2019 йил ва 2020 йилнинг 9 ойида 20 та оғир, 207 та ўта оғир жиноятлар фош этилмаган. Шундан 35 таси қотиллик, 18 таси оғир тан жароҳати етказиш, 5 таси номусга тегиш, 11 таси босқинчиликни ташкил этади. Бу ҳақда 20 ноябрь куни Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги қонуни муҳокамаси вақтида сенатор Фарҳод Боқиев маълум қилган.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Бундан ташқари, 2020 йилнинг 9 ойида 367 та бедарак йўқолган фуқаро топилмаган ва 224 та номаълум мурда шахси аниқланмаган.

«Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни содир этишга имкон яратган сабаб ва шароитларни бартараф этиш, шунингдек, содир этилган жиноятларни изи совимасдан фош этишда фойдаланиладиган илмий-техник усул ва воситаларни модернизация қилишни талаб қилмоқда», — дейди Боқиев.

Шунингдек, жиноятчилар томонидан ҳодиса жойларида ўз изларини қолдирмаслик мақсадида турли хил усуллардан фойдаланилаётгани қайд этилди. Фош этилмаган жиноятлар эса ўз навбатида жиноятчиларга жазоланмаслик ҳиссини кучайтириб, келгуси жиноий фаолиятини давом эттиришга имкон бериши таъкидланди.

Маълумот учун, бугунги кунда жазони ижро этиш муассасаларида оғир жиноят учун 8311 нафар ва ўта оғир жиноят учун 15 765 нафар, жинсий эркинликка қарши қаратилган жиноятлар учун 1777 нафар судланган шахслар мавжуд. Оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлиги учун ҳукм қилиниб,  жазо муддатини ўтаб озодликка чиққан лекин судланганлик ҳолати тугатилмаган шахслардан ҳам мажбурий равишда Геном бўйича давлат рўйхатига олиниши билдирилган.

Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни маъқулланди. Қонун 2023 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.