари ўртасидаги ўзаро низолардан фойдаланиб, улардан бири Сифаксни мағлубиятга учратди ва ҳокимиятни унинг рақиби Массиниссага топширди.

Фото: Google Photos

Массинисса Римнинг иттифоқчисига айланди ва бунинг ортидан Ссипион Ўрта денгиздаги энг яхши енгил кавалерияларга эга бўлди. Нумидияликлар табиатан туғма чавандоз бўлиб, уларнинг отлари жиловга эмас, балки хўжайиннинг овозига ва найзанинг йўналишига мувофиқ ҳаракат қилган эди. Зама жангида улар Рим тарафида ҳам, Карфаген томонида ҳам жанг қилди. Пойтахтга таҳдидлар бўлгани сабабли Карфаген Сенати Ганнибални дарҳол Италиядан чақириб олди.

Кучлар нисбати қандай эди?

Хўш, Зама жангида томонлардан жами қанча қўшин қатнашди? Рим армиясида 20 минг пиёда аскар ва 10 минг отлиқ, Карфаген армиясида 35 минг пиёда аскар, уч минг отлиқ ва 80 фил бор эди. Уруш филлари, аслида, даҳшатли куч эди, аммо улар яқиндагина Марказий ва Шимолий-Ғарбий Африкадан олиб келинган ва ҳали жанг учун махсус тайёрланмаганди.

Шундай қилиб, иккала томоннинг ҳеч бирида мутлақ устунлик йўқ эди: римликлар отлиқ қўшин ҳисобида, карфагенликлар эса пиёда аскарларда устунликка эга эди. Кучлар мувозанати Канн жангидагига ўхшаб кетарди.

Отлиқлар қанотларда саф тортди.  Рим қўшинининг ўнг қанотида турган Массиниссанинг Нумидиан отлиқлари, айниқса, кучли эди.  Нумидияликлар ақл бовар қилмас тезлик билан жанг қилиш санъатини эгаллаган эди. Улар карфагенликларга ҳар томонлама зарба бериб, уларни охири кўринмайдиган ўқлар ёмғири остида қолдирди.

Карфагенликлар филлар ва пиёда аскарларни олдинги сафга жойлаштирди, иккинчи қатор биринчисидан 200 метр орқада жойлашган эди. Ганнибал Рим отлиқ қўшинларини жанг майдонидан чалғитишга қарор қилди ва Рим пиёдаларини ўраб олди.

Жангнинг бориши

Карфагенликлар жангни марказда филлар билан бир вақтда отлиқ аскарлар ҳужуми билан бошлади.  Куч жиҳатидан устунликка эга бўлган Рим отлиқлари Карфаген отлиқларини чекинишга мажбур қилди ва уларни таъқиб қилиб, жанг майдонидан узоқлашди.

Жангда филларнинг иштирок этиши самарасиз бўлди. Филларнинг ҳужумини кўрган Рим пиёда аскарлари Ссипионинг режа қилганидек, ўз сафларини бузиб, ҳар томонга тарқалиб филларнинг эркин ҳаракатланиши учун майдон ҳозирлади. Натижада, филларнинг ҳужуми римликларга у қадар кучли талафот етказмади. Олдинга ҳаракат қилаётган филларни, режалаштирилганидек, камончилар бўлинмасининг оловли ўқлари кутиб олди, бу эса жониворларни кучли саросимага солиб қўйди. Ўгирилиб орқага югурган филлар ўз қўшинларига жиддий зарар етказди.

Фото: Google Photos

Ганнибал филлар билан содир бўлган режадан ташқари ҳолатга қарамай, ҳужумни марказда пиёда аскарлари билан давом эттирди. Iberiya ёлланма аскарлари, шунингдек, Карфаген фуқаролари ва иттифоқдош македонияликлар ҳужумга ўтди. Рим пиёдалари Карфаген жангчиларнинг биринчи сафига ҳужум қилиб, уларни орқага қайтарди, аммо ўша пайтда Ганнибал армиясининг ўз вақтида етиб келган иккинчи, кучлироқ сафи жангга кирди ва кучлар нисбати ўзгарди.

Шу билан бирга, Ганнибал ўзи билан ўн беш йил давомида Италияда жанг қилган фахрийлардан ташкил топган учинчи, энг кучли таркиб билан душман қанотларини яксон қилишга киришди. Ганнибал ушбу жанг техникасини кўплаб жангларда қўллаган, танлаб олинган пиёда қўшинларининг олдинга ҳаракатланиши ва душман қанотларини ўраб олиши режаси ҳар доим унинг муваффақиятини таъминлаган эди.

Аммо Ссипион ҳам деярли бир вақтнинг ўзида шунга ўхшаш ҳаракатни амалга оширди, яъни ўзининг сара қўшинини қанотларда илгари сурди. Шиддатли ва аёвсиз жанг бошланди, унда турли манбаларга кўра, бир томондан, шахсан Ганнибалнинг ўзи, иккинчи томондан, Ссипион ўз қўшинларига бошчилик қилган эди.

Ён қанотларда кечган жанг тахминан икки соат давом этди ва марказдаги жанг жараёни унинг давом этишига тўсқинлик қилди: бу ерда карфагенликлар Рим қўшинларининг қаршилигини синдириб, орқага чекинишга мажбур қилди.  Натижада, римликларнинг марказий қаноти 2–3 километр орқага чекинди.  Армияни иккига бўлиниб кетишдан сақлаш учун Ссипион марказдаги ҳолатни барқарорлаштириш учун ўз қўшинларини қанотлардан олиб чиқишга буйруқ берди. Юзага келган қулай вазият, яъни вақтдан фойдаланиб Ганнибал қўшинларга бироз тин берди ва янги куч билан римликларга қайта ташланди.

Карфагенликларнинг сон жиҳатдан устунлигини ҳисобга олганда, римликларнинг жангда мағлуб бўлишлари аниқ эди, аммо ўша пайтда душманни таъқиб қилиб кетган юқорида айтиб ўтилган Рим отлиқ қўшинлари Карфаген отлиқларини мағлуб этиб, жанг майдонига қайтиб келди. Римликлар тезда жанг майдонига юзланди ва кутилмаганда карфагенликларнинг орқа томонига зарба берди. Ганнибал армиясининг орқа чизиқлари тахминан бир соатча вақт давомида кўрсатилган қаршиликдан сўнг қуршовга дош беролмай тартибсизлик билан қочишни бошлади ва шу тарзда жанг тартиби ўзгариб кетди.

Якун

Энди Ганнибалнинг мағлубиятга учраши тайин бўлиб қолди. Карфагенликлар бу пайтга келиб аллақачон тахминан 10–25 минг жангчи, 8,5–20 минг маҳбус, 132 отлиқ ва 11 та филини йўқотган эди.  Ганнибалнинг ўзи сўнгги дақиқадагина жанг майдонини тарк этиб, ўлимдан қочиб қолишга муваффақ бўлди. Римликлар томонидан тахминан 1,5–6 минг одам ҳалок бўлди.

Зама жанги Иккинчи Пуни урушларидаги сўнгги жанг бўлиб, ундаги мағлубият сабаб Карфаген, ниҳоят, урушда ютқазди.

Дилбар Исматуллаева тайёрлади.