Ўзбекистонда 2020 йилнинг 1 октябридан бошлаб тўйхоналар фаолиятига рухсат этилган. Бу ҳақда АОКА ҳузуридаги штабда ташкил этилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ботир Қурбонов маълум қилди.

Ботир Қурбонов.

Кадр: UzReport

«Коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалиб кетишини олдини олиш бўйича Республика Махсус комиссиясининг 2020 йил 30 сентябрдаги йиғилиш баёнига асосан карантин чораларини юмшатиш муносабати билан 1 октябрдан тўйхоналар фаолиятига рухсат этилган», — деди Ботир Қурбонов. Унинг таъкидлашича, бунда «барча имкониятларни ишга солган ҳолда 100-200 кишига эмас, чегараланган ҳолда 30 кишига уй шароитида қилинган тўйни тўйхоналарда ўтказишга рухсат берилган».

«Унда яқин қариндошлари, узоқ туманлар ёки бошқа ҳудудлардан меҳмон чақирилмаган ҳолда яқин қариндошлари иштирокида тўйхоналарда туғилган кун, тўй, маърака ва бошқа маросимларни ўтказишга рухсат берилди. Униям узоқ ярим тунгача эмас, коронавирус инфекциясининг аҳоли ўртасида тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида чегараланган вақтда рухсат этилди», — деди у, бироқ «чегараланган вақт» айнан қайси вақт оралиғини қамраб олишига аниқлик киритмади.

Ўзбекистонда коронавирус пандемияси сабабли 23 мартдан 1 июнгача, шунингдек, 10 июлдан 15 августгача тўй ва бошқа оилавий маросимларни ўтказиш тақиқланган эди. 15 августдан бошлаб оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказишга рухсат берилган.

Республика махсус комиссиясининг 5 сентябрдаги қарорида, жумладан, тўйхоналар фаолиятига тақиқ сақланиб қолиши кўрсатиб ўтилган эди. Жумладан, ССВ ҳузуридаги штаб аъзоси Рустам Икромов, агар вазият ўзгармаса, тўйларни ўтказиш билан боғлиқ тартиб сентябрь ойида ўзгаришсиз қолишини маълум қилган эди. Республика махсус комиссиясининг 30 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилиши, унда 1 октябрдан тўйхоналарда тўй ўтказишга рухсат бериш ҳақида қарор чиқарилгани ҳақида шу вақтгача бирор расмий манбада тўлиқ ахборот берилмаган эди.

Қайд этиш жоиз, сентябрь ойида бир қатор машҳур шахслар ўз тўйларини уйдан ташқаридаги масканларда (хусусан, Tashkent City’даги ресторанда) ўтказгани муҳокамаларга сабаб бўлган эди.