«Дарё» ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга, бироқ жамоатчилик эътиборидан кўпинча четда қолаётган касб эгалари билан суҳбат қилмоқда. «Соядаги одамлар» лойиҳасининг бу галги қаҳрамони – 20 йилдан буён масжидда имомлик қилиб келаётган киши

Рустамжон Ҳамидов 40 ёшда. Андижон вилояти Балиқчи туманида туғилган. Уч фарзанднинг отаси. 20 йилдан буён Балиқчи туманидаги «Оққўрғон» масжидида имомлик қилиб келмоқда.

Болалигим ғамгин ўтган

Катта бувимнинг қўлларида катта бўлганман. Ёшлигимдан отам бўлишини, бошқаларнинг отаси каби менга бирор ҳадялар олиб келса-ю, югуриб бориб қўлларидан олсам, деб орзу қилар эдим. Балки, қўшни болаларда шу ҳолни кўрганим учундир, билмадим. Доим шундай хаёл қилардим. Хуллас, шундай қийинчиликлар билан улғайдим.

Катта бувимиз жуда диндор аёл эдилар. Аллоҳ раҳмат қилсин, диний таълим олишимда у кишининг хизматлари катта бўлган. Ёшлигимиздан китоб ўқитарди.

Фото: Facebook / Рустамжон домла

Пайғамбаримизнинг «Ким дунёни хоҳласа, тижорат қилсин, ким охиратни хоҳласа, зуҳд-у тақво билан ибодат қилсин, ким икковини ҳам хоҳласа, илм олсин!», деган ҳадисларига амал қилиб, Андижонда мадрасада ўқидим, Аллоҳ саломат қилсин, жуда яхши олимлардан таълим олиш насиб этди. Мадрасани битиргандан кейин ўзимизнинг қишлоқдаги масжидда имом бўлиб ишлай бошладим.

Инсон хоҳласа, истаган касб эгаси бўла олади

Асли касбим – дурадгорлик. Ёшлик пайтларимда устозларнинг одамларга уй қуриб берса, катта савоб бўлади, «Қиёмат қойим бўлганда сартарошлар, одамларга уй қуриб берадиган усталардан нур чиқиб туради», деган гапларини эшитиб, айнан дурадгорликни ўрганганман. Ҳозир уй соламан, том ёпаман. Ишимга қўшимча темир пайвандлаш ва ҳозирги тилда айтганда, сантехниклик ишларини ҳам қилиб тураман.

Фото: Facebook / Рустамжон домла

Асосий фаолиятим – имомликка келсак, бир устозимиз «Имомлар пайғамбар алайҳисаломнинг меросхўрлари бўлади», деган эдилар. Бу гапни эшитганимдан сўнг қалбимда бир муҳаббат уйғонган. Шу хизматни қилсам, одамларга динни ўргатсам деб ўқиб-ўргандим. Алҳамдулиллаҳ, катталаримиз шундай улуғ вазифага мени лойиқ топишди. Мана, 20 йилдан буён қишлоғимиздаги «Оққўрғон» масжидида имомлик қилиб келяпман.

Имомлик касбми ёки мартаба?

Имомлик – касб эмас. Бу жуда масъулиятли вазифа. Имомликка инсонлар аввало илмига, одамлар билан бўлган муносабатига, динга  хизмат қилишига ва уни қай даражада ҳимоя қила олишига қараб тайинланади. Юқорида айтганимдек, ўша номзод «пайғамбарга меросхўри» бўлишга лойиқ бўла оладими, бу номни оёқости қилиб қўймайдими деб яхшилаб эътибор берилади. Чунки кўп ҳолларда кўрамиз, «қоринг, имоминг бунақами», деб баъзи бир имомларни ноқис жойларини ушлаб олиб, диндан нафратланишади. Кейинроқ шундай хатоларга кейин йўл қўймайдими, деган мулоҳазалар билан сараланиб, муфтий томонидан тайинланади.

Фото: Facebook / Рустамжон домла

Имомликнинг масжиддаги вазифалари

Масжидда имомнинг вазифалари унчалик қийин эмас. Жамоат билан намоз ўқийди. Одамларга диндан таълим беради. Намозга келганларга ҳалол ва ҳаромдан, болаларга ота-онанинг ҳаққи, оталарга эса аёли ва болаларнинг ҳаққи хусусида маърузалар қилади.

Одамлар имомларни жуда ҳурмат қилишади, ишонишади. Келиб ўзларини қийнаётган муаммоларини айтадилар, биздан умидвор бўладилар. Биласизми, мени энг қийнайдигани аксар ҳолларда биз уларга ёрдам беролмаймиз, ҳожатини чиқаролмаймиз. Биздан умид қилиб келган инсонларга узр айтиб, ўзимнинг шароитимни тушунтирамиз. Уни сабрга чақиришлик билан кифояланамиз. Очиғи, бундан жудаям чарчадим...

Фото: Facebook / Рустамжон домла

Бир умрга дарс бўлган воқеа

Бир куни масжидда ўтирганимда олдимга бир аёл келди. Айтишича, аёлнинг уч фарзанди бор, эри эса вафот этган, белида оғир касаллиги борлиги учун ишлолмаётган экан. Аёл дўкондан қарзга овқат олиб еган. Орадан бир ой ўтган, икки ой ўтган. Қарзини тўлолмаётгани учун дастлаб паспортини, кейин болаларининг туғилганлик гувоҳномасигача берган.

