Бундан салкам 200 йил олдин, 1821 йилнинг 11 ноябрида буюк адиб, жаҳон адабиётининг ёрқин юлдузи Фёдор Достоевский дунёга келган эди. Сана муносабати билан «Дарё» колумнисти Раҳимжон Қудратов Достоевский ижоди ҳақида сўз юритади.

1821 йил 11 ноябрда Москвада таваллуд топган Достоевский ёшлик чоғлариданоқ қашшоқлик ва бечораликнинг аянчли оқибатларини кўриб улғайди. Муҳит унинг фикрлашига таъсир этмай қўймади. Мисол учун, камбағал инсонлар ҳаёти тасвирини Достоевский 24 ёшида ёзган «Фақир одамлар» асаридан тортиб, умрининг сўнгги йилларида ёзган «Ака-ука Карамазовлар» асаригача учратишингиз мумкин. Хўш, Достоевскийни машҳурлик чўққисига олиб чиққан асарларнинг сири нимада?

Инсонлар онгида даврга хос тарзда юз бераётган ўзгаришларнинг мураккаб таҳлилими? Ёки телба қаҳрамонларнинг телбанамо ўйлари, ҳаракатларими? Балки адибнинг ҳаёт борасидаги янгидан янги қарашлари-ю хулосаларидир? Бугун Достоевскийнинг қадрдон қаҳрамонлари орқали ўрганганларимиз, адибнинг ҳаёт, ўлим, ҳақиқат ва муҳаббат каби доимий мавзулар борасидаги мутлақо мантиқли, бошқа ёзувчиларникидан кескин фарқ қиладиган мулоҳазалари борасида гаплашамиз.

Фото: Google Photos

Достоевский ва инсон

XIX-ХХ асрлар бир томондан буюк ўзгаришлар даври бўлган бўлса, иккинчи томондан инқирозлар бошланган даврга тўғри келди. Ривожланиш шиддат билан давом этган бу вақт мобайнида инсон ич-ичидан емирила бошланди. Авваллари деярли барча файласуфлар, ёзувчилар ҳамда психологлар инсонга оптимизм кўзи билан қараб, унинг келажагига умид боғлаган бўлса, Достоевский энг биринчилардан бўлиб, инсоннинг эзгу табиатига, унинг ҳозири ва келажагига шубҳа билан қарай бошлади. Бу ҳеч қандай пессимизм эмас, шунчаки воқеага реал назар ташлаш эди. Унинг «Ер остидан мактублар» асари кўплаб фалсафий ғояларга асос бўлди, инсон психикасининг янги қирраларини очиб берди.

Асарни ўқиган ўқувчи «инсон ўз-ўзига душман», деган хулосага бориб қолиши тайин. Бош қаҳрамон шу қадар самимийки, барча қилмишларини, ўзига нисбатан нафрати-ю муҳаббатини, ўзгалар ҳақида ҳеч қайғурмаслигини рўйи-рост айтади. Қанчалар аччиқ бўлмасин, фақат ва фақат ҳақиқатга бўлган интилиш оқибатида қаҳрамон ўз даврининг маълум ва машҳур ғояларига ҳам танқид тошларини ота бошлайди. Барча инсонлар биргаликда бахтли яшаши мумкин, уларга етарлича шароит яратилса бас, дейиш қанчалик соддалик эканини таъкидлайдиган қаҳрамон, инсоннинг доим ҳам биз кутганчалик ақлли мавжудот бўлиб қолмаслигини, у мантиқсиз ҳаракатлари билан барчасини чиппакка чиқариши мумкинлигини ва буларнинг ҳаммаси унинг табиатига хос эканини тушунтирмоқчи бўлади.

Инсондаги барча эҳтиёжлар қондирилса, ундан сўнг инсон тинч ва фаровон яшайдими? Қаҳрамон фикрича, ҳеч қачон ундай бўлмайди. Бундай вазиятда инсон бошқа бир қинғирлик ўйлаб топиб, ўз ҳаётини ўзи бузади, шундай экан, ҳамма бирдек бахтли яшайдиган  жамият яратиш борасидаги хаёллар утопиядан бошқа нарса эмас, хулоса қилади у. Хўш, инсон ҳаётида инсоннинг ўзи, унинг хоҳиш майллари, вайронкор табиати энг катта муаммо бўлиб турган экан, нажот қаерда? Муҳаббатда!

