Uzbekistan GTL заводи қурилишидаги ишчиларининг оммавий норозилигига уларнинг иш куни кўпайиб, дам олиш куни ўзгаришсиз қолгани ҳам сабаб бўлган. Бу ҳақда завод масъули Шуҳрат Арзиев ОАВ вакиллари билан мулоқотда маълум қилган.

Фото: Равшан Раҳмонов

«Олдин 22 кун ишлаб, 8 кун дам олардик. Эндиликда карантинни сабаб қилиб кўрсатишиб, 45 кун ишлатишмоқда. Дам олиш кунимиз эса 8 кунлигича қолган. Баъзи ишчиларнинг иш куни 50 кунга ҳам чўзилиб кетяпти. Коронавирусга тест топшириб, заводга кирганимиз учунми 45 кун ишлатишмаса, уйга қўйиб юборишмаяпти. Бу эса биз ишчилар учун оғир бўляпти», — дейди завод ишчиси Ойбек Шербўтаев.

Шуҳрат Арзиевнинг аниқлик киритишича, 21 октябрдаги тўполонда заводнинг 400 дан ортиқ ишчиси иштирок этган.

«Дарё»нинг Telegram’даги манзилига шикоят йўллаган мурожаатчига кўра, завод ишчиларининг норозилигига ётоқхонада ишчилар учун жой йўқлиги, уч ойдан буён маош тўланмаётгани ва бошлиқлар ишчиларига қўпол муносабатда бўлаётгани ҳам сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 21 октябрь куни ижтимоий тармоқлар ва Telegram каналларда Enter Engineering компаниясининг Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги объектларидан биридаги ишчиларнинг норозилиги акс этган видеоёзувлар тарқалди. Бунга изоҳ берган компания раҳбарияти ишчиларининг оммавий норозилигига нонушта ўз вақтида берилмагани сабаб бўлганини маълум қилди. Кейинчалик Энергетика вазирлиги Uzbekistan GTL’даги вазият барқарорлашганини, барча муаммо ва масалалар жойида ижобий ҳал этилганини хабар қилди.