Ҳар йили дунё бўйлаб ўтказиладиган рейтингларга кўра, Швеция энг бахтли инсонларлар яшайдиган давлатлар ўнталигига киради. Бундан ташқари мамлакат Европадаги муҳожирлар яшайдиган энг яхши давлат сифатида кўп бора эътироф этилган. Хўш, Швецияда мигрантлар учун қандай имконият ва имтиёзлар бор? Мамлакатда  яшаш ва ишлаш учун нималар қилиш керак? Бу ҳақда «Дарё»га кўп  йиллардан буён Швециянинг Стокгольм шаҳрида истиқомат қилаётган Бобур Умурзаков ва Аиша Алиева батафсил ҳикоя қилиб берди.

Швеция ҳаяжони

Мен Аиша Алиева, ёшим 23 да. Бу ерга 8 йил олдин оилам билан кўчиб келганмиз. Швецияга келганимизнинг биринчи йилидаёқ доимий яшаш гувоҳномаси олганмиз.

Фото: Instagram / @Aishaliieva

Бошидан батафсил айтиб берадиган бўлсам, онам асли ўзбекистонлик. Қирғизистонга келин бўлиб тушганлар. Мен Бишкекда туғилганман. Ота-онам кўп ўтмай ўз бизнесларини бошлаш учун Қозоғистонга кўчиб кетишди. Мени эса холамникига – Тошкентга юборишган. Пойтахтдаги мактабда 6-синфгача таҳсил олганман.

Ота-онам ўзларини моддий жиҳатдан тиклаб олганидан сўнг мени ёнига чақирганлар. Шундай қилиб, 6-синфдан бошлаб Қозоғистонда оилам бағрида ўқишимни давом эттирдим. Бир неча йилдан кейин уйдагиларим маълум бир сабабларга кўра бошқа давлатга, яъни Швецияга кўчиб кетишга қарор қилишди. Ўшанда 15 ёшда эдим.

Кўпчилик янги давлатга кўникиб кетишга қийналмаганмисиз, деб сўрайди. Очиғини айтганда, ота-онам ёнимдалиги учун мен бошқа давлат ҳаяжонини, қийинчиликларини сезмаганман. Умуман олганда, янги муҳитга мослашиш қийин кечмаган. Икки йил давомида швет тилини ўргандим. Кейинчалик Бобур ака билан совчи орқали танишиб, оила қурдик. Ҳозир икки фарзандимиз бор.

Фото: Instagram / @Aishaliieva

Швецияга бориш йўллари ҳақида

Швецияга кўчиб келганимизда жуда ёш эдим. Ота-онам қандай ҳужжатлар тайёрлаган, қандай муаммоларга дуч келишган, очиғи, билмайман. Лекин турмуш ўртоғим 15 йилдан бери шу ерда яшайди. У бу ҳақда батафсил маълумот бериши мумкин.

Бобур Умурзаков:

Швеция аслида мигрантларга тўла давлат. Мамлакатга кунига турли хил йўллар билан минглаб муҳожир кириб келади.

Масалан, мен бу ерга 15 йил олдин келганман. Ўшанда ўзбек санъаткорлари билан биргаликда Германияга гастролга борганмиз. Кейин Германия элчихонасидан Швецияга бориш учун бизга ҳужжат тайёрлаб беришган. Шундан кейин бу ерда ишлаб, доимий яшаш гувоҳномаси олганман.

Фото: Instagram / @Aishaliieva

Кўпчилик давлатга сайёҳлик визаси билан ёки Польша, Норвегиянинг бир йиллик иш визаси билан келади. Лекин ҳозир миграция анча қийин бўлиб қолган. Польша иш визаси билан ҳеч ким бу ерда ишлолмайди.

Мамлакатга келган муҳожир дастлаб миграция хизматига келиш сабабини айтиб, мурожаат қилади, керакли ҳужжатларини топширади. Масалан, сурияликлар юртидаги зиддиятлар, босимлар ҳақида ёзиб, ёрдам сўрайди.

