Эстониянинг Курессааре шаҳрида жойлашган кийим-кечаклар билан савдо қилувчи дўконда ноодатий товар пайдо бўлди — «Келажакка қайтиб» кинофраншизаси орқали машҳурликка эришган DeLorean DMC-12 автомобили. Серияли спорткар нархи 55 минг еврони ташкил этмоқда, деб хабар беради Motor.

DeLorean Курессааре шаҳридаги Insect номли дўконда сотувга қўйилган. Geenius нашри журналистлари эшиклари юқорига кўтариладиган автомобилга дўконнинг кириш қисмида дуч келган. Бироқ дўкон ходимлари ушбу нусха тарихига оид бирор маълумот бера олмаган.

DMC-12 DeLorean Motor Company’нинг ягона модели бўлиб, 1981—1983 йиллар оралиғида Шимолий Ирландияда ишлаб чиқарилган. Икки йил ичида 8,5 мингдан ортиқ нусха йиғилган. Спорткар Роберт Земекиснинг «Келажакка қайтиб» илмий-фантастик трилогияси сабаб машҳурликка эришган.

Фото: Geenius

Фото: Geenius

Ҳозирда Ирландиядаги автомобилсозлик компаниясига тўғридан-тўғри алоқаси бўлмаган Техасдаги DeLorean Motor Company кичик серияли DМC-12’ни ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Моделни йиғиш ишлари тўғрисида 2016 йилда эълон қилинган, бироқ АҚШ Йўл ҳаракати хавфсизлиги миллий администрацияси талаблари сабаб тўхтаб қолган.

Фото: Geenius

Фото: Geenius

Классик DeLorean’га 132 от кучи ва 207 Нм айланувчи моментга эга 2,85 литрли V6 ўрнатилган. Купе соатига 100 километр тезликка 10,5 сонияда эришади, максимал тезлиги — 177 км/соат.

Аввалроқ АҚШдаги Skipco аукционида «Келажакка қайтиб» фильмидаги De Lorean DMC-12, «Арвоҳлар овчилари»даги Ecto-1, шунингдек, «Бетмобил» нусхалари сотувга қўйилгани тўғрисида хабар берилганди.