Эстония президенти Керсти Кальюлаид 21 ноябрь куни фарзандларини хизмат машинасида мактабга ва қўшимча дарсларга олиб борган таълим ва фан вазири Майлис Репсни ишдан бўшатди, дея хабар қилмоқда «Интерфакс».

Майлис Репс

Фото: Prosесо

Вазир 20 ноябрь куни оммавий ахборот воситаларининг босими остида истеъфога чиқиш аризасини топширди. Таъкидланишича, вазир фарзандларини хизмат машинасида мактабга ва қўшимча дарсларга олиб борган.

«Мен вазир ва она вазифаларини бирлаштириб юборганим учун катта босимга дуч келдим. Хато қилганимни тан оламан ва кечирим сўрайман», – деб ёзади Репс ижтимоий тармоқларда.

У ўз фарзандларига ўсиши ва тарбияланиши мумкин бўлган осойишта муҳитни тақдим қилмоқчи эканлигини таъкидлади. Шунингдек, у иш ва оилавий ҳаётдаги хатолар учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга тайёр эканлигини билдирди.

Бош вазир Юри Ратас ҳукумат «ўз соҳасини яхши тушунадиган, ўз ишига фидойи бўлган ниҳоятда меҳнатга лаёқатли вазирни» тарк этишидан афсус билдирди. Унинг сўзларига кўра, Репс Эстонияда тўрт марта таълим ва фан вазири бўлиб ишлаган, парламент аъзоси ва Марказнинг етакчи ҳукмрон партияси кенгаши аъзоси бўлган. Шу билан бирга, у Репснинг қарорини тушунишини ва тўғри қабул қилишини айтди.

Маълум қилинишича, Эстониянинг Ohtuleht нашри Репс ва унинг оиласини уч кун давомида кузатиб борди. Шундан сўнг вазирнинг болалари хизмат машинасида мактабга ва қўшимча гуруҳларга олиб кетилгани акс этган фотосуратлар чоп этилди.

Вазир лавозимидан кетганидан кейин парламент аъзоси сифатида ишлашни давом эттиради.

Аввалроқ Эрдўғон турк лирасининг кескин қадрсизланиши сабабли Марказий банк раҳбарини ишдан бўшатгани ҳамда Шерзод Шерматов бошчилигидаги йиғилишда бирорта битирувчиси ОТМга кирмаган Қашқадарёдаги 20 та мактаб директори ишдан олингани ҳақида хабар берилганди.