Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов алабай зотли итга атаб олтиндан ўрнатилган ҳайкалнинг очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар беради «РБК».

Кадр: Telegram

Баландлиги 6 метрни ташкил этадиган итнинг ҳайкали 9 метрли постаментга ўрнатилган. Таъкидланишича, диаметри 36 метрга келадиган майдонга жойлаштирилган 15 метрли монумент барча тарафдан кўзга яхши ташланади.

«Туркменистан Сегодня» агентлигининг маълумотларига кўра, ушбу ҳайкални ўрнатиш ташаббусини президентнинг ўзи илгари сурган. Шу орқали «ушбу ажойиб ҳайвонларнинг мислсиз жасорати ва катта меҳрибон юрагига ҳурмат кўрсатиш, миллатнинг тарихий тақдиридаги роли ҳамда халқ ҳаётида эгаллаган ўрнини қайд этиш»га уринган.

Маълумот учун, 2017 йилда Туркманистон президенти Россия президенти Владимир Путинга алабай кучугини совға қилганди. Бердимуҳамедовнинг сўзларига кўра, кучукка «Содиқ» лақаби берилган. 2019-йининг майида эса Бердимуҳамедов Россия бош вазири Дмитрий Медведевга ҳам алабай совға қилган.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда Ашхободда Туркманистон президентининг олтин билан қопланган ҳайкали очилганди. Шу йилнинг июнида эса Гурбангули Бердимуҳамедов Ашхободда велосипедга қўйилган монументнинг очилиш маросимида иштирок этган эди.