Достоевский ва муҳаббат

Муҳаббат Достоевскийнинг деярли барча асарларида бош мавзу сифатида тилга олинади. Энг биринчи асарида қашшоқликнинг барча азоб-уқубатларига чидаб, биргина муҳаббатсиз қолишга чидай олмаган қаҳрамонларни тасвирлаган адиб кейинчалик баъзи бир фикрларини ўзгартирган бўлса-да, муҳаббат борасидаги қарашларини ўзгартирмади. Онги кучли, аммо даҳшатли ғоялар билан тўлган, натижада қотилга айланган Расколников ҳам охир-оқибат муҳаббатдан нажот топади. Унинг бошқа бир қаҳрамони «кулгили одам» эса бутун бошли инсониятга бўлган муҳаббати кучи туфайли тирик қолган эди.

«Достоевский» сериалидан лавҳа

«Маъсума» қиссаси эса бошқа асарларидан фарқли равишда севги-муҳаббат мавзусини ич-ичидан таҳлил этгани билан ажралиб туради. Асар қаҳрамони эзгулик тарқатишдек олий эътиқодни ўзига аъмол қилиб олган инсон бўлиб, жамиятда урчиган ифлос одатлар ва қинғирликлар уни бошқалардан ажратиб қўяди. Шундан сўнг барча орзуларидан кечиб, ўзгалар қатори яшашга маҳкум бўлган, қумурсқа каби мазмунсиз ва бир текис ҳаёт йўлини танлаган қаҳрамон кун келиб муҳаббат билан юзлашади.

Асар мана шу инсонни яна бир бора чин ҳаётга қайтарган, унинг тасаввурлари қайта покланишига хизмат қилган муҳаббат ҳақида. Баъзида бизга керакли нарсалар нималигини билмаймиз ва хотиржам ҳаёт кечираверамиз. Бизга кераклиси нима эканини билдикми, тамом, энди ўша нарса кетидан қувиб, уни эгаллаб, у сизни минг кўйга солишига жим қараб туриб, гоҳида у билан курашиб, гоҳ таслим бўлиб, у ҳаётимизни издан чиқариб юборишига гувоҳ бўлганча тураверамиз. Бу нарса – муҳаббат.

Бу муҳаббат ҳикояси қизнинг вафоти билан якун топади. Инсон ҳаётини турли нарсаларга боғлайди, кимдир уни ягона нарсага боғласа, кимдир ягона инсонга боғлайди. Ўша нарса ёки кишидан айрилганда эса бутун ҳаётдан айрилади. Ахир энди негаям яшасин? Достоевский мана шундай ҳолатга тушган инсонни бутун бошли қисса ва қуйидаги жумлалар орқали борича тасвирлайди:

«Энди қонунларингизни бошимга ураманми? Энди одатларингиз, таомилингиз, ҳаётингиз, давлатингиз, динингизни сариқ чақага олмайман. Майли, мени сизнинг ҳакамингиз сўроқ қилсин, майли мени ўша судга, очиқ судингизга бошлаб боринг, ҳеч нимани тан олмаслигимни ўша ерда ҳам айтаман. Ҳакамингиз ‘Жим бўлинг, офицер!’ деб қичқиради. Мен эсам унга: ‘Мени қулоқ осишга мажбур этувчи қудратинг қани? Нима учун бу зим-зиё жаҳолат мен учун ҳамма нарсадан қадрли бўлган нарсани мажақлади? Қонунларингиз менга нимага керак? Менга энди бегона булар!’ деб бақираман. О, энди менга барибир!»

«Достоевский» сериалидан лавҳа

Достоевскийнинг ўлим мавзусига оид асарлари шу билан чекланиб қолмаган. Бу унинг хаёлини банд этган асосий мавзулардан бири эди.

Достоевский ва ўлим

Тасаввур қилинг, сиз ўлимга ҳукм этилгансиз. Охирги сонияларингизда нимани ҳис этишингиз мумкин? Айни ҳукм ижро этилиш чоғида ўлимингиз бекор қилинганини айтишсачи? Унда қандай аҳволга тушасиз? Достоевский айни мана шу ҳолатни ўз бошидан кечирди. Бунинг натижасида ўлим ва ўлимдан қўрқиш унинг асарларидаги етакчи мавзуга айланди.

