Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Туркистонда Қозоғистон ҳукумати раҳбари Асқар Мамин билан учрашди, дея хабар бермоқда Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати.

Фото: Қозоғистон ҳукумати ахборот хизмати

Қайд этилишича, Абдулла Арипов ва Асқар Мамин савдо-иқтисодий, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, транспорт-логистика, божхона соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек саноат кооперацияси ва минтақалараро ўзаро алоқаларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

«Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида 2020–2022 йилларда ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси, товарларни тақсимлашнинг минтақавий тизими, Қозоғистон–Ўзбекистон чегарасида Халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини яратиш, чегара-божхона постларини модернизация қилиш ва бошқа масалаларга алоҳида эътибор қаратилди», – дейилади ҳукумат хабарида.

Фото: Қозоғистон ҳукумати ахборот хизмати

Қайд этилишича, Ўзбекистон Қозоғистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги асосий савдо шериги ҳисобланади. 2019 йил якуни бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 21,2 фоизга ўсиб, 4,5 миллиард долларни ташкил этди.

Маълум қилинишича, томонлар савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказишни режалаштирган.

Фото: Қозоғистон ҳукумати ахборот хизмати

Ҳукумат раҳбарлари Туркистонда Тurkistan Textile тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Қозоғистон–Ўзбекистон қўшма корхонасининг очилиш маросимида ҳам қатнашди.

Аввалроқ Абдулла Арипов Қозоғистон бош вазири ўринбосари Роман Склярни қабул қилгани ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон «тўсиқларни ечиш» ва акциз сиёсатини либераллаштириш масалаларини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилганди.