Тошкент вилояти Зангиота туманида ўтказилган тунги рейд тадбирлар давомида ЙПХ ходимлари таъқибидан маккажўхори поялари ичига қочиб кетган маст ҳайдовчи ушланди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.

Кадр: Telegram

Маълумотларга кўра, рейд давомида «ВАЗ-2106» русумли транспорт воситасига тўхташ ишораси берилган. Аммо ҳайдовчи инспекторнинг ишорасига бўйсунмай, йўлида давом этган. Кўрилган тезкор чоралар натижасида автомобиль тўхтатилган, ҳайдовчи эса машинадан тушиб дала томонга қочиб кетган.

Унинг ортидан борган ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари ҳайдовчини жўхори поялари ичига беркинган жойидан топиб келган. Аниқланишича, ҳайдовчи маст бўлган ва унинг ёнида тегишли ҳужжатлар ҳам бўлмаган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йил январь ойидан сентябрь ойигача 4294 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди. ЙТҲларнинг 1,7 фоизи маст ҳолда рулга ўтириш оқибатида келиб чиққан.