Токио Олимпиадасига саккиз ойдан камроқ вақт қолмоқда, аммо мусобақалар қайси форматда ва умуман, ўтказиладими, йўқми деган саволга ҳалигача аниқ жавоб йўқ.

Япония эса ҳозирда коронавируснинг учинчи тўлқинини бошдан кечирмоқда: биринчиси апрелда бўлганди, иккинчиси июлда. Ҳозирги ўсиш суръатлари эса июль кўрсаткичларига яқин. Умуман олганда, мамлакатда шу пайтгача 119 мингта коронавирус ҳолати аниқланган бўлиб, 1874 нафар инсон касалликдан вафот этган.

Фото: Global Look Press

Айни пайтда Япония бошқа мамлакатлардан келганларга нисбатан қатъий сиёсатни қўлламоқда – дунёнинг 152 та давлат фуқароларига мамлакат ҳудудига кириш учун 14 кунлик мажбурий карантин жорий қилинган.

Айни пайтда Олимпия ўйинлари иштирокчилари ҳамда матбуот вакилларининг мамлакатга киришини енгиллаштириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Хусусан, ўйинларнинг ижрочи директори Тосиро Муто аввалроқ спортчи, мураббий ва расмий вакилларнинг 14 кунлик мажбурий карантин талабининг олиб ташланишига умид қилиши мумкинлигини тасдиқлаган эди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари эса ўз мамлакатидан чиқишда, шунингдек, Токиога келганидан сўнг икки марта тестдан ўтиши керак бўлади. Регламент тўғрисида тўлиқ тасаввур фақатгина 2021 йилнинг баҳорида пайдо бўлади, ҳозирда у ҳали режалаштириш босқичида.

Фото: Reuters

Японларнинг ўзлари ҳам Олимпия ва Паралимпия ўйинларининг 2021 йилнинг ёзида ўтказилиш ғоясига шубҳа билан қарамоқда ҳамда бу нафақат оддий одамларга, балки япон спортчиларига ҳам тегишлидир. Июль ойидаги «иккинчи тўлқин» вақтида ўтказилган ёзги сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг атиги 25 фоизи Олимпия ўйинларини 2021 йилнинг ёзида ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлаганди. Сўнгги сўровномалар натижаларида ҳам шубҳа кучаяётганини кўриш мумкин. Хусусан, бадиий гимнастика бўйича уч карра Олимпия чемпиони ва ушбу спортнинг амалдаги афсонаси Коҳей Утимура интервьюларининг бирида ўйинларни кечроқ муддатга қолдириш кераклигини айтди:

«Афсуски, японларнинг 80 фоизи Олимпия ўйинлари COVID-19 пандемияси шароитида ўтишига ишонмайди. Биз Олимпиадани ўтказа олмаймиз, ахир қандай ўтказишимиз мумкин?»

Фото: Getty Images

Бу ерда Халқаро Олимпия Қўмитасининг позицияси жуда қизиқ: 2020 йилнинг ёзи ва ҳатто кузининг бошида, 7 сентябрь куни ташкилот вице-президенти Жон Коац ўйинлар 23 июлда «COVID билан ёки усиз» бошланишини эълон қилганди. Ҳозир эса ХОҚ (Халқаро Олимпия Қўмитаси) тактикани бироз ўзгартириб, мувозанатли позицияни қўлламоқда: «Сиз тўлқинларни тўхтата олмайсиз, лекин сёрфингни (махсус тахтача орқали тўлқинларда ҳаракатланиш) ўрганишингиз мумкин», – дейди ХОҚнинг Олимпия ўйинлари бўйича медиа хизмати раҳбари Люсия Монтанарелла.

