Аҳолининг инвестиция ва жамғариш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, қимматбаҳо металлар муомаласини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Марказий банки ўлчовли олтин қуймаларни тижорат банклари орқали сотувга чиқармоқда. Бу ҳақда Марказий банк томонидан маълум қилинди.

Фото: Марказий банк

Оғирлиги 5, 10, 20 ва 50 грамм бўлган, 999,9 софликдаги олтиндан тайёрланган қуймалар махсус ҳимоя қадоқларида сотув учун тақдим этилади. Олтин қуймаларнинг қадоғи сертификат вазифасини бажаради ва ўз серия рақамига эга бўлади.

Олтин қуймаларнинг сотиш ва қайтариб сотиб олиш нархлари олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи ва Марказий банк томонидан белгиланган маржа ёки чегирма асосида шаклланади ва ҳар куни Марказий банкнинг веб-сайтида миллий валютада эълон қилиб борилади.

Қадоқлари бут олтин қуймалар сотув шохобчаларида тижорат банки томонидан ёмби эгасига тўловни дарҳол амалга ошириш орқали қайтариб сотиб олинади.

Қадоғи бузилган ёки техник талабларга мос келмайдиган олтин қуймаларни қайтариб сотиб олиш уларни техник экспертизадан ўтказиш орқали амалга оширилади ва экспертиза ўтказилгандан сўнг тўлов тўлаб берилади.

Фото: Марказий банк

Олтин қуймалар Италиянинг «Certiline Srl.» компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган махсус қадоқларда муомалага чиқарилади.

Фото: Марказий банк

Олтин қуйма ва унинг қадоғи бир хил серия рақамига эга. Қадоқда 3 турдаги ҳимоя элементи мавжуд:

Фото: Марказий банк

Сотувга чиқарилаётган тўрт турдаги олтин қуймаларининг нархлари қуйидагича:

  • 5 граммли қуйма — 3 436 000 сўм;
  • 10 граммли қуйма — 6 623 000 сўм;
  • 20 граммли қуйма — 13 121 000 сўм;
  • 50 граммли қуйма — 32 177 000 сўм;
  • Марказий банкнинг эсдалик олтин тангаси (31,1 грамм) — 20 014 000 сўм.

Қуймалар ва тангаларни мамлакатнинг барча вилоятларидаги банкларда сотиб олиш мумкин. Уларнинг тўлиқ рўйхати билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда банклар олтин ёмбилари сотишни бошлаши 2020 йилнинг июль ойида маълум бўлганди. Сентябрь ойида қабул қилинган «Қимматбаҳо металлар муомаласини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони билан Ўзбекистонда жисмоний шахсларга қимматбаҳо ёмби ва тангаларни хорижга чекловларсиз олиб чиқиш ҳуқуқи берилди.