Миграция агентлиги ҳужжатларни кўриб чиқиб, лозим топса, муҳожирни узоқ қишлоқларга юборади. Ишлаши учун карточка беради. Яшаш учун етадиган пул ва бошпана билан таъминлайди.

Авваллари Ўзбекистондан келадиганлар учун вазият ва ҳолатдан келиб чиққан ҳолда қўшимча имкониятлар бўларди. Лекин 2016 йил Шавкат Мирзиёев президент бўлгандан буён қўмита Ўзбекистонда одамларни яшашига тўсқинлик қилувчи муаммони кўришмаяпти. Ўзбекистон тинч, яшаш учун керакли шароитлар бор деб тезроқ ҳужжатини чиқариб, ортга қайтариб юборишяпти.

Фото: Instagram / @Aishaliieva

Кундан кунга миграция қийинлашиб бормоқда

Авваллари муҳожир бу ерда кимгадир уйланса, мамлакатда қолиш имконияти бўларди. Шунинг учун айримлар ёлғондан бўлса ҳам оила қурарди. Лекин ташкилот ҳам аҳмоқ эмас. Улар бирга яшаяптими, йўқми билиш учун ташкилот келиб, керак бўлса интим саволлар бериб бўлса ҳам буни текшириб туришади.

Ўқиш учун ҳам Швецияга келиш мумкин. Бу ерда университетлар асосан текин. Ҳар бир олийгоҳнинг белгиланган баллари бор. Абитуриентлар шунга қараб ҳужжатларини топширишади. Талабларга жавоб берса бўлди, ўқишга киради.

Лекин бир нарсани очиқ айтишим керак, Швецияда 15 йилдан буён яшаётган бўлсам, ҳалигача бирор марта ўқишга келиб, қолдим деган гапни эшитмадим.

Фото: Instagram / @Aishaliieva

Мамлакатда ишлаш қоидалари

Швецияда ишчи визаси икки йилга берилади ва буни муҳожир ишлаётган ташкилот тайёрлаб беради. Мамлакатнинг қонунларига кўра кейинги икки йилни ҳам ўша ташкилотдан олиши керак. Бошқа жойга ишга ўтса, яна бошидан бошлашига тўғри келади. Икки бор ишчи визасини олган одам кейингисини бошқа ташкилотдан олиши мумкин. Учинчи ишчи визасидан олиб, солиқларни ўз вақтида тўлаб борса, кейинроқ фуқаролик олиш учун топшириши мумкин.

Тил билган муҳожир пул топишга қийналмайди

Швецияда ҳам Россиядагидек қора иш қиладиганлар бор, лекин агар мигрант тил биладиган бўлса миграция берган ҳужжат билан ҳам яхши жойда ишлаши мумкин.

Аиша Алиева:

Қўшимча қилсам, мигрантлар одатий юмушлар - тозалаш билан шуғулланадиган фирмаларда, қурилишда ишлаши мумкин. Мамлакат қонунларига кўра, талабаларнинг ишлашига ҳам рухсат берилган. Талабалар кўпроқ официантлик қилишади, офис ва меҳмонхона қабулхоналарида ишлайди. Яна бир муҳим факт -  швет тилини билиш шарт эмас. Инглиз тили билан ҳам пул топса бўлади.

Фото: Instagram / @Aishaliieva

Швецияда ўртача ойлик – 2,5-3 минг доллар

Швецияда ўртача ойлик долларга ҳисоблаганда 2,5-3 минг доллар атрофида бўлади. Лекин бу ерда ҳам бошқа жойларга ўхшаб, касбларнинг минимум бериладиган суммаси бор. Масалан, қурилишда минимал қонун бўйича белгилаган нархи соатига 140 крон (14 евро), меҳмонхона тозаловчиларининг соати эса 100 крондан (10 евро) бошланади. Албатта, бу солиқни ҳисобламаганда.