Охири умуман нажот қолмай масжидга келганини, ҳатто уч кундан бери болалари овқат емаётганини айтиб, ёрдам сўради. Мен одатдагидай шароитимизни айтиб, сабр қилишликни тушунтира бошладим. Менимча, у буни кутмаган чоғи кўзида ёш билан: «Домла бува, биласизми, мен нима учун бу ерга келдим. Бошқа борадиган жойим қолмади. Қариндошим йўқ, қўни-қўшниларим мендан зерикди. Дўкончилар мени таниб қолган, насияга нарса бермаяпти. Мен болаларим ўлиб қолади, деб олдингизга келдим. Агар сиз ёрдам бермасангиз, менга ким кўмак беради? Сиз бу ерда нима қилиб ўтирибсиз?» деб масжиддан чиқиб кетди.

Фото: Facebook / Рустамжон домла

Аёлнинг гапи қалбимга шу даражада қаттиқ таъсир қилдики, хонамда анча пайт ўтириб қолдим. Кейин ташқарига чиқиб, қоровулдан ҳалиги аёлнинг манзилини сўраб-суриштирдим. Уйини топиб бордик. Бир-икки одамга айтиб, аёлнинг қарзини тўладик.

Бу воқеа менга бир умрга дарс бўлди. Ўша кундан бошлаб фаолиятимни ўзгартирдим. Имом нафақат маънавий, балки моддий томондан ҳам одамларга ёрдам беролсин. Бир фонд ташкил қилайлик. Хоссатан, ўша бева аёлга ўхшаган муҳтожлар келиб қолса, уларга ёрдам берайлик, ҳожатини чиқарайлик деб ният қилдим.

Алҳамдулиллаҳ, ҳозир шу фонд ишлаяпти. Ўша аёлдан сўнг бирорта аёл масжидимиздан хафа бўлиб кетмади.

Фото: Facebook / Рустамжон домла

Бугунги кунда етим ва боқувчисини йўқотган болалар билан боғлиқ хайрия акциясини уюштирамиз. Биласизми, 3-4 соатлаб маҳаллаларда юриб, уларни қидирамиз. Муҳтож оилаларни топиб, шароитини ўрганамиз. Болаларни оталиққа таклиф қиламиз, етим болага кафил бўлинг, деймиз. Кафиллар дарров топилади, ҳаттоки эҳсон учун навбатда турган саховатпеша одамларимиз бор. Хайрия маблағлари билан уйлар қуриб берамиз. Кийим-кечагидан, озиқ-овқатидан хабардор бўламиз.

Ҳозир 350 тадан ошиқ боламиз бор, озиқ-овқат билан юз фоиз таъминланган. Алҳамдулиллаҳ, ҳамма боланинг отаси бор.

Фото: Facebook / Рустамжон домла

Ҳаётимдан мамнун эмасман...

Аллоҳ таоло менга кўп неъматлар берди. Иймон берди. Иймонимда ҳаловат топдим. Аллоҳ менга ўзини танитди. Мадрасада ўқидим. Бир солиҳа жуфти ҳалол насиб этди, фарзанд неъмати билан сийлади. Ҳозир бир қизим, иккита ўғлим бор, ҳаммалари диний тарбия олиб катта бўляпти. Қизимиз ҳам аҳли Қуръон бўлди, ўғилларимиз динни, Қуръонни яхши кўради. Мўминлигим учун Аллоҳга кўп шукрлар қиламан. Кўпроқ илмимга амал қилсам дейман. Фарзандларим, ота-онам, яқинларим, атрофимдаги барча шогирдларим — ҳамма-ҳаммаси жаннатга тушса дейман. Бироқ... мен ўзимнинг ҳаётимдан, мусулмонлигимдан мамнун эмасман. Мамнун бўлиб қолишликдан ҳам қўрқаман.

Фото: Facebook / Рустамжон домла

Келгусидаги режаларим

Ҳар қандай дин илмига қизиққан одам ўзидан қониқмайди. Ўзини ноқис деб ўйлайди. Мен ҳам яна илм олмоқчиман. Бир неча кун бўлди, Тошкент ислом институтининг «Олий маъҳад» курсига ўқишга кирдим. Иншааллоҳ, Тошкентда ўқишни бошлайман. Аллоҳ менга фойдали илм берса, деб умид қиламан.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди

Аввалги соядаги одамлар:

Эркакнинг «юриб кетиши»га аёлнинг ўзи сабабчи бўлади — Пардозчи қиз ҳикояси

Бозорчи аёллар аёл эмасми? Бозорчи аёл ҳикояси

«Аравакашлик қилиб, қизимни ТошМИда ўқитдим». Аравакаш амаки ҳикояси

«Мусорга ташлаб юборилган 34 миллион сўмни топиб берганман». Чиқинди йиғувчи амаки ҳикояси

«Тарозидан уриб, одамларга қуртлаган жигар ва гўшт сотгани учун қассоблар узоқ яшамайди». Қассоб йигит ҳикояси

«Тиланчилар таксида, ўқитувчилар автобусда юрадиган замонда яшаяпмиз». Киракаш йигит ҳикояси

«Пул топиш учун ҳаммасига розиман, фақат фоҳишаликка эмас!» Официантлик қилаётган Ўзбекистон чемпионининг ҳикояси

«Бой ўлса ўлсин, камбағал ўлмасин». Гўрков Юрсунали ота Умаралиев ҳикояси

«Менга ҳеч нарса керакмас, шунчаки бахтли бўлишни хоҳлайман». Мардикорлик қилаётган қиз ҳикояси

«Ўзбекистон ўликхоналарида мурдалар сотилмайди!» Морг ходимининг ҳикояси