БМТ Хавфсизлик кенгаши 24 ноябрь куни Эфиопиядаги қуролли низога бағишланган норасмий йиғилиш ўтказди. Мамлакатда уч ҳафтадан буён тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Абий Аҳмад раҳбарлигидаги марказий ҳукумат қуролли кучлари Эритрея билан чегарадаги Тиграй минтақасини назорат қилувчи Тиграй озодлик миллий фронти (ТОМФ) отрядларига қарши курашмоқда. Агар низо тезкорлик билан ҳал этилмаса ва катта кўламли фуқаролар урушига айланиб кетса, у минтақа учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Федерал қўшинлар операциясини қўллаб-қувватлаётган Тиграй исёнчилари

Фото: LETA

Тиграй минтақасида ҳокимиятни мухолифат гуруҳи эгаллаб турибди. Бу гуруҳ кўп йиллар давомида Эфиопия ҳукмрон блокига кирган

Сўл радикал Тиграй озодлик миллий фронти 1975—1991 йиллардаги Эфиопия фуқаролар уруши бошида тузилган эди. Марксизм-ленинизм радикал мафкурасига риоя қилувчи гуруҳ ҳарбий хунта ҳокимиятига қарши чиқиб, аҳолисининг 97 фоизи тиграйлар этник гуруҳига мансуб бўлган ўз минтақасининг мустақиллиги учун курашган. 1988 йилда ТОМФ бошқа минтақалардаги сўл гуруҳлар билан Эфиопия халқлари инқилобий-демократик фронти (EХIDF)га бирлашиб, урушда ғолиб чиқди. Ғалабадан кейин ТОМФ ва бошқа гуруҳлар мамлакатни бўлиб олиш ғоясидан воз кечди: Эфиопия ягона давлат сифатида сақланиб қолди, аммо у ерда этник федерализм сиёсати эълон қилинди — минтақалар аҳамиятли даражадаги мухториятга эга бўлди. EХIDF блокининг ўзи ижтимоий йўналишга эга сўл популистик сиёсат олиб борган муттасил ҳукмрон сиёсий бирлашмага айланди.

2018 йилда EХIDF ва ҳукумат раҳбари лавозимини Абий Аҳмад эгаллагандан кейин у аста-секинлик билан этник феодализм сиёсатидан, шунингдек, социалистик ғоялардан узоқлашиб, неолиберализм ва эркин бозорга қараб йўл олишни назарда тутувчи конституциявий ислоҳот ўтказиш ниятини эълон қилди. Биринчи бўлиб, у EХIDFни минтақавий этник партиялар бирлашмасидан умумэфиопия Гуллаб-яшнаш партиясига айлантирди. ТОМФ янги тузилмага қўшилишдан бош тортди ва 27 йил ичида биринчи марта мухолифат томонида қолди. Айни вақтда Тиграйда ҳокимиятни тўлиқ сақлаб қолди (шу жумладан, минтақавий парламентдаги ўринларнинг 100 фоизини ҳам).

Аҳмад ва ТОМФ ўртасидаги очиқ ихтилоф 2020 йил баҳори охирида, коронавирус пандемияси туфайли Эфиопия парламенти ва минтақавий парламентга сайловлар сентябрдан 2021 йилга кўчирилганидан кейин бошланди. ТОМФ Аҳмадни ўз ҳокимияти муддатини ноқонуний йўл билан узайтиришга уринишда айблади ва мамлакат ҳукумати тақиқлаганига қарамай, Тиграй минтақавий парламентига сайловларни аввалдан режалаштирилган муддатда ўтказди. Аҳмад овоз бериш натижаларини тан олишдан бош тортди, шундан кейин ТОМФ , ўз навбатида, федерал ҳукуматни қонуний деб тан олмаслигини, чунки унинг ваколатлари амал қилиш муддати тугаганлигини маълум қилди.

Ҳужумларда ҳукумат армияси артиллериядан фойдаланмоқда. Минглаб маҳаллий аҳоли вакиллари қўшни Суданга қочиб ўтмоқда

4 ноябрь куни Аҳмад ТОМФ ҳарбий қаноти отрядлари федерал армиянинг Тиграй ҳудудида жойлашган ҳарбий объектларига ҳужум қилганини айтди. Бу минтақада фавқулодда ҳолат эълон қилиш учун расмий сабаб бўлиб хизмат қилди, шундан сўнг Аҳмад «мамлакатни ва минтақани ўсиб бораётган беқарорликдан қутқариш» мақсадида Тиграйнинг исёнчи ҳукуматига қарши ҳарбий операция бошланганини маълум қилди.