Швециядан ўрнак оладиган жойларимиз кўп

Очиғини айтганда, нафақат Ўзбекистон, балки бошқа давлатларнинг ҳам Швециядан ўзлаштирадиган жиҳатлари жуда кўп. Айнан уч категория бўйича изоҳлаб бермоқчиман:

Биринчидан, тиббиёт ҳамма учун текин. Масалан, турли хил оғир касалликлар, 3 ёшдан 21 ёшгача стоматологлар хизмати ва умуман барча хизматлар текин. Ўзбекистонда ҳам тиббий хизматлардан фойдаланиш текин дейишингиз мумкин, лекин текин жойига ҳеч ким бормаслигини яхши биламиз. Бу ерда эса текинлиги билан бирга сифати ҳам аъло даражада.

Иккинчидан, мактаблар, университетлар бепул ва 65 ёшгача ўқиш мумкин. Ўқишдан бериладиган овқатлар ҳам текин. Аниқ фактлар мисолида айтадиган бўлсам, мактаблар ҳар бир ўқувчи учун ойига минг евро сарфлайди. Ҳозир Fölkhögskola коллежида ўқийман. Ўқишим ҳар ой 1 100 доллар стипендия беради.

Учинчидан, фуқароларни ижтимоий ҳимояси ҳам юқори даража. Försäkringskassa деган бир ташкилот бор. Агар бирорта инсон касал бўлиб қолса ёки қўли синиб бир ой ишлолмай қолса, икки ҳафта ишхонаси қолган икки ҳафта Försäkringskassa пул билан таъминлайди. Ёки нимадир бўлиб ишини йўқотса, яна ўша ташкилот ёрдам беради.

Яна бир тарафи ҳомиладор аёлларга ҳомиладорлик таътили пули ва болаларни ногиронлик, 18 ёшгача бўлган ёрдам пуллари ҳам Försäkringskassa’дан олинади.

Фото: Instagram / @Aishaliieva

Швецияда миллат, дин ажратилмайди

Мамлакатда ҳар бир дин вакилларига яхши муносабатда бўлишади. Мусулмон, атеист, буддист деб ҳеч қачон ажратилмайди. Умуман диннинг аҳамияти йўқ. Энг муҳими, бировга зарар етказмаса бўлгани.

Швециядаги ўзбеклар

Швецияда ўзбеклар жуда кўп. Қирғизистон, Қозоғистондан келган ўзбекларни ҳам кўп учратиш мумкин. Адашмасам, Швецияда 20 мингга яқин ўзбек яшаса керак. Чунки автобус, метро ва жамоат жойларида ўзбекча мулоқотлар кўп қулоққа чалинади.

Бобур Умурзаков: 

Ўзбеклар орасида муносабат яхши эмас

Очиғини айтганда, ўзбеклар, гуруҳ-гуруҳ бўлиб юрганларни айтмаганда, бир-бирлари билан яхши муомала қилмайди. Кўча-кўйда ўзбекча сўзлар қулоққа чалинса ҳам бориб, ҳеч ким танишмайди. Бошқа миллатларга қараганда ўзбеклар орасида муносабат унчалик яхши эмас деб ўйлайман. Сабаби, озарбайжон, чечен, арманларни кўраман, юртдошлари билан жудаям аҳил, оқибатли...

Фото: Instagram / @Aishaliieva

Мисол учун, бир озарбайжонлик танишим бор эди. Бир куни ватанидан ёш оилани кўчиб келганини қаердандир эшитиб қолиб, уларни телефон рақамини топиб, уйига борган. Ҳол-аҳвол сўраб, эҳтиёжи бўлган телевизор ва диван олиб бориб берган. Аслида бир-бирларини умуман танимайди, лекин бир жойдан бўлгани учун шунчалик меҳрибонлик қилган. Афсуски, бизда ундай эмас.

