Хоразм вилояти Урганч шаҳрида бир гуруҳ аёллар «самосуд» уюштириб, бошқа бир аёлни ечинтирди ва жараённи видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатди. Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизмати мазкур видео бўйича баёнот берди.

Хабар берилишича, 2020 йилнинг 22 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Хоразм шевасида сўзлаётган бир гуруҳ аёллар бошқа бир аёл кишини қизлик иффати йўқлигини рўкач қилиб ечинтиргани акс этган видеотасвир тарқалди.

Вилоят ИИБ хабарига кўра, ушбу видеолавҳадаги ҳолат қачон, қаерда содир бўлганлиги ва жараён иштирокчиларининг шахсига аниқлик киритиш мақсадида Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан терговолди текширув ҳаракатлари олиб борилди.

Олиб борилган суруштирув жараёнида мазкур ҳолат 2020 йилнинг 7 октябрь куни Урганч шаҳрида содир бўлганлиги аниқланди.

Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизмати жараён иштирокчиларининг шахси тўлиқ аниқланганини ҳамда тергов манфаатлари ва жабрланувчининг шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминлаш мақсадида иштирокчиларнинг исм-шарифлари ошкор этилмаслигини маълум қилган.

Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида ушбу видеолавҳани ижтимоий тармоқларда тарқатаётган шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳам кўриб чиқилади.