  • Ҳозирда воқеалар ривожининг 4 та сценарийси ишлаб чиқилмоқда:
  • Вазиятнинг глобал яхшиланиши;
  • Япониядаги вазиятнинг ёмонлашиши;
  • Дунёдаги умумий вазиятнинг ёмонлашиши;
  • Сайёрадаги алоҳида жойларнинг касалланиш чўққисига чиқиши. Ушбу вариант асосий ҳисобланиб, ХОҚ иложи борича ўйинлар ўтказилишини хоҳламоқда.

Агар ўйинлар ўтказилган тақдирда ҳам, улар, албатта, аввалгиларига умуман ўхшамайди. Иштирокчилар айниқса, матбуот ҳаракатини минималлаштириш учун ташкилотчилар мусобақалар ўтадиган объектлар сонини камайтириши мумкин. Спортчилар билан мулоқот эса катта эҳтимол билан масофадан туриб амалга оширилади. Энг яхши ҳолатда ҳам матбуот ва спортчилар ўртасида ижтимоий масофани ушлаш учун тўсиқлар ёрдамидан фойдаланилади. Аниқ тафсилотлар февраль ойидан кейин, бундан ташқари вазиятнинг ривожланишига қараб эълон қилинади.

Фото: Getty Images

Глобал мажбурий эмлаш бугунги кунда мажбурий чора деб ҳисобланмайди, уни эса биринчи навбатда энг хавфли касб эгалари ҳисобланмиш шифокор ва ҳамширалар олиши керак. Спортчи, мураббий ҳамда жамоанинг шахсий таркиби, шунингдек матбуот вакиллари ҳозирча ушбу тоифаларга киритилганича йўқ, шундай экан, табиийки, улар ҳам ҳамма қатори навбатга риоя қилишга мажбур. Бундан ташқари, WADA (Халқаро антидопинг агентлиги) ҳали вакциналарни, шу жумладан, Россиянинг «Sputnik V»сини антидопинг қонунларига мувофиқ деб топмади. Аммо агар вакцина антидопинг нуқтаи назаридан хавфсиз деб эълон қилинса ҳам. ХОҚда Олимпиада иштирокчиларини эмлаш учун пул етарлимикан?

Фото: Reuters

Шу тариқа ҳозирча қуйидагиларни қуруқ тахмин қилиш мумкин:

  • Ўйинлар ўтказилади, агар 2021 йилнинг баҳор-ёз ойларида Японияда касалланиш ўсишининг яна бир жиддий тўлқини кузатилмаса;
  • Ўйинлар ўтказилади, агар худди шу тўлқин бутун дунёда кузатилмаса ва айниқса, Олимпиадада иштирок этадиган йирик мамлакатларда;
  • Ўйинлар ўтказилади, аммо мухлислар учун деярли ҳеч ким карантинни бекор қилмайди, шунинг учун Токиога ташриф буюриш уларга қийин ҳамда қимматга тушади. Эҳтимол фақат эмланган одамларга такрорий текширувлардан сўнг мамлакатга карантинсиз киришга рухсат берилиши мумкин;
  • Ўйинлар ўтказилади, аммо уларнинг натижалари ғайриоддий тус олади, олдиндан тахмин қилиш мушкул бўлади. Чунки битта ижобий тест туфайли бутун жамоа ёки унинг катта қисми финалдан бир кун олдин карантинга олиниши мумкин. Эҳтимол, кейинчалик «агар мана шу чемпион касал бўлиб қолмаганида эди, ҳаммаси бошқача бўларди», деган гаплар пайдо бўлар.
  • Ўйинлар ўтказилади, ҳақиқатан ҳам улар барча қийинчилик ва муаммоларга қарамай зарурдир, боиси пандемия шароитида икки йилдан кўпроқ вақт ўтказган томошабин ҳеч бўлмаганда нормал ҳаёт қандай бўлишини ҳис этади, ватандошлари ва севимли спортчиларининг ютуқларидан қувонади. Албатта, ушбу ўйинлар барча телевизион рейтинглар рекордларини янгилайди. Агар ўтказилса, албатта...

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!