Андижон вилояти Балиқчи туманида «Жигули» ҳайдовчиси икки нафар йигитни ўлимига сабабчи бўлди, дея хабар бермоқда ЙҲХББ.

Кадр: ЙҲХББ

Маълум қилинишича, 2020 йил 17 ноябрь куни соат 23:30 ларда Балиқчи тумани «Ўртақўрғон» МФЙдан ўтувчи 4К-112 Мирзақўрғон–Балиқчи–Гўравон автомобиль йўлининг 14-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Унда ҳайдовчи 1980 йилда туғилган Балиқчи тумани «Серқуёш» МФЙда яшовчи Азамат Отахонов ўзининг «ВАЗ-2106» русумидаги автомобилини бошқариб кетаётган вақтда йўлнинг қатнов қисмида кетаётган шу маҳаллада яшовчи 1998 йилда туғилган Абдулҳай Манноповни ҳамда унинг дўсти Қобулжон Умаралини орқа томондан келиб урган.

ЙТҲ оқибатида икки жабрланувчи ҳам тан жароҳати олиб вафот этган. Ҳайдовчи воқеа жойидан яширинган.

Ҳодиса бўйича вилоят ИИБ раҳбарияти туманидан тўсиб ушлаш режаси эълон қилинган. Режага асосан вилоят ИИБ ва туман ички ишлар ходимлари олиб борган суриштирув ишлари натижасида ЙТҲ содир қилган ҳайдовчи топилган.

Ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши очилган.

Ҳодиса келиб чиқиш сабаблари ўрганилганда ЙТҲ содир бўлган ҳудуд тунги чироқлар билан жиҳозланмагани аниқланган. Мутасаддилар яқин кунларда ушбу қатнов қисми ёритиш воситалари билан жиҳозланишини маълум қилган.

Аввалроқ Андижонда чироқлари электрдан қарздорлик сабаб ўчириб қўйилган қоронғи трассадаги ЙТҲ оқибатида икки киши ҳалок бўлгани, Наманганда талабга жавоб бермайдиган автомобиль йўлида содир бўлган ЙТҲ оқибатида пиёда вафот этгани ҳамда Самарқандда Damas уриб кетиши натижасида велосипедчи воқеа жойида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.