Милодий 284 йилнинг 20 ноябрь куни Рим тахтига император Диоклетиан ўтирди. Унинг ҳукмронлик даври эса қонли воқеаларга жуда бой бўлди. «Дарё» сана муносабати билан Рим тарихидаги қулликдан чиққан императорнинг ҳукмронлик йиллари ҳақида ҳикоя қилади.

Қулнинг набираси

Бўлажак Рим императори Диоклетиан 245 йилда туғилган ва унга Диокл исми берилган эди. Аслида, у қулнинг набираси эди, лекин тез орада бу уддабурон йигит ажойиб ҳарбий карьера қилишга муваффақ бўлди. Бундан ташқари, Рим империясининг бир четидан иккинчи четигача олиб борилган ҳарбий юришлар бўлажак ҳукмдорга мамлакат билан яқиндан танишишга имкон берди. У император Кар қўл остида қўшин қўмондони даражасига кўтарилди. Афсоналарга кўра, Диокл Галлияда бўлиб турганида бир друид аёл унинг тақдирини башорат қилади: агар у тўнғизни ўлдирса, императорга айланади...

Фото: Google Photos

Диокл бу аёлга қаттиқ ишонди ва ўша пайтдан бери кўплаб тўнғизларни ўлдирди, бироқ ҳокимият унинг қўлига ўтавермади. Кейин кутилмаганда император Кар вафот этди ва унинг ўғли Нумериан хос соқчилар бошлиғи Арриус Апер томонидан ўлдирилди. Диоклга содиқ қўшин аскарлари эса Аперни кишанлаб, уни император деб эълон қилди. Диокл қўшинлар олдида Аперни шахсан ўзи қилич билан ўлдирди ва афсонага кўра: «Мен тўнғизни ўлдирдим» (лотинча «апер» – тўнғиз), дея хитоб қилди. 284 йил 20 ноябрда у Рим императори бўлди ва ўзи учун Диоклетиан исмини олди.

Император Диоклетиан

Унинг тахтга келиши билан империяда янги давр бошланди. Энди барча ҳокимият император қўлида тўпланган эди, унинг ҳокимияти нафақат де-факто, балки де-юре ҳам ҳеч нарса билан чекланмаган эди. Бу мутлақ монархия эди. Мамлакатда қандай мартабага эга бўлишидан қатъий назар, на сенат ва на бошқа бир империя аҳолиси императорни чеклай оларди. Унинг бир ўзи барча қонунлардан устун турадиган куч манбайи эди. Диоклетиан империянинг бирлигини тиклади ва дўсти Максимианни ўзига ёрдамчи қилиб олиб, унга ҳам Цезарь унвонини берди. Улар биргаликда империяни ҳимоя қилди ва қўзғолонларни бостирди.

Тетрархия

291 йилга келиб, император бундай катта мамлакатни икки киши самарали бошқариши мумкин эмас, деган хулосага келди. Яна иккита Цезарь тайинлашга қарор қилинди. Император ўз танловини Констансий Хлор ва Галерий Максимианларда тўхтатди. Улар ўзларининг иттифоқларини қариндошлик муносабатлари билан мустаҳкамлашга қарор қилди: Констансий ўз хотинидан ажрашди ва Максимианинг ўгай қизига уйланди, шунингдек, Галерий ҳам ўз хотини билан ажрашгандан сўнг Диоклетианнинг қизига уйланди. Улар империяни ўзаро тақсимлаб олди, аммо барибир Диоклетиан ҳали ҳам ҳукумат бошида эди. Рим императори томонидан жорий қилинган тўрт раҳбарли ҳукумат тизими тетрархия деб номланди.

Христианларнинг таъқиб қилиниши

Диоклетианнинг ҳукмронлиги насронийларни шафқатсиз таъқиб қилиш билан ёдда қолди. Ҳалигача тарихчилар ўртасида бу ишлар кимнинг ташаббуси билан амалга оширилгани тўғрисида тортишувлар мавжуд. Баъзилар бу Галерийнинг қарори деб ўйлашга мойиллик билдиради. Чунки Галерий ашаддий бутпараст эди, унинг онаси ҳам бутпарастлар руҳонийси бўлган ва насронийлардан нафратланган эди.

