«Дарё» колумнисти Раҳимжон Қудратов навбатдаги тақризида жаҳон адабиётида ва киночилигида ўз ўрнига эга машҳур Шерлок Холмс ҳақида ҳикоя қилади.

Тафаккур куйчиси

Ёзувчи ва шифокор Артур Конан Дойлнинг 1887 йилда ёзилган «Алвон йўллар аро тадқиқот» асари ҳеч қайси нашриёт томонидан қабул этилмагач, фавқулодда омадга учраб, янги йилдаги хайрия дастури остида чоп этилишга муваффақ бўлди. Кейинчалик бутун дунёга танилган, бир неча ёзувчиларнинг илҳом манбайига айланиб, уларнинг асарларига кўчиб ўтган ҳамда фаолияти асосида кўплаб фильмлар олинган қаҳрамон – изқувар Шерлок Холмс образи илк маротаба айни шу асарда учрайди.

Артур Конан Дойл.

Фото: Google Photos

Биринчи асарданоқ барчада илиқ таассурот уйғотган қаҳрамонимиз кейинги қирқ йил давомида Конан Дойл қаламига мансуб эллик олтита ҳикояни ўзи ичига олган тўртта романнинг бош образига айланиб, ўзининг минглаб мухлисларини топди. Муаллиф ўз асарида Шерлок образини ўлимга маҳкум этган чоғда омманинг ғазабига сабаб бўлиб, йигирма мингдан зиёд инсонлар адибнинг ҳикоялари босиб чиқариладиган «Странд» журналидаги обуналарини бекор қилганининг ўзи Шерлокнинг қанчалик севимли қаҳрамонга айланганини исботлайди.

Ўз даврида Шерлок Холмс туркумидаги асарларнинг деярли барчаси саҳналаштирилди. 1900 йилларга қадар Шерлок образи саҳна кўринишлари, кино, телевидение ҳамда бошқа ёзувчиларнинг асарларида икки ярим мингдан зиёд маротаба кўриниш бериб, «бутун дунё тарихида фильм ва китобларда энг кўп такрорланган қаҳрамон» сифатида Гиннес рекордлари китобидан жой олди.

Китоб дунёсига ошуфта бирор китобхон йўқки, таниқли изқуварнинг кузатувчанлиги, тафаккур этиш ҳамда хулосалаш услуби ва албатта, жиноятларнинг тагига етишда илмий йўллардан фойдаланиш жараёни тўғрисида ўқий туриб қойил қолмаган бўлса. Детектив адабиётининг илк қаҳрамони бўлмаса-да, ўзгачаликни сақлаб, ўз номини абадийлаштира олган қаҳрамонимиз Шерлокнинг ўзгалардан фарқли қандай жиҳати бор эдики, бу жиҳат унинг донғини оламга тарата олди?

Қаҳрамонимиз тасвирлагани каби «жиноят одатий ҳолга айланиб, тафаккур танқислашган дунё»да адабиёт ўз даври муаммоларга ечим бўла оладиган қаҳрамон яратиши табиий ҳол. Умуман олганда, адабиёт ҳар доим одамларга илҳом бахш этувчи, уларнинг хаёлларини ҳаётга кўчирувчи, инсонлар ҳавас қиладиган ва унингдек бўлишга интиладиган қаҳрамонларга муҳтож бўлади. Шубҳасизки, Шерлок Холмс ўқувчи учун ана шундай муносиб идеаллардан бири бўла олди. Алоҳида жозибага эга сирли саргузаштлар тўғрисида ўқийдиган ҳар қандай китобхон изқувар Шерлокнинг ҳаракатлари ва ўзини тутиши тўғрисида ўқий туриб, ич-ичидан гоҳ англаб, гоҳ англамай унингдек бўлишга интилади.

