Беларусда бўлиб ўтган президент сайловларида Александр Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская 26 октябрь куни мамлакатда умуммиллий иш ташлаш бошланишини эълон қилди, деб ёзади Meduza.

Фото: Reuters

«Режим беларусларга яна шуни кўрсатдики, зўравонлик — у қодир бўлган ягона нарса экан», — дейилади Тихановскаянинг Telegram каналида эълон қилинган мурожаатда. «Оломон ичида ва туғуруқхоналар деразалари тагида ёруғлик ва шовқин тарқатувчи гранаталарни портлатиш — куч эмас», — деб ёзди Тихановская бу режим Беларусь халқига «муносиб эмаслиги» ва «ўз кучини йўқотаётгани»ни қўшимча қилар экан.

«26 октябрь куни умуммиллий иш ташлаш бошланади. Беларуслар бу қадамни қўяди, чунки уларнинг сўзи — қонун. Бизни маҳрум қилмоқчи бўлган, аммо биз, албатта, қайтариб оладиган қонун. Бунда эса бизга асосий қуролимиз — бирдамлик ёрдам беради», — деб ёзди Тихановская.

25 октябрь куни Тихановская эълон қилган «халқ ультиматуми»нинг муддати тугади. У Лукашенко истеъфо беришини, Беларусда тинч намойишчиларга нисбатан зўравонлик тугатилишини, сиёсий маҳбуслар эса озодликка чиқарилишини талаб қилганди. Ультиматум шартлари бажарилмади.

Минскда 25 октябрь куни «Халқ ультиматуми» норозилик акцияси бўлиб ўтди, у гувоҳлар ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги пайтлардаги энг кўп одам иштирок этган намойиш бўлган. Акция қатнашчиларига қарши ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ёруғлик ва шовқин тарқатувчи гранаталар ва резина ўқлар қўллаган. Жабрланганлар ва қўлга олинганлар борлиги айтилмоқда.

Аввалроқ Светлана Тихановская мамлакатда янгидан президентлик сайловларини ўтказиш юзасидан музокаралар шу йили бошланиши, сайловларнинг ўзи эса йил охиригача ўтказилиши лозимлигини билдирган эди.

АҚШнинг Минскдаги элчихонаси эса собиқ президентликка номзод Светлана Тихановская томонидан Беларусь ҳокимиятига қўйилган ультиматум фонида республикадаги АҚШ фуқароларига оммавий ҳаракатларда қатнашмасликни, шунингдек, камида уч кунлик озиқ-овқат, сув ва дори-дармон захирасини яратишни тавсия қилди.