Фото: Google Photos

Бошқалар бу қарорни Диоклетианнинг ўзига тегишли деб ҳисоблади. Цезарь Рим худолари ёрдамида ўз империясининг бутунлигини сақлаб қолмоқчи эди. Қадимги Римда дин нафақат худолар билан алоқа қилиш воситаси, балки шартнома муносабатлари ҳам эди. Уларнинг дини, агар худоларга улар хоҳлаган нарсани (қурбонлик) берсангиз, улар ҳам ўз навбатида шартноманинг ўзига тегишли қисмини бажаради, деган фикрга асосланганди. Шунинг учун ҳам барча маросимларни ўтказиш ва қурбонлик қилиш жуда муҳим эди.

Бундан ташқари, дин ҳукуматга ўз садоқатини ифода этиш усулига айланди. Диоклетиан консерватив ва анъанавий Рим култининг тарафдори эди, у ҳатто ўзига Юпитер исмини олди, Максимиан эса Геркулес исмини. Худолар ва император ўртасидаги боғлиқлик унинг олий ҳокимият ҳуқуқини қонунийлаштирди. Шунингдек, император эски динга янги ҳаёт нафасини олиб киришга интилди, шунга қарамай, мамлакатда христианлар ва уларнинг издошлари доимий равишда ўсиб борди. Император уларда мамлакат бирлигига таҳдидни кўрди, шунинг учун 303 йилда Буюк таъқиблар бошланди.

Диоклетиан фармон эълон қилди, унга кўра, христианлар амалда ўз ҳуқуқларидан маҳрум этилди ва «фуқаро бўлмаганлар» тоифасига айланди: черковлар вайрон қилинди, китоблар тортиб олинди, христианларни қийноққа солишга рухсат этилди, ўз лавозимларидан маҳрум қилинди, ҳаттоки ҳимоя сўраб судга мурожаат қилиш ҳам тақиқланди. Бироқ аввалги таъқиблардан фарқли ўлароқ, энди Рим жамияти насронийлар сиймосида аввалгидек таҳдид кўрмасди. Империя бир неча қисмларга бўлингани сабабли таъқиблар ҳам турли минтақаларда турлича амалга оширилди.

Фото: Google Photos

Диоклетиан ҳукмрон бўлган ҳудудларда амалга оширилган шафқатсизликлар ҳамма жойда ҳам ҳукм сурмади. Кўпгина бошқа ҳудудларда масиҳийлардан ўз китобларини топшириш ёки қурбонлик қилиш талаблари хўжакўрсинга бўлди холос. Масалан, улар бутпарастликка оид ёки умуман бошқа бирон бир китобни топширишлари мумкин эди, қурбонлик қилиш мажбурияти эса фақатгина ўша маросимда пиширилган гўшт бўлагини қўлларига олиш зарурлиги билан чекланганди. Бироқ кўплаб масиҳийлар, билиб-билмай хийла-найранг қилишдан бош тортди ва азоб уқубатда ўлди. Вақт ўтиши билан таъқибларнинг шиддати пасайиб, жазо қонунларининг бекор қилиниши бошланди.

Якун

Диоклетиан 305 йилда тахтдан воз кечиб, қишлоқларнинг бирида карам етиштирувчи деҳқон сифатида яшай бошлади. Собиқ император 313 йилда вафот этди, Диоклетиан антик Римнинг сўнгги ҳукмдори эди, ундан кейин Буюк Император Константин ҳукмронлиги бошланди ва бу Рим-Византия империясининг энг гуллаган олтин даврини бошлаб берди. Аммо бу энди умуман бошқа ҳикоя...

Нурбек Алимов тайёрлади.