Бир қанча фильмлардаги моҳирона ижроси туфайли машҳурликка эришган актёрлар кино соҳасига кирмасдан аввал бошқа касбларда оддийгина ходим бўлган. Албатта, уларни бошқа соҳада тасаввур қилиш қийин. Аммо санъат, карьера, машҳурликка интилиш уларнинг нафақат касбини, балки ҳаётини ҳам тубдан ўзгартириб юборган.

Раж Кумар

Фото: «Яндекс Дзен»

Афсонавий актёр ва диалоглар қироли Раж Кумар аслида касби бўйича полиция инспектори бўлган. Актёр «Юқори табақа вакиллари» ва «Қасоскорлар» фильмларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходими ролини ижро этишда ўз тажрибасидан унумли фойдаланган. 1940 йилларда Кумар Мумбайдаги Махим полиция идорасида кичик инспектор вазифасида ишлаган. 1952 йил кино соҳасидаги дебютини режиссёр Нажам Накви суратга олган «Rangeeli» фильмидан бошлаган.

Амитабх Баччан

Фото: «bollyфильм.ru»

Баччан актёрлик фаолиятидан аввал «Bird and Co» юк ташиш фирмасида менежер сифатида иш бошлаган. 1968 йилда ўз ишини ташлаб, кино соҳасига кириб келган. Орадан бир йил ўтиб Хожа Ахмед Аббас режиссёрлик қилган «Етти ҳиндистонлик» лойиҳасида иштирок этган.

Сунил Датт

Фото: «bollywoodtime.ru»

Таниқли актёр, режиссёр, сиёсатчи Сунил Датт ўз фаолиятини Best Transport компаниясининг бош директори сифатида бошлаган.

Датт омборда ишлаб юрган вақтда Жаи Ҳинд коллежига ўқишга кирган. Кейинчалик Цейлон радиосида «Lipton Ke Sitare» номли кўрсатувга ишга жойлашган. Шундан кейингина режиссёр Рамеш Сайгал томонидан суратга олинган «Темир йўл станцияси» лойиҳасида дебют ролини ижро этган.

Боман Ирани

Фото: «bollyфильм.ru»

Актёр кино санъатига 53 ёшида кириб келди ва илк ролини «Муннабой» фильмидаги ижроси билан бошлади. Ирани бу вақтгача, албатта, бошқа касб билан шуғулланиб келган. У 27 ёшигача Мумбайдаги Тож Маҳал меҳмонхонасида официант бўлиб ишлаган, шунингдек, оилада новвойчилик дўконига ҳам ёрдам бериб турган. Кейинчалик у ўз касбини ўзгартиради – ўзининг хоббиси ҳисобланган сураткашлик билан шуғулланган. Сураткашлик орқали уни театр оламига киришга илҳомлантирган хореограф Шиамак Давар билан учрашган.

Навазуддин Сиддики

Фото: «kino-teka.com»

Навазуддин болалигидан актёр бўлишни орзу қилган, лекин имконият бўлмаганлиги туфайли нефть-кимё компаниясида кимёгар бўлиб ишлаган. Сўнгра қўриқчилик вазифасида ишлаган кезлари театр труппасининг аъзоси бўлган. Охири Миллий драма мактабига ўқишга киришга муваффақ бўлди ва бугунги кунда Ҳиндистоннинг энг яхши актёрларидан бири ҳисобланади.

Амиша Пател

Фото: «Яндекс Дзен»

Маҳоратли актриса АҚШнинг нуфузли Tafts университетида иқтисодиёт бўйича олтин медал соҳибаси. Актриса Массачусетсда ўқишини якунлагандан сўнг «Khandwala Securities Limited» компаниясининг молиявий бўлимида ишлаган. Унинг энг катта дебютларидан бири Ритик Рошан билан партнёр сифатида «Севишингни айт» фильмидаги ижроси бўлди.

Паринити Чопра

Фото: «bollyфильм.ru»

Болливуднинг энг таниқли юлдузларидан бири Приянка Чопранинг амакиваччаси Паринити Чопра Буюк Британиянинг Манчестер бизнес мактабида таҳсил олган.

Ўқиши давомида Паринити турли хил ишларда ишлаб кўрди, шунингдек, «Манчестер Юнайтед» футбол клубида стадиондаги ўйинлар мобайнида овқатланишни ташкил қилиш вазифасида ҳам ишлаган. Ҳиндистонга қайтгач Yash Raj Films’да маркетинг бўйича мутахассис бўлиб ишлай бошлаган. 2011 йилда эса «Рики Бахлга қарши хонимлар» фильмида рол ижро этган.