Starlink сунъий йўлдош интернети минус даражали ҳаво ҳароратида ҳам, шамол ва қорли кунларда ҳам сониясига 150-175 мегабит (17,8-20 мегабайт) тезликдан фойдаланиш имкониятини тақдим этади. Бу ҳақда Business Insider нашри SpaceX компаниясининг сунъий алоқа тизими илк фойдаланувчиларига оид ҳисоботларига таяниб, хабар берди.

Фото: Uswitch

АҚШ шимолида истиқомат қилувчи фойдаланувчиларнинг таъкидлашича, ҳаво ҳарорати паст бўлганида интернет тезроқ ишлайди.

Уларнинг сўзларига кўра, кўчадаги ҳаво Цельсий бўйича -11 бўлса, кириш тезлиги 175 мегабитга етган. Совуқроқ ҳаво вақтида эса унинг тезлиги 150-160 мегабитни ташкил этган.

Мўътадил қор ёғиши ҳам Starlink ишига халақит қилмайди. Бундан ташқари, намлик сабаб алоқа сифати ўзгармайди: терминалга тушадиган қор, унинг юзасида эриб кетади. Унинг ҳарорати — нолдан тўрт дажара Цельсийгача бўлиб, устига тушган қор сув томчиларига айланиб қолади.

АҚШ шимолида яшовчи фойдаланувчи шамол тезлиги соатига 80 километрга етганида ва қор 7 сантиметр қалинликда ёғганида кўчада қолган терминалнинг ишлаши секинлашганини қайд этган. Қорли бўрон вақтида кирувчи тезлик сониясига 20-30 мегабитгача (2,5-3,7 мегабайт), чиқувчи — 3-4 мегабитга секинлашган.

Аввалроқ АҚШнинг SpaceX космик компанияси Falcon 9 узаткич-ракетаси воситасида яна 60 та Starlink сунъий йўлдошини коинотга учиргани тўғрисида хабар берилганди. Бу лойиҳа доирасидаги 15-парвоз, айни вақтда орбитада 900 та Starlink сунъий йўлдошлари учиб юрибди. Илон Маскнинг «глобал Wi-Fi»ига обуна бўлиш ойига 99 долларга баҳоланган.