Бундан роппа-роса 21 йил олдин, 1999 йилнинг 27 октябрь куни Арманистон парламентида содир этилган террористик ҳаракат республикада жиддий сиёсий инқирозни келтириб чиқарганди. Бир гуруҳ қуролланган шахсларнинг ҳужуми натижасида Арманистон бош вазири Вазген Саркисян, Миллий мажлис раиси Карен Демирчян ва яна олти киши – ҳукумат аъзолари ва Миллий мажлис депутатлари ўлдирилди. Етти киши жароҳат олди, 40 дан ортиқ одам гаровга олинди.

Фото: Google Photos

Террористик ҳужумдан олдин Арманистондаги ички сиёсий вазият

1998 йил февраль ойида Қорабоғ масаласида, бош вазир Роберт Кочарян, мудофаа вазири Вазген Саркисян, Ички ишлар ва миллий хавфсизлик вазири Серж Саркисянлардан иборат триумвират босимига қарши тура олмаган Арманистон президенти Левон Тер-Петросян истеъфога чиқди. Роберт Кочарян эса вақтинчалик президент лавозимига эга бўлди ва 1998 йил 30 мартда бўлиб ўтган муддатдан олдинги сайловда президент этиб сайланди.

Вазген Саркисян ва Серж Саркисян ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида масъул бўлиб қолди ва барча ҳокимият аслида уларнинг қўлида йиғилган эди. Бир неча ойдан сўнг Вазген Саркисянга яқин бўлган бир неча кишилар сирли қотилликлар қурбони бўлди: 1998 йил 8 августда Арманистон Бош прокурори Генрих Хачатрян, 1998 йил 10 декабрда мудофаа вазирининг ўринбосари Ваграм Хорхоруни, 1999 йил 9 февралда Ички ишлар вазирининг ўринбосари, ички қўшинлар қўмондони Арцрун Маргарян, 1999 йил 8 мартда журналист Тигран Айрапетянлар ўлдирилди. Кўриб турганингиздек, терактгача бўлган Арманистоннинг сиёсий ҳаёти турли хил ҳокимият талашувларига бой бўлиб, ўзига хос «Тахтлар ўйини» сценарийсини такрорлар эди.

Теракт

1999 йил 27 октябрь куни соат 17:15 да гуруҳ раҳбари журналист ва Арман инқилобий федерацияси (Дашноқсутюн) аъзоси Наири Унанян, унинг укаси Карен Унанян, Эдуард Григорян, Врам Галстян, Дереник Бежанянлардан иборат беш нафар қуролланган шахс Арманистон Миллий мажлисида бўлаётган йиғилиш залига бостириб кириб, президиум ва залда ўтирган депутатлар ва ҳукумат аъзоларига қарата ўқ узди.

Ҳужум натижасида Миллий мажлис раиси Карен Демирчян, Бош вазир Вазген Саркисян, спикер ўринбосарлари Юрий Бахшян ва Рубен Мироян, вазир Леонард Петросян, депутатлар Арменак Арменакян, Микаэл Котанян, Генрик Абраамянлар ўлдирилди. Депутатлар Эрмине Нагдалян, Андраник Манукян, Армен Хачатрян, Эдмонд Цатурян, Жирайр Геворкян ва Эмма Худабашянлар ва хусусийлаштириш вазири Павел Галтахчянлар жароҳат олди.

Адлия вазири Давид Арутюнян, қишлоқ хўжалиги вазири Гагик Шахбазян, ҳукумат аппарати бошлиғи Шаген Караманукян, таълим вазири Эдуард Казарян, маданият вазири Роланд Шароян, давлат даромадлари вазири Смбат Айвазян, транспорт вазири Эрванд Захарян, алоқа вазири Рубен Тоноян, шаҳарсозлик вазири Грайр Ованесян, Молия вазири Левон Бархударян, экология вазири Геворг Варданянлар ва Миллий мажлис депутатлари гаровга олинди. Террористлар гаровга олинганларнинг бир қисмини кечқурун озод қилди, аммо 40 киши гаровда қолди.

Фото: Google Photos

Гаровга олинганлардан бири, Арманистон адлия вазири Давид Арутюняннинг сўзларига кўра, террорчилар ўзларининг ҳаракатларини «кичик инқилоб» деб ҳисоблаганди. Уларнинг асосий мақсади Вазген Саркисянни йўқ қилиш эди. Соат 18:30 да парламент биноси қуролли қўшинлар билан ўралган, кўчалар тўсиб қўйилган. 22:00 га келиб, мамлакат президенти Роберт Кочарян парламент биносига етиб келди. Унинг Наири Унанян билан учрашуви гувоҳларсиз бўлиб ўтди ва улар нима ҳақида суҳбатлашгани номаълум бўлиб қолди.

Тунда Арманистон раҳбариятининг илтимосига биноан ва МДҲда терроризмга қарши биргаликда курашиш тўғрисида қабул қилинган битимлар доирасида Ереванга Россиянинг аксилтеррор бўлими «Альфа» етиб келди. 28 октябрь куни эрталаб хавфсизлик кафолатларига эга бўлган террорчилар таслим бўлди ва Арманистон Миллий хавфсизлик вазирлигига топширилди. Гаровга олинганлар озод қилинди. Шу куни Арманистон Бош прокуратурасида Жиноят кодексининг 61-моддаси (террорчилик ҳаракати) билан жиноят иши қўзғатилди.

