АҚШда янги президентни сайлаш жараёнлари давом этаётган бир вақтда Кентукки штатининг Реббит-Ҳеш шаҳри мэрини сайлаш бўйича сайловолди пойгаси бўлиб ўтди, деб ёзади Esquire.

Фото: Facebook / Rabbit Hash Historical Society

Овоз бериш жараёнлари якунига кўра, шаҳарнинг янги раҳбари этиб Уилбур лақабли француз бульдоги сайланган.

Уилбур жами 22 985 овоздан 13 143 тасини қўлга киритган. Шаҳар тарихий ҳамжамиятининг маълумотларига кўра, бу Реббит-Ҳеш тарихидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Фото: Facebook / Rabbit Hash Historical Society

Шунингдек, шаҳар мэри лавозимига Жек лақабли бигль (овчи ит) ва тилларанг ретривер — Поппи ҳам курашган. Бироқ мағлубиятга қарамай, улар ўзларини сиёсатда синаб кўриши мумкин: уларга Реббит-Ҳеш элчиси лавозимлари насиб этган.

Реббит-Ҳеш мэрлигига сайлов ўтказиш анъанаси 1990 йиллар охирида пайдо бўлган. Бу каби сайловлар ёрдамида тарихий ҳамжамият маблағ жалб қилади: овоз беришни истаган ҳар бир инсон 1 доллар тўлаши керак.

Фото: Facebook / Rabbit Hash Historical Society

Фото: Facebook / Rabbit Hash Historical Society

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойида АҚШнинг Виржиния штати политехника университети Мус лақабли лабрадор-ретривер зотли итга ветеринария фанлари доктори унвонини берган эди.