Агар ўзбек кўчада қолиб кетса...

Илоҳим, бу ҳеч кимнинг бошига тушмасин, лекин агар бирор юртдошимиз бу ерда кўчада қолиб кетса, албатта ёрдам берамиз. У хоҳ ўзбек бўлсин, хоҳ бошқа миллат инсонийлик юзасидан ҳам кўмак берилади.

Ишонч билан айтаманки, Швеция ҳукумати ҳеч кимни кўчада қолдириб қўймайди. Уларни янги келганлар учун ажратилган уйга жойлаштиради, уч маҳал овқат билан таъминлайди. Кийими бўлмаса, олиши учун пул берилади.

Хуллас, Швецияга келган одам кўчада қолиб кетмаслигига кафолат бор.

Фото: Instagram / @Aishaliieva

Аиша Алиева:

Швециядаги ҳаётимиз

Швецияда давлат квартирасида ижарада турамиз. Бу каби уйларни олиш учун одамлар йиллаб навбатда туради. Бу давлатнинг уйи тўғри, лекин агар сиз шовқин қилиб, қўшниларнинг тинчини бузмасангиз, уйни сиздан ҳеч ким олиб қўёлмайди. Ҳайдаб чиқариб юборолмайди.

Ҳаётимдан мамнунман

Алҳамдулиллаҳ, бу ерда ҳаётим ўзим хоҳлагандек. Ота-онам ёнимда, турмуш ўртоғим мени ҳамиша қўллаб-қувватлайди. Болаларим боғчага боради. Шу давлат яратиб берган барча шароитдан жудаям мамнунман. Ўзимни бу ерда жуда эркин ҳис қиламан.

Ҳозирда Fölkhögskola коллежининг 3-босқичида таҳсил оламан. Ўқиш ва болалар тарбиясидан ортиб, YouTube’да влогерлик қиламан. Швецияда яшаш, мамлакатдаги ўзбекларнинг ҳаёти,турмуш тарзи ҳақида турли хил влоглар олиб, каналимга жойлаб бораман.

Фото: Instagram / @Aishaliieva

Келажакдаги ниятларим жудаям кўп. Ўзим орзу қилган касбга ўқишни, Қуръони каримни ёдлашни ҳамда ҳамма оналар каби фарзандларимга чиройли тарбия бериб, уларнинг яхши инсон бўлишларини истайман.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди

Мавзуга доир:

«Ҳаётимизни яхшилаш учун Португалияга келганмиз». Португалияда ўз бизнесини йўлга қўйган ўзбекистонлик аёл ҳикояси

«Бир йилда ўртача 15 дақиқа электр ўчиши мумкин». Данияда яшаётган ўзбекистонлик аёл билан суҳбат

Россияга ўқишга борган талабани қандай ҳаёт кутмоқда? Ўзбекистонлик Зарнигор Омониллаева ҳикояси

Google’да ишлаётган ўзбек йигити нима учун Ўзбекистонга қайтмоқчи эмас?

Буюк Британияда ўқиб, ҳозирда ўша ерда ишлаётган ўзбекистонлик Нурхон Эгамова ҳикояси

Миллиардерлар пойтахти Дубайда ишлаётган ўзбекистонлик Мурод Комилов ҳикояс

13 маротаба IELTS имтиҳонини топшириб, 8.5 балл натижани қайд этган Бекзод Мираҳмедов ҳикояси

«Барчаси учун Хитойдан миннатдорман!» Хитойда докторантурада ўқиётган ўзбекистонлик Нафосат Тожибоева ҳикояси

Германияда ўқиш осонми? Ўзбекистонлик талаба ҳикояси

Ким бўлсанг ҳам энг яхшиси бўл! Гарвард тиббиёт олийгоҳининг илмий тадқиқотчиси ўзбекистонлик Жамшид Жамбулов ҳикояси