26 октябрь куни Беларусда умуммиллий иш ташлаш бошланди. Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская бу ҳақда ҳукумат «халқ ультиматуми»ни бажармаганидан сўнг эълон қилди. Иш ташлашга қатор давлат ташкилоти ходимлари қўшилмоқда, масалан, «Гродно Азот», Минск трактор заводи, Минск электротехника заводи, Минск ғилдиракли тягачлар заводи, «Белоруснефть», деб ёзади Meduza.

Фото: Meduza

Ишчилар ўз корхоналари ҳудудида, айримлари эса кириш қисми бўйлаб намойишкорона юришларни бошлаган, ходимларнинг бир қисми ишга чиқмаган. Одамлар давлат корхоналарида махсус кучларнинг (ОМОН) машиналарини пайқаган. Кўплаб компанияларнинг расман маълум қилишича, уларда иш жараёнлари давом этмоқда.

Иш ташлашга кўплаб хусусий компанияларнинг ходимлари келиб қўшилган. Уларнинг айримлари 26 октябрь кунини дам олиш куни деб эълон қилган, қолганлари муддатсиз таътилга чиққан ёки техник сабабларга кўра, масалан, инвентаризация бўйича ёпилган. Улар орасида тиббиёт марказлари, дўконлар, барлар, кафелар, тил мактаблари, машғулот заллари, турфирмалар, гўзаллик салонлари ва сервис марказлари бор. Шунингдек, иш ташлашга МТC ходимлари ҳам келиб қўшилган (тасдиқланмаган маълумотларга кўра, уларни ишдан ҳайдаш бўйича таҳдидлар бўлган).

Беларусдаги олий таълим муассасалари талаблари бир нечта норозилик акциясини ўтказган, ОМОН уларни қўлга олиш ишларини амалга оширган. Беларусь миллий техника университети ва Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети талабалари иккала таълим даргоҳи жойлашган Минскдаги Мустақиллик шоҳ кўчаси бўйлаб марш уюштирган. Ғалаба майдони яқинида намойишчиларнинг бир қисмини ОМОН ходимлари ушлаган. Махсус хизмат ходимларининг микроавтобусларини кўрган кўплаб талабалар қочиб кетган.

Фото: «Бельсат»

Шунингдек, Минск давлат лингвистика университетининг талабалари ҳам Мустақиллик шоҳ кўчасига чиқиб, норозилик намойишчиларига қўшилган. “Tut.by”нинг ёзишича, талабаларни уларнинг ўқитувчилари қўллаб-қувватлаган. Onlineръдаги видеога кўра, бир неча киши йўлнинг ҳаракатланиш қисмига чиққан. Олий таълим даргоҳига махсус техника яқинлашгач талабалар университетга қочиб кирган, бироқ куч тузилмалари ходимлари кетгач улар яна кўчага чиқишган.

Минскда Беларусь санъат ва маданият давлат университети, Беларусь давлат университети, педагогика, иқтисодиёт ва тиббиёт университетлари талабалари норозилик намойишини ўтказмоқда. Айрим олий таълим муассасалари талабалари ўтирган ҳолда норозилик акциясини уюштирмоқда, қолганлар — ўнлаб ва юзлаб ўқувчилар ўз университетлари биносининг кириш қисмида турган ҳолда норозилик билдирмоқда. Telegram-каналларда ёзилишича, турли ОТМ талабалари Мустақиллик шоҳ кўчасидаги Беларусь давлат университетининг бош биноси қаршисида учрашишни режалаштирмоқда. Брестда — Брест давлат техника университети, Гроднода — Гродно давлат университети талабалари норозилик намойишларини ўтказмоқда. Беларусь Таълим вазирлигининг «РИА Новости»га маълум қилишича, талабаларнинг акцияси аниқ характерга эга бўлиб, мамлакатда ўқув жараёнлари бузилмаган.

Фото: «Наша Нива»

Беларусдаги умуммиллий иш ташлаш кунида 100 дан ортиқ одам қўлга олинди. «Весна» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш марказининг маълум қилишича, соат 13:10 ҳолатига кўра, мамлакатда 103 киши ушланган. Қўлга олишлар асосан Минскда бўлиб ўтган. Гроднодаги эрталаб «Гродно Азот» корхонаси қаршисида норозилик акциясига чиққан камида 32 киши ушланган. Шунингдек, Брест, Босиров, Новополск ва Могилевда ҳам қўлга олиш ишлари ўтказилган.

Светлана Тихановская хусусий бизнес, диний ҳамжамиятлар, маданий, спорт ташкилотлари ва IT-компанияларини иш ташлашга қўшилишга чақирди. «Ахир давлат ташкилотларида иш ташлаш — бу иқтисодий босим ричаги. Хусусий компанияларнинг иш ташлаши эса — бирдамликни намоён этиш ва аҳамиятсиз эмас. Иш ташлашга қарор қилган одамлар ўз қарорларида ёлғиз эмасликларини кўриши керак», — дейди Тихановская.

Эслатиб ўтамиз, Беларусда 9 август куни бўлиб ўтган сайловларни сохталаштириш ҳақидаги маълумотлар фонида норозилик намойишлари бошланди ва ҳалигача давом этмоқда. Намойишчилар Лукашенкони сайлов натижаларини сохталаштиришда айбламоқда. Сайлов натижаларига кўра, Александр Лукашенко 80 фоиз овоз тўплаган.

Беларусь Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Светлана Тихановская президентлик сайловида 10,1 фоиз овоз тўплаган. Тихановскаянинг ўзи эса мағлубиятини тан олмади ва ўзини «Беларусь халқи томонидан сайланган ягона етакчи» деб атади. Сайловдан икки кун ўтгач Тихановская Литвага чиқиб кетган. Унинг сафдошлари Тихановская ҳукумат босими остида мамлакатдан чиқиб кетганини маълум қилган.