«Шерлок Холмс» фильмидан лавҳа

У ҳавас қилгулик қандай хислатларга эга эди? Шерлок барча жиноятларни ечишда ҳиссиёт ва ортиқча таассуротлардан воз кечиб, фақатгина фактларни ҳисобга олади ҳамда ҳар бир босган қадамида тафаккур ва мантиқий хулосалаш йўлидан боради. Ўзга инсонлар шунчаки кўрса, Шерлок нафақат кўради, балки кўрганларини кузатади ҳам: «Сиз кўрасиз, бироқ кузатмайсиз. Ҳар куни йўлингизда бир нечта нарсаларга дуч келасиз. Аммо мен сиздан уларнинг нечта эканини сўрасам, айта оласизми? Айта олмайсиз, қадрдоним, чунки сиз кўрасиз, аммо эътиборга илмайсиз».

Изқувар учун майда тафсилотлар ҳам муҳим, айтиш жоиз бўлса, энг муҳими. Кўриниб турган оддий ҳақиқат алдаши мумкин, аммо кўз илғамас майда тафсилотлар ҳеч қачон алдамайди, алдай олмайди. Шерлокнинг ўз сўзлари билан айтганда, «буюк тафаккур соҳиблари учун майда нарсанинг ўзи йўқ». Шу ва шу каби ноодатий одатлар изқувар учун жиноятни ечишда асосий калит бўлиб хизмат қилади.

Фантастика чегарасига энг яқин реаллик

Фантастика жанри ўзининг кўплаб мухлисларга эга экани билан ажралиб туради. Нега шундай? Чунки инсонлар фантастик асарларда ўзлари эриша олмайдиган, аммо истайдиган мукаммалликни кўради. Китобхонларнинг изқувар Шерлокка бўлган муҳаббатининг сабаби эса Шерлок ғайриоддий ва иложсиз туюлган, аммо эплаб, бажариш мумкин бўлган ҳаракатларни амалга оширади, ғайритабиийликни табиийлик босқичига туширади. Натижада сиз фантастика эмас, балки фантастика каби кўринган реаллик таъсирига тушиб қоласиз.

Китобхон Шерлокнинг кичик тафсилотлар орқали йирик маълумотларни фош этаётганига қараб, аввалига «бўлиши мумкин эмас», деган фикрга келса, қаҳрамонимиз хулосага етаклаган кичик сабаблар занжирини изоҳлаб берганда китобхон ичида ярқ этиб «ахир, буни мен ҳам аниқласам бўларди!» деган фикр пайдо бўлади. Инсон ўз ҳаёти давомида янгидан янги қобилиятларни эгалласа-да, улар беролган завқ маълум муддат ўтгач ўз кучини йўқотади. Инсонларнинг иложсиз мукаммалликка бўлган мунтазам интилиши эса ҳеч қачон тугамайди. Шерлок образида эса кишиларнинг орзуси бўлган ана шу «мукаммаллик»ни кўриш мумкин.

«Шерлок Холмс» фильмидан лавҳа

Унингдек бўлиш бир қараганда жуда осон, бир қадамлик йўл, бир қараганда эса етиб бўлмас олис манзил каби туюлади. Бу зиддиятнинг сабаби шундаки, одамларнинг мукаммаллик борасидаги тасаввурлари янглиш. Изқувар Шерлокнинг билимдонлиги бу тасаввурларни парчалаб ташлашга хизмат қилади. Сир-синоатга бой туюлган масалалар содда, аммо кўз илғамас, майда тафсилотлар орқали ечилиши мумкин эканини англаб етган ўқирман, мукаммаллик фақат номаълум нарсаларгагина хослигини, ечилган ҳар қандай масала оддий тус олишини ва албатта, барча мукаммал кўринган қобилиятлар остида содда, аммо зарурий услублар ётишини англаб етади.

Қаҳрамон билан бирга синоатларга тўла саргузаштга отланган китобхон китобни ўқиб тугатган чоғида ҳам унинг таъсиридан чиқиб кета олиши даргумон. Бундай таъсир доирасига тушиб қолган киши юрган йўлида ҳам, ўтирган ўрнида ҳам атроф-муҳитга сочилиб ётган майда тафсилотлардан тафаккур кучи орқали занжир ясашга уринади ва эҳтимолки, буни амалга ошира олади ҳам. У олдин фақатгина ҳодисаларнинг ўзига диққат қилган бўлса, эндиликда уларнинг тубида ётган номаълум сабабларга ҳам қизиқа бошлайди. Бир асарнинг ўқувчига ўтказа оладиган таъсири бундан ортиқ бўла олмаса керак.

Идеалларимизнинг реал ҳаётдаги асл тасвири ва ҳақиқат йўлидаги курашнинг энг мукаммал йўлини тасвирлаб, бир пайтнинг ўзида ўқувчиларга ҳам мароқ бағишлаб, ҳам муҳим нарсаларни ўргата олган асар мухлислар қалбида ҳали узоқ муддат давомида сақланиб қолишига ишончим комил.

Тартибсизлик ичра туғилган тартиб

Асардаги жиноий жараён кўп ҳолларда тартибсизлик ичра бошланиб, бунда воқеа, жой ҳамда иштирокчилар ўртасида узвий алоқа топиш анча мушкул кечади. Изқувар эса чувалган ип каби тартибсиз ҳодисаларни онги ичра тартибга келтира бошлайди. Конан Дойлнинг барча ҳикоялари сир ва ғаройиботларга бой бўлса-да, муаллифнинг ўзи ҳикоялари ичидан «Доғли тасма» ҳикоясини энг яхшиси, дея эътироф этади. Бу ҳикоя Елена Стонeр исмли хонимнинг Шерлок Холмс олдига паноҳ излаб келиши тўғрисидаги воқеа билан бошланади. Еленанинг синглиси икки йил олдин даҳшатли ва сирли тарзда ўлим топган бўлиб, зулмкор ўгай отаси билан яшайдиган Елена ўз ҳаётининг хавф ости эканига гумон қила бошлагач, изқувардан паноҳ излаб келади.

«Шерлок Холмс» фильмидан лавҳа

Хўш, ўгай ота сингилни ўлдирган эдими? Елена алдаётган бўлиши мумкинми? Шерлок умид излаб келган аёлга ёрдам беришга улгурадими ёки яна бир қотиллик рўй беришига тўғри келадими? Ҳикояни ўқиш давомида бу каби саволлар ўқувчи хаёлларида айланишдан тўхтамайди. Биз эса ечим ўқувчи учун сир бўлиб қолгани маъқул, деб биламиз. Мавҳум жумбоқларга бой асарларга қизиқадиган ўқувчилар учун асар тўғрисида эшитиш эмас, балки китобнинг ўзини ўқиб кўриш анчайин фойдалироқ. Детектив шундай жанрки, китобни ўқиб чиқишдан олдин воқеалар ривожи тўғрисида озгинагина кўпроқ маълумотга эга бўлсанг, мутолаа завқи йўқолади. Ўз изқуварлик қобилиятлари ва синчковлигини синовдан ўтказмоқчи бўлганлар учун энг тўғри йўл эса албатта, изқувар Шерлок билан биргаликда саргузаштга отланишдир.

Иқтибослар:

  • «Менинг миям ҳаракатсизликка дош бера олмайди. Менинг қўлимга муаммо, иш, энг тушунарсиз сир ёки чалкаш таҳлилларни тутқазинг, мен шундаги эркин нафас олишим мумкин. Мен кундалик ҳаётнинг зерикарли тартибларидан нафратланаман. Мен ақлий лаззатларга интиламан. Шу сабабли ҳам мен шу касбни танладим, яънаям аниқроқ айтганда, якка ўзим учун бу касбни яратдим».
  • «Қўлингда далил бўлмай туриб, назария яратиш – энг катта хатодир. Бунинг натижасида киши назарияларини фактлар орқали ҳосил этиш ўрнига, фактларни ўз назарияларга мослаштиришга ҳаракат қилади».
  • «Яққол кўриниб турган фактдан кўра алдамчироқ нарса йўқ».
  • «Бутунлай иложсиз бўлган ҳолатлар четлаштириб чиқилганда, нимайики қолиши ва у қанчалик ноодатий кўринишидан қатъий назар, у ҳақиқат бўлади».
  • «Нақадар ғайриоддий! – деди Ватсон. ‘Жуда ҳам оддий’ – жавоб берди Шерлок».

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.