Ижтимоий тармоқларда «Келес ‘раддом’идаги ҳолат: нимага ‘раддом’ларда свет йўқ? Туғадиган аёллар нима қилсин? Юқори турувчи мутасаддилар қаерга қарамоқда?» номли видеохабар тарқалди. Видео юзасидан Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси изоҳ берди.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг 20 ноябрь куни соат 15:51 да Тўрақўрғон ИЭСнинг 2 та энергоблоки авариявий тўхтаган. Шу боис мазкур станция орқали энерготизимга етказиб берилаётган қувват 600 мегаваттга камайиб кетган.

Бунинг оқибатида Тошкент шаҳри ва вилояти, Самарқанд, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида автоматик равишда чекловлар киритилган.

Натижада соат 17:00 да «Тошкент тумани электр таъминоти корхонаси»га қарашли автоматлаштирилган «Л-Келес 35 киловатт» тармоғида кучланиш ортиб, симларнинг қизиб кетиши оқибатида тизим электр таъминоти 20 дақиқага автоматик тарзда ўчган. 30 дақиқадан сўнг камчилик бартараф этилиб, электр таъминоти тикланган.

Хусусан, Тошкент тумани марказида, жумладан, акушерлик комплексида ҳам 20 ноябрь куни соат 17:00 да электр таъминотида автоматик тарзда узилиш рўй берган.

Бу вақтда акушерлик комплексида 96 та бемор, 57 та чақалоқ бўлган. Бу вақт ичида туғруқ ёки операциялар ўтказилмаган. Ушбу ҳолат бемор ва чақалоқлар соғлигига салбий таъсир кўрсатмаган. Соат 17:32 да электр таъминоти қайта тикланган.

Ўтган 32 дақиқа давомида туғруқ ҳолатлари ёки бошқа шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатишга эҳтиёж бўлмаганлиги туфайли, акушерлик комплексида электр таъминоти узилган пайтда қўлланиладиган электр токи узатувчи генераторни ишга туширишга эҳтиёж туғилмаган.

Аввалроқ Тўрақўрғон ИЭСда авариявий ўчиш юз бериши оқибатида Наманган вилоятининг аксар ҳудудлари электрсиз қолгани сабабли Тошкент шаҳри ва олти вилоятда электр таъминотида чекловлар киритилган эди. 20 ноябрь куни ИЭСда юзага келган носозлик бартараф этилди.