Адиб ўзининг «Телба» асарида қатлга ҳукм этилган одамларнинг ўйларини батафсил тасвирлайди ва ғайритабиий бир тарзда ўлимга ҳукм этилишдан кўра, қароқчи томонидан ўлдирилиш яхшироқ, деган фикрга келади. Ўлимнинг энг даҳшатли қисми жараённинг ўзида эмас, балки уни кутиш лаҳзаларида, деб ҳисоблайди адиб. Шундай экан, ўлимга ҳукм этилган инсон учун ўлим эмас, кутиш азоб. Ҳар бир сония умринг тугаб бораётганини эслаб туриш, ўлим даҳшатини ёдингдан чиқаролмаслик – азоб. Адибга кўра, ўлимдан қўрқадиган инсоният ҳаётни шунчалар севадики, минг йил давомида фақир ва ночор яшаб, муттасил изтироб чекиш ёки ҳалок бўлиш каби икки танлов турганда, ҳар қандай инсон ўйлаб ўтирмай ҳаётни танлайди. Наҳот ҳеч ким иккинчи танловни танламаса?

Ихтиёрий ўлим тўғрисидаги фикрлар унинг «Иблислар» асарида таҳлил қилинади. Асар ўз даврида урчиган ғоя – нигилизм (ҳеч нарсанинг аҳамияти йўқлиги тўғрисидаги қараш) таъсирига тушиб қолган инсонлар ҳақида бўлиб, нигилистлар учун ўлим эркинликни ифодалашнинг, исённинг энг юқори нуқтаси ҳисобланади. Ҳаёт – оғриқ, ҳаёт – қўрқинч, одам боласи – бахтсиз, ўлим эса нигилист учун буларнинг барига даводек гўё. Ўлим бу ҳаётга, яъни ёлғонга барҳам беришдир. Хўш, улар қанчалик ҳақ эди?

Нигилизм инсонни турли хурофот ва янглиш фикрлардан тозалайди, аммо бу шундай оғир юкки, буни кўтара олмай қолган одамзодни эзиб қўйиши ҳам мумкин. Қаҳрамонларимиз ўз ғояларининг, барча бемаъниликларининг чегарасини кўра олмади, натижада, енгил тарзда бошланган асар оғир трагедия билан тугади, ғоя инсонлари таназзулга юз тутди... Бундай оғир ғоялар инсонни ундан тўғри фойдаланиши натижасида уни юксалтиришга сабаб бўлиши керак, аммо чегарани кўролмаслик қаҳрамонларимизни ҳалокат сари етаклади. Ҳеч қачон ҳеч қайси тузум, ғоя, маслакка бутун жисминг билан боғланиб қолиш тўғри бўлмаслиги эса асар миқёсида яна бир бор тасдиқланди.

Ўлим эмас, ҳаётга юзланиш чора бўлиши мумкин, шундай эмасми?

«Достоевский» сериалидан лавҳа

Достоевский ва ҳаёт

Ҳаётни англаш ва шунга монанд тарзда уни севиш лозим. Бу фикрлар бевосита келтирилмаган бўлса-да, Достоевский асарларининг барчаси учун бирдек хулоса бўла олади. Хусусан, «Кулгили одамнинг туши» ёки «Жиноят ва жазо» асарлари учун. Иккала асарнинг ўзаро ўхшаш томони шундаки, уларнинг иккаласидаям бош қаҳрамон ўзгача ғояларга эга, жамиятдан маънан ва руҳан айро, мақсадсизлик туфайли турли ғоя ва исёнларга берилган инсонлар эди. Иккаласини ҳам қутқариб қолган нарса қандайдир бемаъни ғояларга муккасидан кетиш эмас, барчасини оддий қабул қилиб, ҳаётининг мазмунига эмас, балки унинг ўзига муҳаббат қўйиш бўлди.

Достоевский бошқа ёзувчилардан фарқли равишда ғояни ўқувчи қалбига олиб киради. «Кулгили одамнинг туши» асарида адиб биз учун энг муҳим ҳисобланган, биз ерда жаннат қура олишимиз учун етишмайдиган нарсаларни кўз ўнгимизда кўзгуга тутиб намоён қилади. Адиб икки хил дунёни тасвирлаб, бир-бирига қарама-қарши қўяди, бу қарама-қаршиликда сиз бутунлай ҳақиқатга гувоҳ бўласиз. Бу ҳақиқат ҳам худди муҳаббатга ўхшаб инсонда ҳам роҳат, ҳам азоб туғдиради.

Жонидан тўйган бош қаҳрамон ўйлари: «Бирдан оламнинг буду-нобуди мен учун барибир эканини, дунёни сув босса, тўпиғимга чиқмаслигини бутун борлиғим билан туйдим. Сўнг ёнверимда ҳеч нима йўқлигини ҳис қилдим. Дастлаб хаёлимга: «олдин қанча кўп нарса бор эди-я», деган фикр келди. Сўнг олдин ҳам ҳеч нима бўлмаган-у, фақат менга бордек туюлганини фаҳмладим. Секин-секин мен бундан кейин ҳам ҳеч қачон ҳеч нима бўлмаслигига ишонч ҳосил қилдим».

