«Қирғиз жўлу» жамияти раиси Қодирбек Кошалиев Қирғизистон номини ўзгартиришни таклиф қилди, деб хабар берди «24.кг».

Фото: «РИА Новости»

Навбатдаги конституциявий йиғилиш Бишкекда бўлиб ўтмоқда. Кошалиев мамлакат номини конституцияда Қирғиз Халқ Республикаси деб рўйхатдан ўтказишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, янги Конституция қонун лойиҳасида халқ қурултойи концепцияси киритилганига мувофиқ республика халқники бўлиши керак.

«Биз биринчи марта расмий равишда халқ қурултойи институтини Конституцияга киритмоқдамиз. Демократия ва давлат бошқаруви тушунчаси мавжуд. Бугун давлат халқни ўз қўл остига олди. Ҳеч бир мамлакатда халқ бошқаруви йўқ. Бизда эса олигархлар мамлакатни бошқаради.

Бизга халқ таъсирининг дастаги керак. Барча юқори лавозимлар халқ қурултойи тасдиқланиши керак. Шундан сўнггина биз коррупциянинг минимал даражасига эришамиз ва мансабдор шахслар янада масъулиятли бўлади», – деди Қодирбек Кошалиев.

Маълумот учун, Қирғизистонда Жўқорғи Кенешнинг 80 депутати янги Конституция лойиҳасини ва референдум ўтказиш тўғрисидаги қонунни қабул қилиш ташаббуси билан чиққан. Референдумни 10 январда ўтказиш таклиф қилинмоқда. Конституция лойиҳаси парламентнинг расмий веб-сайтида оммавий муҳокама учун тақдим этилди.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда 4 октябрь куни парламент сайлови бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, парламентда депутатлик ўрнига эга бўлиш учун зарур бўлган етти фоизлик довондан тўртта партия ўта олди.

Сайлов натижаларидан норози бўлган минглаб кишилар 5 октябрь куни намойишга чиқди. Намойишлар тартибсизликка айланиб кетди, тартибсизликларда бир неча юз киши жароҳат олди, бир киши вафот этди. Намойишчилар мамлакат парламенти ва президент администрацияси жойлашган бинони эгаллаб олди, шунингдек, мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ва собиқ бош вазир Сапар Исаковни қамоқдан озод қилди. Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 6 октябрь куни парламент сайлови натижаларини ҳақиқий эмас деб топди.

15 октябрь куни Сўронбай Жээнбеков Қирғизистон президентлиги лавозимидан истеъфо берганини эълон қилди. У бош вазир Садир Жапаров ва бошқа сиёсатчилардан ўз тарафдорларини пойтахтдан олиб чиқиб кетишни сўраган ва улардан бишкекликлар тинчлигини бузмасликни илтимос қилган. 16 октябрь куни парламент мажлисида Қонунчилик кенгаши спикери Канат Исаев давлат раҳбарининг вазифаларини вақтинча бажаришни рад этган. Якунда бош вазир Садир Жапаров президент вазифасини бажарувчига айланди.

У мамлакат раҳбари вазифасини бажарувчи ваколатларини 15 ноябрь куни топширди. Қирғизистонда муддатидан олдинги президентлик сайловлари 2021 йилнинг 10 январида бўлиб ўтади.