Бундан роппа-роса 75 йил олдин, 1945 йил 20 ноябрь куни Германиянинг Нюрнберг шаҳрида фашистлар Германиясининг бир қатор расмийлари устидан суд жараёни бошланди. Жараён бир йил давом этди ва 1946 йилнинг 1 октябрида ниҳоясига етди. «Дарё» сана муносабати билан жараёнга доир асосий саволларга жавоб топишга ҳаракат қилади.

Фото: AFP

1939 йилда бошланган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг қирғинбарот уруш бўлди. Етти йил давом этган ҳарбий ҳаракатлар натижасида 60 миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлди. Уларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари эди. 1945 йил 8 майда Германия, 2 сентябрда Япониянинг таслим бўлиши билан уруш ниҳоясига етди.

Урушда айбдор деб топилган Германия раҳбарларининг бир қанчаси устидан 1945 йилнинг 20 ноябрь куни Нюрнберг шаҳрида суд жараёни бошланди. Жараённи ёритиш учун бутун дунёдан 200 га яқин журналист ташриф буюрди. Тарихда илк бора халқаро ҳуқуқда инсониятга қарши жиноятлари учун деб номланган тушунча киритилди.

Нюрнберг жараёнини ташкил этишга кимлар қарор берди?

Немис фашистлари устидан халқаро тергов ва суд жараёни ташкил қилиш масаласи илк бора 1943 йил октябрь ойида Москвада ўтган иттифоқчиларнинг Москва конференциясида ўртага ташланган эди. Ундан кейинги Қрим ва Поцдам конференцияларида ҳам бу жараён ҳақида муҳокамалар давом этди.

Мазкур илк халқаро трибунални ўтказиш бўйича қарор 1945 йил 8 август куни АҚШ, СССР, Буюк Британия ва Франция томонидан Лондон келишуви доирасида қабул қилинди. Айнан мана шу келишувда инсониятга қарши жиноят тушунчасига изоҳ бериб ўтилди. Суд жараёни учун тўрт нафар судья тайинланди. Улар ғолиб бўлган тўрт иттифоқчи давлатдан ташриф буюрган судьялар эди.

Фото: AFP

Асосий жавобгарлар кимлар эди?

Салкам бир йил давом этган трибуналда 22 нафар фашистлар устидан иш кўриб чиқилди. Аммо асосий айбдорлар жараёндан «қутулиб» қолди. Булар 1945 йил 30 апрель куни ўз жонига қасд қилган Адолф Гитлер ва 1 май куни аёли, фарзанди ва ўзини ўлдриган Жозеф Геббелслар эди.

Жараёндаги энг асосий айбдор эса Учинчи Рейхнинг ҳамон ҳаётда бўлган қурувчиларидан бири, Гестапонинг асосчиси ва 1933 йилдан буён вазир бўлган Герман Геринг бўлди. Бундан ташқари, яна икки нафар уруш генераллари Вермахтнинг ҳарбий операцияларга масъули Альфред Жодл ва Вермахт бош қўмондони 1945 йил 8 майдаги Германиянинг таслим бўлиш ҳақидаги битимини имзолаган Вилгельм Кейтеллар ҳам бор эди.

Қолган айбдорлар эса сиёсий ва ҳарбий жабҳада иккинчи поғонадаги шахслар эди. Улардан бири Германиянинг Буюк Британиядаги собиқ элчиси, кейинчалик эса ташқи ишлар вазири бўлган Йоахим Фон Риббентропдир. Нацистларнинг кул ранг кардинали дея ном чиқарган Мартин Борманн ҳам суд жараёнида ҳукм этилди.

Жавобгарларга қандай айбловлар қўйилган эди?

Учинчи Рейхнинг энг юқори кадрлари асосан тўртта жиноятда айбланди. Булар фитна, уруш жинояти тинчликка қарши жиноят ва тарихда илк бор инсониятга қарши жиноят эди. Халқаро ҳарбий трибунал Конституциясига мувофиқ ушбу янги тамойил «қотиллик, қирғин, қуллик, депортация ва бошқа ҳар қандай тинч аҳолига қарши урушдан олдин ёки уруш пайтида содир этилган бошқа ғайриинсоний ҳаракатлар; сиёсий, ирқий ёки диний сабабларга кўра таъқиб қилишни» ўз ичига олди.

Фото: AFP

Трибунал раиси британиялик судья Гофрей Лоуренс жараён очилишида нутқ сўзлаб, мазкур жараённинг инсоният тарихидаги ўрни беқиёс эканини таъкидлайди. Шунингдек, мазкур жараён халқаро ҳуқуқнинг пойдеворини қўйишга имкон берди. Жараён, энг аввало, урушдан жабр кўрган тинч аҳоли вакилларига қаратилган жиноятларни кўриб чиқди. Яҳудийлар масаласи эса бу жараёндан ўрин олмади. Яҳудийларга қарши жиноятлар 1961 йил Эйхман иши доирасида кўриб чиқилди.

Жараён нега Нюрнбергда бўлиб ўтди?

Нюрнберг шаҳри Учинчи Рейхнинг марказий шаҳри эди. Сабаби, айнан мана шу шаҳарда нацистлар партиясининг йиллик йиғинлари ўтказилар эди. Ушбу шаҳарда Учинчи Рейхнинг қурувчиларидан бири деб ҳисобланувчи Албер Шпеер томонидан қурилган стадионда партиянинг йиллик йиғилишлари, катта тадбирллар амалга оширилар эди. Шу сабабли ҳам қасос олингани рамзи сифатида иттифоқчилар суд жараёни учун ҳам шу шаҳарни танлади.

Қандай ҳукмлар чиқарилди?

Нюрнберг жараёни 1946 йил 1 октябрь куни ниҳоясига етди. Судланувчилардан уч нафари оқланди, етти нафари турли муддатга қамоқ жазосини олган бўлса, 12 та судланувчи ўлим жазосига ҳукм этилди. Ўлимга ҳукм этилганлар орасида Риббентроп, Ҳанс Франк, Кейтел, Розенберг, Калтенбруннер, Герман Геринглар бор эди. Ўлимга ҳукм этилганларнинг ўн бир нафари 1946 йил 16-откабр куни осиб ўлдирилди. Фақатгина Герман Геринг ҳукм ижросидан бир кун олдин ўз камерасида жонига қасд қилиб, қатлдан «қутулиб» қолди.

Германияда 1946–1949 йилларда урушнинг қолган айбдорлари шифокорлар, юристлар, полиция ва армиянинг юқори лавозимли кишилари устидан бошқа суд жараёнлари ўтказилди. Бир қатор нацистлар жазодан қутулиб қолган бўлса, баъзилари юқори лавозимини сақлаб қолди. Улар ичида энг ёрқин мисол нацистларнинг хориждаги тарғиботчиси бўлган Курт Кизингер 1966–1969 йилларда Ғарбий Германиянинг канцлери лавозимида фаолият олиб борди.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади.