«Дарё» интернет-нашри 2018 йилда «Муҳожирлар ҳаёти» лойиҳаси доирасида Москвадаги йирик компанияда ишлаб келаётган ўзбекистонлик дипломсиз дастурчи Акмал Кадиров билан суҳбатлашди.

Фото: «Дарё»

Айни кунларда Тошкентда фаолият юритаётган Акмал Кадиров «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммадга катта интервью берди.

У суҳбат давомида дастурчиларнинг даражалари, дастурчилар қанча даромад топиши ҳамда Россияда ишлаб юрганида ‘коробка’да яшайдиган ўзбекларни кўрганидан сўнг бепул дарсликлар қилишни бошлагани ҳақида гапириб берди.

Подъездда яшаган ўзбекни эсласам йиғлагим келади

Энг қийин давр ишхонада бўлмайди, чунки улар сиз хоҳлаган компьютерингизни муҳайё қилишади. Бир томонда банан, бир томонда кофе, печенье турибди, хоҳлаган нарсангизни олиб ейишингиз мумкин. Ишхонада қийинчилик бўлмаган.

Энг катта қийинчилик кўчада бўлган. Алам қиларди, жуда ҳам алам қиларди. Биз буюк давлатмиз, олтинларимиз, бойликларимиз бор. Алам қиларди. Кўчада юрсангиз, ўзимизникилар ‘коробка’ларда ётган бўларди.

Мен Россиядан уй олганман, уй олиш учун жуда кўп жойларни бориб кўрганман. Бир воқеа бўлганди. Бу воқеани эсласам, йиғлагим келади. Подъездга киряпмиз, ҳиди бор. Подъезддан сув оқдими деб ўйлайсиз. Намлик борми, нима учун сасийди десам, «Йўқ, битта ўзбек яшайди бу ерда, уйсиз. Кўча -27 градус бўлиб ётибди. Кўчага ҳайдамаймиз-ку?» дейди. У бола ишларкан-да, кейин подъездда ётаркан. Чўмилиш йўқ, шароит йўқ.

Шундай ҳолатларни кўрганда одам эзилади. Ёрдам беролмайсиз. Сиз ҳам муҳожирсиз, қўлингиздан нима  келади? Садақа чиқаришингиз мумкин. Ўзингиз ҳам квартирада турасиз. Иложингиз йўқ.

YouTube’да каналим бор, бепул видеодарслар қиламан. Нима учун? Ниятим одамлар қора ишга кетмасин дейман. Мигрантлар ҳозир жуда кўп. Четга одам ўзи хоҳлаб кетиши мумкин, масалан, мен ўзим кетганман. Лекин мажбурий кетадиган одамлар ҳам бор. Оиласини боқиши керак. Бу ердан иш тополмади дейлик, ўшалар ҳам уйда ўтириб, компьютер орқали ишласин, ўргансин. Фарзандларининг ёнида бўлади. Ҳозир болалар ота-она меҳрига зор. Фарзандини ташлаб чет элга кетяпти.

Ҳиндистонни қаранг, у ерда илгари энг зўр касб шифокор бўларди, ҳозирда эса дастурчи энг зўр касб сифатида қараляпти. Ҳамма жойда дастурчилар, соҳа у ерда жуда шиддат билан ривожланди.

Нега биз шуни йўлга қўя олмаймиз? Бизда одам ресурси кўп. Дастурлаш учун жуда катта ақл керакмас, ўрганиш керак, қизиқиш керак. Балки, бу соҳа ҳақида билмайдиган одамлар бордир. Шу суҳбат орқали хабардор бўлишар.

Мен хоҳлардимки, бир фонд очсак, яъни дастурчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича, Ўзбекистонни IT’нинг гигант мамлакатига айлантириш бўйича. Ниятим Google’га ўхшаган IT гигант компаниялар яратиш эмас, аксинча чекка-чекка қишлоқларни ҳам интернет билан таъминлаб бериб, уларни IT’га қизиқтириш ва ривожлантириш. Менда бир вақтлар шундай шароитлар бўлмаган. Бошқалар ҳам шундан қийналмасин дейман.

Фото: «Дарё»

Дастурчилар қанча маош олиши ҳақида

Дастурчиларнинг қанча пул топиши, албатта, унинг соҳани қай даражада ўрганганлигига боғлиқ. Ҳар бир дастурчининг даражаси ҳар хил бўлади, лекин улар ўртача учга бўлинади.

Junior даражасидаги дастурчи соҳасини ўрганган, лекин тажрибаси йўқ, ишламаган. Бу дастурчи ойига 400 доллардан 600 долларгача топиши мумкин.

Мен доим маслаҳат бераман, ишга кириш керак. Тажрибани ошириш керак. Кўпчилик ўйлайди, дастурчилар кўп топади, мен бу паст ойликка бормайман дейди. Бошида пулга қизиқмасликни маслаҳат берган бўлардим. Кўпчилик ўзи пулга қизиқиб бу соҳани танлайди, бу нормал ҳолат. Лекин бошида тажриба йўқ, билимингиз бор, билимни эса қандай ишлатишни билмайсиз. Уйда мустақил ҳолатда тажриба орттириш қийин, ишхонада бирор дастурчи ёнида ўтириб ишлаб, унинг ишларини кўриб тажрибангиз ортиб боради.

Менинг бир шогирдим ҳозир Россияга кетди. Junior босқичида эди у ҳам, Россияда 300 доллар маош берадиган ишга жойлашди. Масалан, 3-4 ой ишлаб, ўзига ишончи ортгандан кейин ойлигини икки-уч баробаргача кўтартириши мумкин.

Middle босқичи, бу ўртача дегани. Бу иш бошлаганининг биринчи йилидан токи 4-5 йилгача шундай даражада бўлади. Мазкур даражадаги дастурчилар ўртача 2000 долларгача олади. Лекин ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқ. Хусусий ташкилотларда, албатта, дастурчи ўзини қониқтирган маошни сўрайди.

Учинчи даража бу Senior дастурчи. Senior дастурчи жуда катта маош олиши мумкин. Бу босқичдаги дастурчилар яхши тажрибага эга бўлишади. Фрилансер бўлиб, уйда эркинликда ишлаши ҳам мумкин. Ўртача 5000 доллар даромад қилишлари мумкин. Кейин Teamlead босқичи ҳам бор, бу асосан ишчиларни бошқариш.

Мен олдинги ишлаган ишхонамда Россияда Senior дастурчи эдим. Кейин Teamlead бўлдим. Дастурчиларга қарардим. Асосан, лойиҳанинг энг қийин жойларини ўзим қилардим, осон жойларини болаларга бўлиб берардим.

Акмал Кадиров суҳбат давомида Россия банкини қандай бузгани, Ўзбекистонда муаммога айланган сочи, интернет тезлиги туфайли ватанга қайта олмагани ҳақида ҳам гапириб берган эди.