Америкалик тадбиркор, SpaceX компанияси раҳбари Илон Маск Марс сайёрасида Ердан тўлиқ мустақил бўлган шаҳар қуриш режасини маълум қилди. Миллиардернинг қайд этишича, айни пайтда Марсда қуриладиган уйларнинг бир нечта лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар берди.

Фото: Independent

Маскнинг фикрича, бундай шаҳарни Ерда фалокат юз беришидан олдин қуришга улгуриш керак. Фалокат сифатида Учинчи жаҳон уруши, астероидлар билан тўқнашув ёки супервулқон отилиши назарда тутилган.

«Цивилизация ўта кучли кўринмаяпти, у ҳозир омонат турганга ўхшайди», — дея маълум қилган SpaceX раҳбари. Маскнинг айтишича, Марсда ўз-ўзини таъминлайдиган шаҳарнинг қурилиши унинг ҳаётлигида юз бериш эҳтимоли кам.

Илон Маскнинг сўзларига кўра, Starship космик кемаси тўрт йилдан кейин қизил сайёрага экипажсиз йўл олиши мумкин.