Хўш, қаҳрамон нима учун ўзини ўлдирмади, у ўйларига ечим топа олдими? Бу кўпчилик интеллект соҳиблари ҳаётида одатда учраб турадиган ҳолат. Кўплаб даҳолар ҳаётнинг маъносизлиги ичра изланиб, унга ўзларини қониқтира оладиган жавоб топишга уринди. Камю абсурдни қабул қилиш, Сартр асарлар ёзиш, Толстой эса виждон йўриғидаги иймонга кўра яшашни ўз олдига мақсад қилиш орқали абсурдни енгишга интилди.

Достоевскийчи? Достоевский ўз қаҳрамони тимсолида сизга янги бир маъно, яшаш учун интилишингизга янги бир мақсад кўрсатади... Адиб сўз кучи орқали қалбингизга ёруғлик олиб киради ва сиз фақатгина шу ёруғликни тарқатиш учунгина яшашни хоҳлай бошлайсиз. Асарни тугатганингизда эса руҳингизда ўзгариш сезасиз, адиб мисралар орқали кўнглингизга эзгулик уруғини шундай жойлаб қўядики, сиз ҳам бош қаҳрамон каби ҳаммага яхшилик соғина бошлайсиз.

Фото: Google Photos

Худди бош қаҳрамон каби ўзингизни ҳақиқатга етишгандай ҳис қиласиз! Бошқалар учун қанчалик кулгили бўлишидан қатъи назар, оддий, камсуқум, бировларнинг туҳмат-у ғийбатларига эътибор қилмайдиган, ҳаммани бирдай севишга интиладиган, бутун танаси меҳр-муҳаббатдан яралган инсонга, ҳаёт ҳақиқатини биладиган ягона инсонга айланишга ҳаракат қила бошлайсиз. Достоевский қалбингиз ва ақлингиз туташадиган нуқтага етиб бориши шубҳасиз. Ана шунда Достоевский ҳақиқати сизнинг ҳақиқатингизга айланади.

Достоевский ва ҳақиқат

Достоевский инсон изтироблари ва муаммоларининг қай бирига қарамасин, улар туфайли келиб чиққан саволларнинг барига бирдек эътиқод, деб жавоб қайтарар эди. Жамиятнинг энг катта муаммоси – жиноят. Қонунлар касалланган шохни кесиб ташлаш билан овора, яъни улар тарбияси бузилган инсонни чиқитга чиқариш билан шуғулланади. Тавба эса инсоннинг покланиши, унинг ўзини қайтадан кашф этиши билан баробар. Гуноҳ қилиб, бунга чин дилидан тавба қилган, одамларга чин муҳаббат қўя олган, эътиқодини мустаҳкамлаган одам шунчаки яшаб юрган эътиқодли инсондан кўра ўн чандон ортиқ. Ҳар ҳолда, Достоевский фикрига кўра шундай. «Ака-ука Карамазовлар» асарида бу мавзуга кенгроқ ёндашилади. Расколниковни ҳам ёруғликка олиб чиққан, уни натижасиз ўйларга эмас, яшашга интилишига сабаб бўлган йўл эътиқод эди.

Расколников энди бўлмағур ғоялар билан банд бўлмай, ҳақиқий ҳаётни яшай бошлади, деб ёзган адиб ўз қаҳрамонига бу йўлни эътиқод орқали кўрсатиб беради. Достоевский асарларида инсон табиатига шубҳа билан қараганлар қанчалик кўп ва уларнинг фикрлари қанчалик мазмундор бўлмасин, охир-оқибат улар эмас, балки инсоннинг софлигига ишониб, шунга монанд ҳаракат қилганлар, Расколников ва Алёшалар ҳақиқат йўлидан юрганини англаб етамиз.

Ҳақиқат нима? Достоевский ҳақиқат борасидаги доимий тасаввурларимиздан четга чиққан ҳолда ўқувчи онгида ҳақиқат доим ҳам тўғри ёки мантиқли фикр эмас, балки қалб орқали танланган, яхшиликка хизмат қиладиган йўл, деган фикрни ҳосил қилади. Достоевский инсонни ўз табиати, ижтимоий муаммолар ва ҳар томонлама қийинчиликлар олдида ожиз қолганини кўриб, инсониятни фақатгина муҳаббат қутқаришига ишонади ва ўқувчиларини ҳақ йўл – муҳаббат йўлига ундайди. Достоевскийнинг барча асарлари бир ҳикматни қайта ва қайта такрорлашдан чарчамайди: Бир-бирингизни севинг!

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.