Жанговар ҳаракатлар чоғида ҳукумат қўшинлари Тиграй ҳудудига тезда чуқур кириб бориб, бир нечта шаҳарларни назорат остига олишга муваффақ бўлди. Операция бошланганидан кейин бир ҳафта ўтиб, ҳукумат ТОМФнинг 550 жангариси ҳалок бўлганини маълум қилди; федерал ҳарбийлар орасидаги талафот ошкор этилмади. Кўплаб туманларда алоқа ва интернет йўқлиги туфайли ҳалок бўлганлар сонини мустақил равишда баҳолаш мушкул. Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти 23 ноябрь куни тинч аҳоли орасидаги «юзлаб қурбонлар ва бундан анча кўпроқ ярадорлар» ҳақида маълумот берди. БМТ маълумотларига кўра, Тиграйнинг 31 минг аҳолиси аллақачон Суданга қочиб ўтган, яқин кунларда бу рақам 200 минггача ошиши кутилмоқда.

Тиграй ҳудудига муваффақиятли тарзда чуқурроқ кириб боргани сари федерал ҳукумат ТОМФ билан ҳеч қандай музокаралар олиб бормоқчи эмаслигини (бир қатор Африка мамлакатлари воситачилик қилиш ташаббуси билан чиққан) ва минтақа раҳбарлари таслим бўлганидан кейин жанговар ҳаракатлар тўхтатилишини билдирди. Эфиопия Ташқи ишлар вазирлиги низонинг фуқаролар уруши эмаслигини, балки конституциявий тартибни сақлаб туриш бўйича операция эканлигини иддао қилди.

22 ноябрь куни федерал қўшинлар Тиграй пойтахти Мекеле шаҳрини қуршовга олди, шундан кейин Аҳмад ТОМФга таслим бўлиш учун 72 соат муҳлат берди, акс ҳолда у 500 минг аҳолига эга шаҳарни эгаллаш учун артиллерия қуролини қўллашга ваъда берди. У тинч аҳолига Мекеледан қочишни таклиф қилди, у армия ҳужум бошласа, «раҳм-шафқат қилиб ўтирмаслиги»ни айтди.

Агар низо чўзилиб кетса, бу нафақат Эфиопия, балки бутун минтақа учун ёмон оқибатларга олиб келади

ТОМФни Тиграй аҳолисининг аксарияти қўллаб-қувватлайди, минтақавий хавфсизлик кучлари эса (уларнинг мавжуд бўлиши Эфиопия қонунларида кўзда тутилган) 250 минг нафаргача одамга умид қила олади. Бундан ташқари, минтақада шимолда жойлашган Эритрея билан уруш давридан қолган жуда кўп қурол бор. Шу сабабли ҳукумат кучлари муваффақиятга эришаётгани ҳақида эълон қилинаётганига қарамай, низо партизанлар уруши сифатида давом этиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Бу глобал гуманитар ҳалокатга олиб келиши мумкин — ҳозирнинг ўзидаёқ 110 миллион аҳолига эга Эфиопияда 7 миллион киши БМТ озиқ-овқат кўмагига боғлиқ бўлиб қолган (шу жумладан, беш миллион аҳолига эга Тиграйда 600 мингдан ортиқ киши). Низо чўзилиб кетган тақдирда, бу рақам кўп марта ортиши мумкин. Миср орқали Жанубий Европага йўл оладиган миллионлаб қочоқлар пайдо бўлади.

Шунингдек, воқеалар салбий тус олса, яқиндагина фуқаролар уруши тугаган Жанубий Судандан қочиб келиб, Эфиопиядан бошпана топган қочоқлар орқага қайтишга мажбур бўлади — бу эса янги миллатлараро низоларга олиб келиши мумкин. Ва ниҳоят, агар Эфиопия ҳукумати ўз мамлакатини тартибга солиш учун Сомалидан тинчликпарварларни чақириб олишига тўғри келса, бу террорчилик гуруҳлари кучайиши ва ҳокимият тепасига келишига сабаб бўлиши мумкин.