Россиянинг Уфа шаҳрида истиқомат қилувчи Салават Асхатов исмли эркакка ҳомиладорлик ташхиси қўйилди ва унга гинекологга бориш тавсия қилинди. Эркак мазкур ҳолатни эътиборсизлик ва ўз ишига масъулиятсиз ёндашиш дея ҳисоблаган бўлса, амалдорлар буни «техник хато» демоқда. Уфалик эркак ушбу қизиқарли воқеа ҳақида ўзининг «ВКонтакте»даги саҳифасига ёзиб қолдирган.

Фото: «ВКонтакте» / Салават Асхатов

«Касаллик тарихига кўра, мен ҳомиладорман. Уфа шаҳридаги 21-сонли касалхонага ётганимга беш кун бўлди», — дейди эркак.

Унинг таъкидлашича, Салават ўткир респиратор вирусли инфекциясига чалинган ва касаллик бунинг оқибатида ўткир бронхит, сўнг икки томонлама пансинуситга айланиб кетган. Эркакни шифохонага ётқизишган.

«Касаллик тарихимни кўрдим. Энг биринчиси — тишимни даволатмаганман. Иккинчиси — амбулатория даволанганман. Учинчиси эса мен ҳомиладорман, бунинг устига гинеколог консультацияси ҳам керак экан. Буни қандай аташ мумкин — эътиборсизлик, ўз ишига масъулиятсиз ёндашиш?», — деб ёзади россиялик фуқаро.

Фото: «ВКонтакте» / Салават Асхатов

Мазкур ҳолат бўйича тиббиёт муассасасида хизмат текшируви ўтказилган. Маҳаллий амалдорларнинг маълум қилишича, беморнинг ҳужжатларини расмийлаштириш вақтида техник хатолик содир бўлган.

«Ҳомиладорлик бу яхши. Айтишларича, қайсидир ташкилот дунёда биринчи бўлиб фарзанд дунёга келтирган эркакка миллион доллар тўлашга тайёр экан. Шу сабабли эсон-омон қутулиб олишингизни тилайман», «Табриклайман! Ўғилми ёки қиз?», «Мамлакатда демографияни қандайдир усул билан кўтариш керак-ку ахир», «Хотининг энди сени уйга киргизмайди», — дея «ҳомиладор» эркак ёзган постнинг остига изоҳлар қолдирилмоқда.