Версиялар ва конспирология 

Воқеанинг биринчи норасмий версияси – ҳужумни минтақада манфаатдор бўлган давлатлар АҚШ ва Россия махсус хизматлари уюштиргани кўриб чиқилди. 1999 йил кузига келиб, Қорабоғ муаммосини ҳал қилиш жараёни қайта тикланди. Арманистон ва Озарбайжон президентлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотлар бўлиб ўтди.

1999 йил ноябрь ойида ЕХҲТнинг навбатдаги саммити Истанбулда ўтиши режалаштирилган эди. Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари у ерда ҳужжат имзолашлари кутилганди. Ўртакашларнинг Қорабоғ муаммосини ҳал қилиш бўйича киритган таклифларидан бири «Мегри вариант» эди, унга кўра, Озарбайжон Арманистонга уни Тоғли Қорабоғ билан боғлайдиган Лочин йўлакчасини топширди ва бунинг эвазига Озарбайжоннинг Нахичеван автоном вилоятига ўтиш учун худди шундай йўлак сифатида Мегри вилояти ҳудудининг бир қисмини олди. Ушбу алмашинув натижасида Арманистон Эрон билан 35 км чегарасини йўқотди ва ўзини ташқи дунёдан бутунлай яккалаб қўйди. Арманистоннинг кўплаб сиёсатчилари, жумладан, бош вазир Вазген Саркисян ва спикер Карен Демирчянлар ушбу алмашинувига фаол қарши чиқди.

27 октябрь куни Ереванга АҚШ давлат котибининг ўринбосари Строуб Телботт ташриф буюрди. Вазген Саркисян билан учрашувда ҳудудий алмашинув варианти муҳокама қилинди, аммо бош вазир буни қатъиян рад этди. Кейин теракт содир бўлди. Истанбулда бўлиб ўтган ЭХҲТ саммитида ҳеч нарса имзоланмади.

Фото: Google Photos

Иккинчи версияга кўра, ушбу фитна бошлиғи ва ҳукмрон блок етакчиларига суиқасд ташаббускори – ўша пайтгача сиёсий кучини йўқотиб қўйган Арманистон президенти Роберт Кочаряндир. 1999 йил ёзида республиканинг энг юқори раҳбариятига яқин доиралар мамлакатга конституциявий ўзгаришлар зарурлиги тўғрисида гапира бошлади. Президентлик бекор қилиниб, Арманистон ҳукуматни ғолиб бўлган партия ёки иттифоқ тузадиган парламент республикасига айланади, деб тахмин қилинди. Натижада «Бирлик» блоки иккала етакчисини ҳам ушбу террористик ҳужум натижасида йўқотди ва бу вазиятни тубдан ўзгартириб юборди.

Тергов ва суд жараёни

Террористлар устидан суд жараёни 2001 йил 15 февралда бошланди. Суд тергови уч йил давом этди. Ушбу иш бўйича 91 киши жабрланувчи деб тан олинди, 129 киши гувоҳ сифатида сўроқ қилинди.

2003 йил 2 декабрда Ереван суди Арманистон парламентида содир этилган террористик ҳаракат бўйича суд ҳукмини эълон қилди. Олти судланувчи – собиқ журналист ва тўда раҳбари Наири Унанян ва унинг укаси Карен Унанян, Едик Григорян, Врам Галстян, Дереник Бежанян ва Ашот Князян – умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Гамлет Степанянга 14 йиллик қамоқ жазоси берилди. Еттолови ҳам Арманистон Жиноят кодексининг давлатга хиёнат ва терроризм каби қатор моддалари бўйича айбдор деб топилди. Улардан уч нафари қамоқда вафот этди. Расмий версияга кўра, Норайр Галстян электр токи уриши туфайли вафот этган, ака ука Унанянларнинг амакиси Врам Галстян ўз жонига қасд қилган, Гамлет Степанян эса тўсатдан вафот этган эди.

Террористик ҳужумга алоқадорликда айбланган, аммо кейинчалик далил йўқлиги сабабли қўйиб юборилган собиқ депутат Мушег Мовсисян автоҳалокатда вафот этди, воқеа гувоҳларининг баъзилари эса тез орада Арманистондан чиқиб кетди ва шубҳали шароитларда ҳам ҳалок бўлди.

2019 йил 22 октябрда умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Наири Унанян шартли равишда озод қилиш тўғрисида илтимоснома юборди. Қонунга кўра, умрбод қамоқ жазосини ўтаётган маҳкумлар жазони 20 йил ўтагач, шартли равишда озод қилиш учун ариза беришлари мумкин. Аммо Жазони ижро этиш ва пробация хизмати унинг илтимосномасига нисбатан салбий хулоса берди, шу сабабли жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти 28 октябрь куни маҳкумни шартли равишда озод қилиш масаласини судга киритмасликка қарор қилди.

Хулоса

27 октябрдаги қирғин ташкилотчиларининг асл мақсад ва сабаблари ҳалигача тўлиқ очилмади. Бугунги кунда ҳам Арманистонда ҳеч ким террорчилар мустақил ҳаракат қилганига ишонмайди. «27 октябрь иши» бўйича бўлиб ўтган суд «бу қандай ва нима учун содир бўлди?» деган энг оддий саволларга жавоб бермади. Ҳозирги кунда ҳам кўплаб расмийлар, шу жумладан, оппозиция вакиллари ҳам ушбу терговни давом эттириш тарафдоридир.

Нурбек Алимов тайёрлади.